Атаходжаева Дилора Рахимджановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда бруцеллёз клиник-иммунологик ҳолатининг ўзига хослиги ва унинг коррекцияси», 14.00.10–Юқумли касалликлар ва 14.00.36–Аллергология ва иммунология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Tib60.
Илмий раҳбарлар: Касимов Илхамджан Асамович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Камалов Зайнитдин Сайфутдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги DSc.27.06.2017.Tib.30.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Ибадова Гулнара Алиевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Шамсутдинова Максуда Илясовна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: болаларда бруцеллёзнинг клиник-иммунологик ҳолати ўзгаришларини аниқлаш ва коррекциялашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор болалар ва ўсмирларда бруцеллёзнинг ўткир ва ярим ўткир клиник шакллари сурункали шаклга ўтиб кетишида ҳужайравий (СD3+, СD4+) имунитет кўрсаткичлари сонининг камайиши ва гуморал (IgA, IgM) иммунитет кўрсаткичлари миқдорининг ортишига боғлиқлиги исботланган;
илк бор болаларда бруцеллезнинг турли клиник шакллари ривожланишида ИФН-γ миқдорининг кескин камайишига боғлиқ ҳолда яллиғланишга хос (IL-1β, IL-6) ва қарши (IL-4, IL-10) цитокинлар миқдори турғунлигининг бузилиши аниқланган;
илк бор бруцеллёз билан оғриган болаларда ичак микрофлорасидаги миқдорий ва сифат ўзгаришлари билан иммун тизимнинг ҳужайравий бўғини (СD3+, СD4+, СD8+ ва СD16+) кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ўртасида ўзаро коррелятив боғлиқлик борлиги исботланган;
илк бор бруцеллёз билан оғриган беморлар ичак микрофлораси таркибида S.aureus ва Candida sp. миқдорининг ортиши цитокинлар миқдорининг камайишига олиб келиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Болаларда бруцеллёзнинг турли шаклларининг ўзига хос клиник-иммунологик ҳолатини ташхислаш ва коррекциялаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Бруцеллёзни даволашда самарадорликни ошириш усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 майдаги 8н-з/79-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома бруцеллёзнинг турли клиник шаклларида беморнинг клиник, биокимёвий, бактериологик ва иммунологик кўрсаткичларини яхшилашга, даволашни такомиллаштириш орқали узоқ муддатли ремиссияга эришишга ва касаллик асоратларини камайтиришга хизмат қилган;
бруцеллёзни турли клиник шаклларида болаларни иммун коррекцияловчи препаратлар билан даволаш бўйича олинган тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари болалар юқумли касалликлари шифохоналари амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 майдаги 8н-з/79-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар касалликнинг барча клиник шаклларида ташхислаш ва даволашни самарадор усулини қўллаш орқали бруцёллез билан оғриган болаларни даволаш самарадорлигини 38,2% оширишга, стационарда даволаниш даврини 2,9 кунга қисқартиришга ва даволашга кетадиган оилавий маблағларни 1,9 марта тежашга имкон яратган.