Косбергенов Нурполат Ниетбаевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси иши ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси: Кам қаватли ёғоч конструкцияли бинолар элементларининг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолати ва мустаҳкамлиги.
Ихтисослик шифри: 05.09.01 – Қурилиш конструкциялари, бино ва иншоотлар.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/T5473.
Илмий раҳбарнинг F.I.Sh., илмий даражаси ва унвони: Раззаков Собиржон Жураевич техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат техника университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Наманган давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.Т.15.04
Расмий оппонентларнинг F.I.Sh., илмий даражаси ва унвони: Рахманов Баходир Кушакович, техника фанлари доктори, дотсент; Ризаев Боходир Шамситдинович, техника фанлари номзоди, дотсент;
Етакчи ташкилот номи: Наманган вилояти “Бунёдкор-3” МЧЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади кам қаватли ёғоч конструкцияли биноларнинг мустаҳкамлигини, зилзилабардошлигини ва кучланганлик–деформацияланганлик ҳолатини назарий ва экспериментал усуллар ёрдамида аниқлашдан иборат.
Диссертация тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ETABS дастурий таъминоти асосида структурали изоляцион панелли (SIP) бино чекли элементлар усули ёрдамида математик моделлаштирилиб, кам қаватли ёғоч конструкция-панелли бинонинг сейсмик таъсир остидаги кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатлари илк бора аниқланган ҳамда динамик тадқиқотлар учун 1:2 масштабдаги турар-жой биносининг реал модели ишлаб чиқилган;
сейсмик шкаладаги 7, 8 ва 9 балл зилзила кучи интенсивлигини берувчи уч компонентли вибромашинанинг дебаланс юкламасини 1/3 нисбатда оширилганда структурали изоляцион панелли (SIP) ёғоч бинонинг максимал зилзила тезланишининг қийматлари 6÷8 % га камайгани, максимал кўчишлар эса 4÷5 % га ортгани динамик синовлар ёрдамида аниқланган ва ҳисоблашларда фойдаланиш учун динамик характеристикаларининг сонли қийматлари аниқланган;
SIP панелли ёғоч биноларнинг турли konstruksion элементларидаги кўндаланг эгилишдаги мустаҳкамлигини аниқлаш мақсадида учта сериядаги ташқи ва ички девор ҳамда пол sathi панеллари экспериментал синалган ва уларнинг мақбул параметрлари асосланган;
сейсмик таъсирларга структурали изоляцион панелли (SIP) ёғоч конструкцияли биноларнинг муҳандислик ҳисоблаш усуллари такомиллаштирилган ҳамда илмий-техник жиҳатдан асосланган Ўзбекистон шароитига мос қурилиш технологияси ишлаб чиқилган.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Кам қаватли ёғоч конструкцияли бинолар элементларининг кучланганлик-деформацияланувчанлик ҳолати ва мустаҳкамлиги” мавзусидаги диссертация иши тадқиқотларидан олинган илмий натижалар асосида:
Структурали изоляцион панелли (SIP) ёғоч конструкцияли биноларнинг илмий-техник жиҳатдан асосланган Ўзбекистон шароитига мос қурилиш технологияси ишлаб чиқилган ва Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани “Мираки” MFY ҳудудида қурилган ўлчами 10,5x11 м бўлган икки қаватли структурали изоляцион панелли (SIP) турар-жой биносини лойиҳалаш ва барпо этишда “ALLAYAR PROEKT” МЧЖ томонидан фойдаланилган (ҚР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 26 февралдаги 03-07/01-520-сон маълумотномаси). Натижада SIP панелли бинолар қурилишида анъанавий ғиштли биноларга нисбатан 15÷20 % гача иқтисодий самарадорликка эришилган;
SIP панелли ёғоч биноларнинг турли konstruksion элементларидаги юк кўтаришдаги мустаҳкамлигини аниқлаш мақсадида учта сериядаги ташқи ва ички девор ҳамда пол sathi панеллари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, “Қурилиш материаллари” илмий-тадқиқот лабораториясида синовдан ўтказилган ва олинган натижалар “BAXIT ҚУРИЛИС” МЧЖ томонидан фойдаланилган (ҚР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 26 февралдаги 03-07/01-520-сон маълумотномаси). Натижада ташқи девор панелларининг мустаҳкамлиги ички девор панелларига нисбатан 30% га, пол панеллариники эса ташқи девор панелларидан 24% га юқори эканлиги аниқланган ҳамда республикамизнинг ўзгарувчан иқлим шароитига мос келадиган энергия тежамкор, экологик тоза ва енгил ёғоч конструкцияли икки қаватли турар-жой биносининг модели яратилган;
Сейсмик таъсирларга структурали изоляцион панелли (SIP) ёғоч конструкцияли биноларнинг муҳандислик ҳисоблаш усуллари такомиллаштирилган ва “BAXIT ҚУРИЛИС” МЧЖ нинг лойиҳалаш ишларида фойдаланилган (ҚР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 26 февралдаги 03-07/01-520-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳалаш ва ҳисоблаш жараёнларига сарфланадиган меҳнат сарфи вақтини 12 % гача тежалишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish