Камолова Ирода Одилбековнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): Авиация титан қотишмаларига механик ишлов бериш жараёнининг самарадорлигини кесиш ҳароратини баҳолаш орқали теҳнологик режимлар танлаб ошириш, 05.02.08 – Учиш аппаратларини лойиҳалаш, уларнинг конструксияси, ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва ер усти мажмуалари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2026.1.PhD/T6472
Илмий раҳбар: Сайдахмедов Равшан Халходжаевич, теҳника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги PhD.10/2025.27.12.T.01.07 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар:  Бахадиров Қудратхон Ғайратович, техника фанлари доктори, доцент; Акбаров Хатам Улмасалиевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: авиация титан қотишмаларига механик ишлов бериш жараёнида кесиш ҳароратини баҳолаш асосида мақбул технологик режимларни танлаш ва ишлов бериш самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
анъанавий жадвалий параметрларга асосланган усуллардан фарқли равишда, кесиш зонасининг иссиқлик ҳолати динамикасини ҳисобга олувчи ҳарорат мезони асосида титан қотишмалари учун кесиш режимларини танлаш ёндашуви ишлаб чиқилган; 
авиация титан қотишмаларига механик ишлов беришда кесиш ҳароратининг ишлов бериш унумдорлиги ва кесувчи асбоб турғунлигига таъсир қонуниятлари аниқланган ҳамда кесиш ҳарорати, ишлов бериш унумдорлиги ва кесувчи асбоб турғунлиги ўртасидаги ўзаро боғлиқлик асосида кесиш тезлигининг 90-103 м/мин ва кесиш зонасидаги ҳароратнинг 730-750 °C оралиғидаги қийматларини таъминловчи рационал кесиш режими асосланган; 
ВТ6 титан қотишмасини ВК8 қаттиқ қотишмали асбоб билан йўнишда биринчи марта ВТ6–ВК8 терможуфтининг индивидуал калибровкаси асосидаги табиий терможуфт усули ёрдамида кесиш ҳароратининг кесиш тезлигига экспериментал даражали боғлиқлиги олинган: Θ(В)=38,97·В0,6325; ушбу боғлиқлик суриш С = 0,05 мм/айл ва кесиш чуқурлиги т = 1,0 мм доимий қийматларида аниқланган;
кесиш ҳарорати, кесиш тезлиги ва асбоб ейилиш механизмлари ўртасидаги боғлиқлик аниқланиб, турли устувор ейилиш механизмларига эга (адгезион, диффузион) ҳарорат-тезлик зоналари ажратилган; 
кесиш жараёнида ҳарорат динамикасининг турли қонуниятлари аниқланган: юқори тезликларда (н=800 айл/мин) қиринди орқали самарали иссиқлик чиқиши сабабли ҳарорат барқарорлашган, паст тезликларда (н=315–500 айл/мин) эса кесиш зонасида иссиқлик тўпланиши туфайли ҳарорат монотон ўсиши кузатилган; 
титан қотишмаларини юқори кесиш тезликларида (В≥60 м/мин) ишлов беришда А.Н. Резников аналитик усулининг қўлланиш чегаралари ва унинг қиринди ҳосил бўлиш параметрларига сезгирлиги кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Авиация титан қотишмаларига механик ишлов бериш самарадорлигини кесиш ҳароратини баҳолаш асосида технологик режимларни танлаш орқали ошириш бўйича олинган натижалар асосида:
авиация титан қотишмаларига токарлик ишлов беришда кесиш ҳароратини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган рационал кесиш режимлари “Тошкент механика заводи” АЖ ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 14-майдаги 4/Э631-сон маълумотномаси). Натижада ВТ6 титан қотишмасидан тайёрланган деталларга токарлик ишлови беришда кесиш ҳароратининг кесувчи асбоб ейилиши ва ишлов берилган юза сифатига таъсирини ҳисобга олган ҳолда рационал технологик режимлардан фойдаланиш, ишлов бериш унумдорлигини ошириш, кесувчи асбоб ейилишини камайтириш ва ишлов бериш вақтини қисқартириш имконияти яратилган;
авиация титан қотишмаларидан тайёрланган деталларга механик ишлов беришда ҳарорат омилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган рационал кесиш режимлари “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 14-майдаги 4/Э631-сон маълумотномаси). Натижада ВТ6 титан қотишмасига ВК8 қаттиқ қотишмали кесувчи асбоб билан якуний токарлик ишлови беришда рационал кесиш режимларидан фойдаланиш орқали ишлов бериш унумдорлигини ошириш, меҳнат сиғимини камайтириш, кесувчи асбобнинг хизмат муддатини узайтириш, асбоб сарфини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш имконияти яратилган.
 

Yangiliklarga obuna bo‘lish