Хакимбаева Озода Каландаровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Инглиз ва ўзбек тилларида агронимларнинг лингвомаданий ва аксиологик хусусиятлари”, 10.00.13 – Қиёсий ва чоғиштирма тилшунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/Fil6314.
Илмий раҳбар: Маджидова Раъно Уришевна, филология фанлари доктори (DSc), профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/27.12.2025.Fil.01.11.
Расмий оппонентлар: Садуллаева Нилуфар Азимовна, филология фанлари доктори, профессор; Худойберганова Дурдона, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларида агронимларнинг лингвомаданий ва аксиологик хусусиятларини очиб бериш ҳамда уларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
инглиз ва ўзбек тилларидаги агронимларнинг лексик-тематик таснифи (шахс номи, географик жойлашув, флора-фауна, эстетик-образли, иқтисодий-техник ва қадриятлар билан боғлиқ номлар) асосида уларнинг макро- (фермер хўжалиги, боғ, бозор, тепалик, дала-майдон) ва микрогуруҳлари (антропонимик, флора-фауна, географик ва б.) очиб берилган;
инглиз ва ўзбек агронимларининг миллий-маданий мотивацияси ва миқдор кўрсаткичлари асосида инглиз тилида эстетик-экологик ва техник-иқтисодий маданий кодларнинг устунлиги (агротуризм ва эко-номларнинг тизимли фаоллашуви), ўзбек тилида анъанавий қадриятлар (барака, ҳалоллик, муқаддаслик) сақланган ҳолда, соҳанинг саноатлашуви натижасида янги иқтисодий мотивлар жорийланиши далилланган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги агронимларнинг аксиологик мазмунини моделлаш орқали уларнинг қадриятлар тизими инглиз тилида ер – мулк – индивидуал масъулият – барқарорлик модели, ўзбек тилида ер – меҳнат – барака – фаровонлик модели асосида шаклланганлиги исботланган;
чоғиштирилаётган тиллар агронимларида акс этган қадриятларни аксиологик таҳлил қилиш орқали уларнинг ижобий баҳоловчи хусусияти устуворлиги (салбий баҳо деярли учрамаслиги) ва инглиз тилида меҳнат, мулкчилик, тинчлик, муқаддаслик; ўзбек тилида эса меҳнат, барака, оила, тинчлик, эътиқод каби ядровий қадриятлар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Инглиз ва ўзбек тилларида агронимларнинг лингвомаданий ва аксиологик хусусиятлари” тадқиқоти юзасидан эришилган илмий натижалари асосида: 
инглиз ва ўзбек тилларидаги агронимларнинг лексик-тематик таснифи (шахс номи, географик жойлашув, флора-фауна, эстетик-образли, иқтисодий-техник ва қадриятлар билан боғлиқ номлар) асосида уларнинг макро- (фермер хўжалиги, боғ, бозор, тепалик, дала-майдон) ва микрогуруҳлари (антропонимик, флора-фауна, географик ва б.) очиб берилганлиги, ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2020-2022-йилларда бажарилган ФЗ-2019062034 рақамли “Хорижий тилларда сўзлашувчилар учун ўзбек тилини интенсив ўргатувчи мултимедиа маҳсулотларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасида фойдаланилган(Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2025-йил 11-июндаги №24/413-сон маълумотномаси). Натижада, лойиҳа доирасида “Ўзбекча-инглизча-русча лингвистик терминлар изоҳли луғати”ни тузишда ҳам қўлланилиб, аграр номларнинг илмий изоҳи ва таржима эквивалентларини ишлаб чиқишда методик асос вазифасини бажаради. Шу билан бирга, хорижий аудитория учун тушунарли, тизимли ва илмий асосланган ўқув материаллари яратилишига эришилди.
инглиз ва ўзбек агронимларининг миллий-маданий мотивацияси ва миқдор кўрсаткичлари асосида инглиз тилида эстетик-экологик ва техник-иқтисодий маданий кодларнинг устунлиги (агротуризм ва эко-номларнинг тизимли фаоллашуви), ўзбек тилида анъанавий қадриятлар (барака, ҳалоллик, муқаддаслик) сақланган ҳолда, соҳанинг саноатлашуви натижасида янги иқтисодий мотивлар жорийланиши ҳамда инглиз ва ўзбек тилларидаги агронимларнинг аксиологик мазмунини моделлаш орқали уларнинг қадриятлар тизими инглиз тилида ер – мулк – индивидуал масъулият – барқарорлик модели, ўзбек тилида ер – меҳнат – барака – фаровонлик модели асосида шаклланганлиги хусусидаги хулосалардан Эрасмус+ дастурининг Прожеcт № 598340-ЭПП-1-2018-1-ES-EPPKA2-CBHE-JP University Cooperation Framework for Knowledge Transfer in Central Asia and China (UNICAC) грант лойиҳасида фойдаланилди (Ўзбекистон Миллий университетининг 2026-йил 26-февралдаги №04/11-6448-сон маълумотномаси). Натижада, агронимларни лингвомаданий талқин қилишда, чоғиштирма ономастик тадқиқотларда ҳамда магистратура босқичида ўқитиладиган махсус курс ва ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқишда амалий манба сифатида фойдаланилди;
чоғиштирилаётган тиллар агронимларида акс этган қадриятларни аксиологик таҳлил қилиш орқали уларнинг ижобий баҳоловчи хусусияти устуворлиги (салбий баҳо деярли учрамаслиги) ва инглиз тилида меҳнат, мулкчилик, тинчлик, муқаддаслик; ўзбек тилида эса меҳнат, барака, оила, тинчлик, эътиқод каби ядровий қадриятлар аниқланиб таҳлил қилинганлиги ҳақидаги материаллардан Ўзбекистондавлат жаҳон тиллари университетида давлат илмий-техник дастурлар доирасида 2021-2022 йилларда бажарилган АЛ-412104512 рақамли “Ўзбекистоннинг географик объектлари учун кўп тилдаги электрон луғат яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада кенг фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2025-йил 17-апрел 04-01/1856-сонли маълумотномаси). Натижада ушбу диссертацион ишда тадқиқ этилган инглиз ва ўзбек тилларидаги агроним номлардан ташкил топган электрон луғат банки лойиҳа материалларининг бойишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish