Турсунбоева Шоҳзода Кенжабой қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ҳозирги ўзбек насрида ўлим ва барҳаётлик муаммосининг бадиий талқинлари”, 10.00.14 – ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.4.PhD/Fil5535.
лмий раҳбар: Ҳамроқулова Хуршида Кувватовна, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.01.12.
Расмий оппонентлар: Расулова Умида Йўлдош қизи, филология фанлари доктори, профессор; Бурханова Феруза Абдураззоқовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ҳозирги ўзбек насрида, хусусан, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Шерзод Комил Халил ва Баҳодир Абдураззоқ асарларида ўлим ва барҳаётлик муаммосининг фалсафий-бадиий талқинлари ҳамда поэтик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
дунёқараш шаклларида ўлим ва барҳаётлик тушунчаларининг ифодаланишидаги ёндашувлар мифологик, диний, фалсафий ва илмий жиҳатдан таҳлил қилиниб, шу асосда бадиий тафаккур тараққиётида танатологик мотивларнинг шаклланиши ва ўзгариш жараёнлари, хусусан, мифология ва халқ оғзаки ижодида ўлим ҳаётнинг узвий қисми, мумтоз ўзбек адабиётида ўлим исломий-фалсафий мазмунда талқин этилган ҳолда, ХХ аср ўзбек адабиётида эса ўлим ижтимоий ва идеологик мазмун касб этиб, жадид адабиётида уйғониш, уруш даври адабиётида қаҳрамонлик, кейинчалик эса миллий руҳий инқироз рамзига айлангани аниқланган;
барҳаётлик муаммосининг турли тарихий даврлар ва адабий йўналишларда мавжуд бўлган жисмоний, руҳий, маънавий каби талқинлари ҳамда уларнинг функсионал аҳамияти, хусусан, мифологияда абадийлик лаънат сифатида кўрилгани, санъат ва ижод орқали рамзий барҳаётлик ижобий қадрият сифатида юзага чиқиши, замонавий адабиётда эса технологик барҳаётлик ғояси ҳам пайдо бўлгани ва бадиий асарларда жисмоний барҳаётлик бесамар ва маъносиз мавжудлик сифатида талқин қилингани исботланган;
ҳозирги ўзбек насрида ҳаёт ва ўлим чегарасининг ифодаланиши танатологик моделлар орқали таҳлил қилинди. Бадиий асарда ҳаёт кўпинча реалистик, ўлим эса рамзий-эстетик шаклларда – метафора, символ, алегория орқали ифодаланиши, бу нисбат давр, жанр ва поэтик вазифага кўра ўзгариши, хусусан, замонавий ўзбек насрида ушбу ёндашувларнинг мураккаб синтези орқали дистопик асарлар, маргинализм ва некросиёсатнинг бадиий ифодаси кузатилиши далилланган;
Назар Эшонқул ижодида ҳаёт тимсоллари боғ, дарахт, сурат, иморат, китоб, кема каби шаклларда кўрсатилгани ва мавжудлик фалсафасининг А.Шопенгауэр пессимизми, “туғилмаслик ғояси” ҳамда “илк гуноҳ” ҳақидаги диний-мифологик тасаввурлар билан боғлиқлиги таҳлил қилиниб, Тобут, лаҳад, шаҳар ва майдон, уй, саҳна каби танатологик мотивларнинг кўлами, мазмуни ҳамда эстетик функсияси асосланган.
    IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ҳозирги ўзбек насрида ўлим ва барҳаётлик муаммосининг бадиий талқинларига оид олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
ҳозирги ўзбек насрида ўлим ва барҳаётлик муаммосининг фалсафий-бадиий талқинлари, типологик хусусиятлари ҳамда бадиий ифодаланиш усулларини тадқиқ этиш асосида олинган илмий хулосалардан ҳаёт ва ўлим ҳақидаги фалсафий қарашларни, инсон руҳияти билан боғлиқ бадиий талқинларни ёритишда, замонавий адабий жараёнларни таҳлил қилишда ҳамда ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган маънавий-маърифий фаолиятда фойдаланилган (Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг 2025-йил 19-ноябрдаги 01-03/423-сон маълумотномаси). Натижада ўлим ва барҳаётлик тушунчаларининг тарихий-бадиий талқинига оид хулосалар ижодкорларга танатологик мотивларнинг тараққиёт босқичларини ҳамда ҳаёт ва ўлим консепсияларини бадиий-фалсафий асосда талқин этишга хизмат қилди
барҳаётлик муаммосининг турли тарихий даврлар ва адабий йўналишлардаги жисмоний, руҳий ва маънавий талқинлари ҳамда уларнинг функсионал хусусиятларига оид ишлаб чиқилган назарий хулосалардан “Ўлим лабиринти” китобини кенг жамоатчилик ва адабиёт ихлосмандлари орасида тарғиб этиш жараёнида самарали фойдаланилди. Хусусан, 2024-йил 31-октабрда Тошкент амалий фанлар университетида ўтказилган китоб тақдимотида тадқиқотчининг маърузасида мифологик, эстетик ва замонавий бадиий тафаккурда барҳаётлик консепсиясининг эволюцияси ҳамда унинг асар мазмунидаги фалсафий талқини илмий асосда ёритилди (“Янги аср авлоди” нашриётининг 2026-йил 2-февралдаги 03-сонли маълумотномаси). Натижада китобхонларда барҳаётлик ғоясининг бадиий-фалсафий моҳияти юзасидан илмий-эстетик тасаввур шаклланиб, асарнинг мазмунини чуқурроқ англаш ва унга бўлган қизиқишнинг ортишига хизмат қилди.    
постколониал ёндашув, маргинализм ва ўлим сиёсати ҳодисаларининг адабий тафаккуридаги бадиий ифодаси, мустамлака даврининг инсон ҳаёти ва ўлимига кўрсатган таъсири ҳақида маълумотлардан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2023-2025-йилларда бажарилган ИЛ-27-4722022413-сонли “Қиёсий адабиётшунослик” фанининг “Компаративистика” электрон платформасини яратиш мавзусидаги инновацион лойиҳаси доирасида фойдаланилган ( Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2025-йил 4-декабрдаги 04-04-1/6848-сонли маълумотномаси). Натижада платформа некросиёсат ва маргинализм ҳақидаги маълумотлар билан бойитилган.
ўзбек насрида ўлим ва барҳаётлик масаласининг консептуал ёритилиши, шахс ва жамият ўртасидаги зиддиятларнинг фалсафий талқини, уруш одамлари образининг бадиий кўринишлари мавзусида нашр этилган мақолаларидан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПФ-201912258-рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” номли амалий лойиҳасида фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025 - йил 4-декабр  04/1-5823-сонли маълумотномаси). Натижада мазкур илмий хулосалар лойиҳанинг назарий-методик базасини шакллантиришда манбалардан бири бўлиб хизмат қилган.
 

Yangiliklarga obuna bo‘lish