Раҳматова Гулмира Насилло қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармогʻи номи): “Нунофелтинг техникаси асосида ипак ва жун толали матодан болалар уст кийимини ишлаб чиқиш”, 05.06.04 – “Тикувчилик буюмлари технологияси ва костюм дизайни” (техника фанлари).
Диссертасия мавзуси роʻйхатга олинган рақам: № B2025.2.PhD/Т5718
Илмий раҳбар: Ихтиярова Гулнора Акмаловна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат техника университети.
ИК фаолият коʻрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Жиззах политехника институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.03/2025.27.12.Т.20.01 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: техника фанлари доктори, профессор Расулова Мастура Кабиловна, техника фанлари фалсафа доктори Орзиқулова Гавҳархон Султонмурод қизи.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат техника университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Нунофелтинг техникаси асосида ипак мато ва маҳаллий қўй жуни толаларидан юқори мустаҳкамлик ҳамда иссиқлик сақлаш хусусиятларига эга композит материаллар яратиш, болаларнинг эргономик ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда устки кийимларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришнинг самарали конструктив-технологик параметрларини ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
нунофелтинг техникаси асосида маҳаллий қўй жуни толаларини ипак мато билан бириктириш жараёнида толаларнинг ўзаро илашиши ва зичлашиш хусусиятлари тадқиқ қилиниб, юқори мустаҳкамликка эга янги композит нотўқима материалларни ҳосил қилишнинг технологик жараёни илмий жиҳатдан асосланган;
маҳаллий қўй жуни толалари ва ипак матонинг турли нисбатларда бирикишидан ҳосил қилинган нотўқима материалларнинг физик-механик хусусиятлари тадқиқ қилиниб, уларнинг мустаҳкамлик кўрсаткичларига технологик омилларнинг таъсири регрессия тенгламалари асосида аниқланган;
нунофелтинг техникаси асосида тайёрланган болалар уст кийимларини конструксиялашда болалар эргономик ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда, енг ўмизи ва енг бошига бериладиган қўшимчаларнинг оптимал қийматлари статистик ишлов берган ҳолда аниқланган;
маҳаллий қўй жуни толалари ва ипак матодан нунофелтинг техникаси асосида болалар устки кийимларини тайёрлаш жараёни тадқиқ қилиниб, кийим деталларининг конструктив-технологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, технологик қирқимларнинг векторли графика асосидаги ечимлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Нунофелтинг техникаси ёрдамида тайёрланган матодан ўғил ва қиз болалар учун устки кийимларини тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
нунофелтинг техникаси асосида маҳаллий қўй жуни толалари ва ипак матодан тайёрланган композит материаллардан қиз болалар учун иссиқликни сақловчи устки кийим ишлаб чиқариш технологияси «Унитех» МЧЖ корхонасига жорий этилган («Ўзтўқимачилик» уюшмасининг 02/06-2939-сон маълумотномаси). Натижада маҳаллий табиий толалардан самарали фойдаланиш, болалар устки кийимларининг конструктив-технологик хусусиятларини яхшилаш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини 18 фоизга ошириш имконияти яратилган;
маҳаллий қўй жуни толалари ва ипак матодан нунофелтинг техникаси асосида болалар устки кийимларини тайёрлашнинг такомиллаштирилган технологияси «Эквоториал фоотwеар» МЧЖ ишлаб чиқариш корхонасига жорий этилган («Ўзтўқимачилик» уюшмасининг 02/06-2939-сон маълумотномаси). Натижада болалар устки кийимларини тайёрлаш жараёнида конструктив-технологик ечимлардан фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқариш самарадорлигини 23 фоизга ошириш имконияти яратилган.