Sayt test rejimida ishlamoqda

Раббимова Гулнора Тоштемировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Генитал инфекцияси бўлган ҳомиладорларда ташхислаш, башоратлаш ва асоратларни даволаш», 14.00.01–Акушерлик ва гинекология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Tib236.
Илмий раҳбар: Негмаджанов Баходур Болтаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти DSc.27.06.2017.Tib.29.01.
Расмий оппонентлар: Каттаходжаева Махмуда Хамдамовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Каримова Феруза Джавдатовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент тиббиёт академияси.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: генитал инфекцияси бўлган ҳомиладорларда ташхислаш, башоратлаш ва асоратларни даволаш усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор қин ва бачадон бўйинчаси ажралмаларида турли микроорганизмларнинг ўзига хос маркерлари (таксонлари) миқдори аёлларда ҳомила тушиш хавфи ривожланишига боғлиқ ортиши аниқланган;
илк бор юрак ритми вариабеллиги кўрсаткичлари (VLF, LF, HF) ўзгаришлари генитал инфекцияли ҳомиладорлик кечиши оғирлашувига тўғри пропорционал боғлиқлиги исботланган;
генитал инфекцияли аёлларда ҳомила тушиш хавфининг ривожланиши антиоксидант тизими (каталаза) кўрсаткичлари пасайиши ва эндоген интоксикация (МДА, МСМ, КУБ) кўрсаткичлари ортиши билан боғлиқлиги исботлаган;
генитал инфекцияли ҳомиладорларда эндоген интоксикация ва юрак ритми вариабеллиги кўрсаткичлари ўзгаришлари асосида ҳомила тушиш хавфини такомиллаштирилган башоратлаш индекслари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Генитал инфекцияси бўлган ҳомиладорларда ташхислаш, башоратлаш ва асоратларни даволаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Инфекция хавф гуруҳи хомиладорларида эндотоксикозни коррекциялаш йўллари» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 23 мартдаги 8н-д/54-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма инфекция хавф гуруҳи ҳомиладорларида эндотоксикозни клиник-биокимёвий ўзгаришларни аниқлаш, ташхислаш, касаллик кечишини башорат қилиш ва ўз вақтида даволаш чора-тадбирларини қўллашга хизмат қилган;
«Ҳомиладорларда юрак ритми вариабеллиги меъёрда ва патологияда» услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 2018 йил 23 мартдаги 8н-д/54-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма ҳомиладорларда юрак ритми вариабеллиги аниқлаш орқали организмининг мослашув имкониятларини баҳолаш ҳамда улардаги яширин бузилишларни аниқлаш, касаллик ривожланишива келиб чиқадиган асоратларини олдини олишга хизмат қилган;
генитал инфекцияли ҳомиладорларда ташхислаш, прогнозлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалари соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, Самарқанд шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуаси ва Самарқанд вилояти Ургут тумани тиббий бошқармаси туғруқ мажмуаси амалиётларига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 3 майдаги 8н-з/62-сон хулосаси). Жорий қилинган натижалар генитал инфекцияли ҳомиладорларда юрак ритми вариабеллиги, эндоген интоксикация кўрсаткичлари асосида башоратлаш мезонларни қўллаш тиббий ёрдам сифатини оширишга, асоратлар ривожланиш хавфини камайтиришга, фито-пробиотик даволашни қўллаш туғруқдан олдин ва кейинги яллиғланиш асоратларининг олдини олишга имконият яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish