Шамшетдинова Дилафруза Исмайиловнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “1960-1980-йилларда Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Tar1958.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Сейдаметова Гулнара Утарбаевна, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий Кенгаш рақами: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Tar.04.04.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Нуржанов Сабит Узақбаевич, тарих фанлари доктори (DSc), профессор;
Бекимбетов Бахадир Мирзабаевич, тарих фанлари номзоди, доцент
Етакчи ташкилот номи: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. 1960-1980-йилларда Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолиси кундалик ҳаётининг трансформациясини ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
1960-1980-йилларда қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти умумий сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий жараёнлар таъсирида кечгани, уларнинг аграр соҳага таъсири эса икки хил аҳамият касб этгани аниқланди. Бир томондан, қишлоқларда қурилиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиб, турмуш даражаси яхшиланиши кўзга ташланди. Бошқа томондан эса, мафкуравий андозалар одамлар онги ва хулқ-атворига доимий тазйиқ ўтказиб, ўз доирасидан чиқишга йўл қўймади.
Қишлоқ аҳолисига маиший хизмат кўрсатиш соҳасида таъмирлаш устахоналари, якка тартибдаги тикувчилик ателелари, сартарошхоналар ва бошқа сервис муассасалари каби кўрсатиладиган хизматлар доирасининг кенгайишида намоён бўлан ўзгаришлар рўй бергани аниқланди. Бироқ, бу ижобий силжишларга қарамай, мазкур таркибий ўзгаришлар шаҳар билан маиший хизмат кўрсатиш даражасидаги жиддий тафовутни бартараф этишни таъминлай олмади. Бундай ортда қолиш ихтисослаштирилган бинолар ва технологик жиҳозлар, шунингдек, малакали кадрлар етишмаслиги билан изоҳланади.
1960-1980-йиллар давомида Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолисининг овқатланиш амалиётининг ўзгариши нафақат рацион таркибининг ўзгариши, балки янги озиқ-овқат экинлари (картошка, помидор, бақлажон, булғор қалампири ва б.) ҳамда технологиялар (гўштқиймалагич, мантиқасқон)нинг фаол жорий этилиши билан ҳам тавсифланиши исботланди. Бу жараён овқатланиш таркибининг босқичма-босқич бойишига, манти, кукси, беляши, борш каби турли хил таомлар ва пазандалик усулларининг пайдо бўлишига замин яратди.
Қишлоқ маданият муассасалари тармоғининг, хусусан халқ университетлари, клублар, кутубхоналар ва кинотеатрларнинг ривожланиши, шунингдек радио ва телевидениенинг кенг тарқалиши қишлоқ аҳолисининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга катта ҳисса қўшганлиги асосланди. Бироқ, шуни таъкидлаш лозимки, маданий-маърифий фаолият аҳолига социалистик қадриятлар ва маданиятни шакллантириш ҳамда сингдиришга йўналтирилган яққол мафкуравий йўналишга эга эди.
Тадқиқотнинг амалий натижалари. 1960-1980-йилларда Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаётини ўрганишнинг амалий натижалари совет даврида минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўзгаришини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради. Тадқиқот уй хўжаликлари таркибини, шунингдек, ушбу жараёнларга давлат сиёсатининг таъсирини қайта кўриб чиқиш имконини беради. Кундалик ҳаёт таҳлили модернизация жараёнлари ва уларнинг маҳаллий аҳоли фаровонлигига кўрсатган таъсирини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш имкониятини яратади.
Тадқиқотнинг амалий натижалари Қорақалпоғистон тарихи ва маданиятига бағишланган музей экспозицияларини, таълим дастурларини ва илмий-оммабоп нашрларни ишлаб чиқишда қўлланилиши мумкин. Бу эса академик билимларни кенг аудиторияга етказиш имконини беради, натижада ушбу ноёб ҳудуднинг ўтмиши ва ҳозирги куни ҳақида тўлиқроқ ва холисроқ тасаввур шаклланишига кўмаклашади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти шунда намоён бўладики, олинган натижалар 1960-1980-йиллардаги қишлоқ кундалик ҳаёти масалаларида назарий ёндашувларни такомиллаштиришга хизмат қилади, шунингдек, қишлоқ кундалик турмуш тарзини ўрганиш соҳасидаги кейинги изланишлар учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Олинган илмий хулосалар ва амалий тавсияларга асосланиб, 1960-1980-йилларда қишлоқ кундалик ҳаётини ўрганишнинг айрим жиҳатлари қуйидаги муассасаларда жорий қилинди:
Аграр ислоҳотларни, хусусан, колхозларни йириклаштириш, янги технологияларни жорий этиш, пахта яккаҳокимлигига ихтисослашиш, шунингдек, уларнинг миграция жараёнларига таъсири ва қишлоқ ҳаётининг анъанавий турмуш тарзини қайта қуриш каби масалаларни ёритувчи тадқиқот натижаларидан Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг аграр секторни ривожлантиришга оид материалларини тайёрлашда ҳамда аграр сиёсатнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини таҳлил қилишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 27-мартдаги 01/06-1205-сонли маълумотномаси). Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва соҳани модернизация қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берган;
Ўрганилаётган даврда қишлоқларда маиший хизмат кўрсатиш соҳаси жиддий ўзгаришларга юз тутгани, хусусан, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати кенгайиб, таъмирлаш устахоналари, тикувчилик ателелари, сартарошхоналар каби янги корхоналар пайдо бўлгани ва бу ўзгаришлар қишлоқ аҳолиси турмуш сифатини оширишга хизмат қилгани ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан аҳолининг ижтимоий фаоллигини яхшилашга қаратилган дастурларни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг 2026-йил 18-апрелдаги 04-02/865-сон маълумотномаси). Бу, ўз навбатида, маҳалла институтларини такомиллаштиришга йўналтирилган дастурларни бойитишга – маданий-маърифий ишларнинг янги тематик форматларини ишлаб чиқиш ҳамда маданият муассасалари ва маҳалла тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга имкон берган;
1960-1980-йилларда Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолисининг рациони ўзгариши, шунингдек, янги озиқ-овқат экинлари ва технологияларининг фаол жорий этилиши билан кечган овқатланиш амалиёти трансформациясини ёритувчи тадқиқот натижаларидан Қорақалпоғистон телерадиоканалининг “Ҳáзирети дийхан” ҳамда “Кúнниń темасı” телекўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясининг “Қорақалпоғистон Республикаси телерадиоканали” ДМнинг 2026-йил 1-апрелдаги 05-22/164-сонли маълумотномаси). Ушбу материалларнинг кўрсатувга киритилиши томошабинларнинг қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти ва овқатланиш одатлари ҳақидаги хабардорлигини оширишга хизмат қилган;
Қишлоқ маданият муассасалари, жумладан, халқ университетлари, клублар, кутубхоналар ва кинотеатрлар тармоғининг ривожланиши, шунингдек, радио ва телевидениенинг оммалашуви қишлоқ аҳолисининг бўш вақтини сезиларли даражада бойитгани ҳақидаги хулосалардан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятига доир илмий-таҳлилий маълумотларни тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2026-йил 25-мартдаги 01-03/638-сонли маълумотномаси). Бу маълумотлар маданий-ҳордиқ ишларидаги ижобий тажрибани аниқлашга, шунингдек, аҳолининг бўш вақти сифатини ошириш ва уларни ижодий фаолиятга жалб этишга йўналтирилган замонавий маданий дастур ва лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда долзарблаштиришда ундан фойдаланишга хизмат қилган.