Исматуллаева Азизахон Асқаржон қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мойли зиғирнинг янги навлари ҳосилдорлигига экиш муддати ва меъёрларининг таъсири”, 06.01.08-Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Qx1632
Илмий раҳбар: Юлдашева Зулфия Камаловна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Махматмуродов Алишер Улмасович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Орипов Шерали Холбоевич, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тошкент вилоятининг суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида мойли зиғир навларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда эрта баҳорги асосий ва такрорий экин муддатларида мақбул экиш меъёрларини аниқлаш ва ишлаб чиқаришга тавсиялар беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Илк бор Тошкент вилоятининг суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида мойли зиғирнинг маҳаллий (Баҳорикор) ва интродуксия қилинган (Флиз, Даник, Бирюза, РФН) навларининг эрта баҳорда - асосий ҳамда ёзда - такрорий экин сифатидаги морфо-биологик хусусиятлари ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини қиёсий ўрганиш асосида юқори ҳосил олишни таъминловчи мақбул экиш меъёрлари аниқланган ва илмий асосланган;
асосий (эрта баҳорда) ва такрорий (ёзда) экиш муддатларида мойли зиғир уруғиларнинг дала унувчанлиги барча навларда 4,0 ва 6,0 млн.дона/га экиш меъёрларига нисбатан 5,0 млн.дона/га меъёрда экилган вариантда юқори бўлганлиги, назорат - Баҳорикор навига нисбатан Бирюза ва Флиз навларида дала унувчанлиги баҳорда - 2,2 ва 2,0%га, ёзда – 2,1 ва 2,0% га ҳамда ўсув даври охирида кўчатларнинг сақланиб қолиши баҳорда - 1,2 ва 1,3%га, ёзда - 1,8 ва 1,3%га юқори бўлиб, баҳорда 3-4 кунга, ёзда 2-3 кунга эртароқ пишиб етилган ҳолда Даник ва РФН навларидан устунлик қилганганлиги аниқланган;
мойли зиғир навларини эрта баҳорда - асосий ҳамда ёзда - такрорий экин сифатида гектарига 5,0 млн.дона меъёрда уруғ экилиши экинзордаги фотосинтетик фаолиятга ижобий таъсир кўрсатиб, барча навлар бўйича мақбул (баҳорда 22,4-30,3 ва ёзда 20,0-25,0 минг м2/га) барг юзаси шаклланганлиги, соф фотосинтез маҳсулдорлиги муддатларга боғлиқ ҳолда юқори ва кам экиш меъёрларига нисбатан 0,2-0,8 ва 0,2-1,5 г/м2*кунга юқори бўлиши натижасида бир гектар майдонда энг юқори (255,3-350,8 ва 133,5-201,8 сентнер) қуруқ масса тўпланиб, қолган экиш меъёрларида бу кўрсаткич мос равишда ўртача 15,3-18,5 ва 0,8-16,3% гача камайганлиги аниқланган;
мойли зиғир навлари асосий экин сифатида 5,0 млн.дона/га меъёрда экилганда Бирюза навида бир ўсимликдаги кўсаклар сони 70,6 дона, уруғлар вазни 4,68 грамм, 1000 дона уруғ массаси 8,0 грамм, ҳосилдорлик 31,7 с/га.ни, Флиз навида эса кўрсаткичлар мос равишда 67,2 дона, 4,30 грамм, 7,9 грамм, 30,1 с/га.ни ташкил қилиб, назорат - Баҳорикор, хорижий - Даник ва РФН навларидан устунлик қилганлиги, такрорий экин сифатида экилганда ҳам ушбу қонуният кузатилганлиги, бироқ ҳосил элементлари камроқ шаклланиб, баҳоргига нисбатан 4,0 ва 4,1 с/га кам ҳосил олинганлиги аниқланган ҳамда иккала муддатда ҳам экиш меъёрини ошириш ҳосилдорлик ва уруғдаги мой миқдорининг ортишига олиб келмаганлиги илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тошкент вилоятининг суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида мойли зиғирнинг маҳаллий ва интродуксия қилинган Бирюза, Флиз, Даник ва РФН навларини мақбул экиш муддати ва меъёрини аниқлаш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
“Тошкент вилоятининг суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида мойли зиғирни асосий ва такрорий экин сифатида етиштириш” номли тавсиянома ишлаб чиқилган ва Тошкент вилояти фермер хўжаликларида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 11-ноябрдаги 05/05-04-797-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиялар асосий ва такрорий экин сифатида мойли зиғир навларини етиштириш ва улардан юқори ҳамда сифатли ҳосил олишда навлар бўйича мақбул экиш муддати ва меъёрини белгилаш, мос агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
мойли зиғирдан юқори уруғ ҳосили олиш учун баҳор ва ёзги муддатда гектарига 5,0 млн.дона (40 кг) меъёрда Бирюза, Флиз ва Баҳорикор навларини экиб парваришлаш технологияси Тошкент вилояти Оққўрғон туманида “Саидаброр Султонсаид” фермер хўжалигида 5,0 га, майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 11-ноябрдаги 05/05-04-797-сон маълумотномаси). Натижада баҳорги муддатда Бирюза навидан 30,0 с/га, Флиз навидан 28,3 с/га ва Баҳорикор навидан 25,4 с/га ҳосил олиниб, рентабеллик даражаси мос равишда 168,6; 157,4; 138,0% ни ташкил этган ҳолда гектаридан 9,0-13,0 млн. сўм соф даромад олиш имконини берган. Ёзги муддатда эса Бирюза навида 26,4 с/га, Флиз навида 24,0 с/га ва Баҳорикор навида 21,6 с/га уруғ ҳосилдорликка ҳамда ҳам 136,9; 132,4%; 125,0% рентабелликка эришилган;
суғориладиган типик бўз тупроқлар шароитида мойли зиғир навларини етиштиришда мақбул экиш муддати ва меъёрини қўллаш илмий ишланмаси 2024-йилда Пискент туманидаги “Искандаров Сардор Тараққиёт” МЧЖ фермер хўжалигида 4,0 га майдонда жорий этилган. (Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 11-ноябрдаги 05/05-04-797-сон маълумотномаси). Натижада, эрта баҳорги муддатда 5 млн/дона (40 кг) уруғ ҳисобида экилган мойли зиғирнинг Бирюза навида ҳосилдорлик 28,8 с/га ва рентабеллик 162,6 % ни, Флиз навида мос равишда 27,3 с/га ва 156,4 %ни, назорат - Баҳорикор навида эса 26,4 с/га ва 137,3 %ни ташкил этган бўлса, ёзда такрорий экин сифатида экилганда Бирюза навида ҳосилдорлик 25,6 с/га, рентабеллик 144,2%, Флиз навида ҳосилдорлик 25,0 с/га ва рентабеллик 138,4%, Баҳорикор навида ҳосилдорлик 20,8 с/га ва рентабеллик 105,0% бўлишига эришилган.