Sayt test rejimida ishlamoqda

Раупов Анвар Абдирашидовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Аномал ҳолатларда асоратларни олдини олиш ва бартараф этиш орқали қудуқларни қуриш жараёнини жадаллаштириш», 04.00.11–Қудуқларни бурғилаш ва ўзлаштириш технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Т1256.
Илмий раҳбар: Аминов Аноритдин Муҳаммаднаби ўғли, техника фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Ўзбекистон нефть-газ саноати илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти, Тошкент давлат техника университети, Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, DSc.27.06.2017.GM/Т.41.01.
Расмий оппонентлар: Рахимов Анварходжа Акбарходжиевич, техника фанлари доктори; Мамаджанов Эльзод Улмасович, техника фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: «Ўзбурнефтгаз» АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: аномал ҳолатлар натижасида юзага келадиган асоратлар ва аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш орқали қудуқларни қуриш жараёнини жадаллаштиришнинг такомиллаштирилган методикасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қудуқларнинг танаси атрофи зонасида гилли қобиқнинг сиқилувчанлигини ҳисобга олган ҳолда фильтрация характерини сифат жиҳатдан баҳолаш имконини берадиган янги назарий боғлиқликлар асосланган;
«қудуқ-қатлам» тизимида босимнинг пасайиши таъсирида бурғилаш жиҳозининг сиқилиш кучини аниқлаш усули ишлаб чиқилган;
қудуқ деворларини ташкил этган гилли жинсларнинг барқарорлигига циклик гидродинамик ва термик юкланишлар таъсири аниқланган;
чуқур қудуқларда термик юкланишларнинг механик юкланишларга нисбатан бирмунча хавфлилиги исботланган;
гилли жинслардан таркиб топган қудуқ девори барқарорлиги ошиш даражасининг кўп жиҳатдан ювиш суюқлигининг минерализациясига боғлиқлиги экспериментал исботланган;
миқдорларнинг экспериментал олинган қийматлари ва сувли эритмаларда ҳар хил генезисли гиллар ва бўрнинг электрокинетик потенциаллари ишоралари асосида полиакриламид (ПАА)нинг гилларга нисбатан юқори агрегирлаш ва бўрга нисбатан барқарорлаш қобилияти аниқланган;
ютилиш содир бўлишининг нисбий частотаси ва ушбу майдоннинг тектоник бузилишларнинг энг яқин чизиғигача бўлган масофа орасидаги корреляцион боғлиқлик аниқланган;
гравитация (оғирлик) кучидан фойдаланишга асосланган ўтказувчанлиги юқори бўлган дарзли қатламларда ювиш суюқлигини катастрофик ютилиш зоналарини чўян парчалари билан беркитишнинг янги усули ишлаб чиқилган;
тушириш-кўтариш операцияларини амалга оширишда қудуқ туби босими ўзгаришини аниқлаш методи такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Мураккаб шароитларда қудуқларни бурғилашда асоратлар ва аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
гилли қобиқнинг зичланишини ҳисобга олиб бурғилаш колоннасининг сиқилиш кучи миқдорини аниқлаш орқали сиқилишни бартараф этиш усули Исавой майдонидаги 1-сон қудуқда жорий қилинган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2018 йил 5 декабрдаги 02-14/1-26-8289-сон маълумотномаси). Натижада қудуқда 2608 м чуқурликда сиқилиб қолган бурғилаш колоннасини чиқариб олиш ва ушбу асоратни бартараф этиш имконини берган;
аномал паст босимли юқори ўтказувчан ва дарзли қатламларда ювиш суюқлигининг катастрофик ютилишини бартараф этиш усули Жанубий Кемачи конидаги 147-сон ва Алан конидаги 197-сон қудуқларда жорий этилган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2018 йил 5 декабрдаги 02-14/1-26-8289-сон маълумотномаси). Натижада асоратни бартараф этиш вақти, материаллар ва ташкилий ишлар харажатларини қисқартириш имконини берган;
газ-нефть чиқиши ва очиқ фаввораларнинг олдини олиш усули Учтепа конидаги 5-қудуқда жорий қилинган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2018 йил 5 декабрдаги 02-14/1-26-8289-сон маълумотномаси). Натижада маҳсулдор қатламдан флюидларни намоён бўлишини олди олинган, газ-нефть чиқишини бартараф этиш вақтини қисқартириш ва қудуқни қуриш муддатини тезлаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish