Sayt test rejimida ishlamoqda

Аметов Якуб Идрисовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қорақалпоғистон қушларининг биохилма-хиллиги ва уларни муҳофаза қилиш (фаунаси, экологияси, муҳофазаси)», 03.00.06–Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/В70.
Илмий маслаҳатчи: Жуманов Муратбай Арепбаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Зоология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.01.
Расмий оппонентлар: Акрамова Фируза Джалолиддиновна, биология фанлари доктори, профессор; Бакаев Савриддин Бакаевич, биология фанлари доктори, профессор; Юлдашов Мансур Арзикулович, биология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон қушлари фаунасининг замонавий ҳолатини аниқлаш, уларнинг биоэкологик хусусиятларини асослаш ва муҳофаза қилиш чора-тадбирларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қорақалпоғистонда қушларнинг 319 турдан таркиб топган замонавий тур хилма-хиллиги аниқланган;
илк бор Қорақалпоғистон қушлар фаунасининг ўзгарувчан яшаш муҳити шароитига экологик мослашуви аниқланган;
охирги юз йилда Қорақалпоғистонда оқ лайлакнинг Ciconia сiconia яшаши исботланган;
Қорақалпоғистоннинг ҳар хил ландшафтида тарқалган характерли ва индикатор қушларнинг сони аниқланган ва уларнинг мавсумий ўзгаришлари очиб берилган;
Қорақалпоғистонда характерли 12 та қуш турларининг биоэкологик хусусиятлари очиб берилган;
Машанкўл ва Хожакўл кўлларини «Ўзбекистоннинг муҳим орнитологик ҳудудлари» таркибига киритиш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Яшаш муҳитининг ўзгарувчан шароитида Қорақалпоғистон қушлар фаунаси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
камёб ва йўқолиб бораётган қушларнинг бош сонини аниқлаш, уларни салбий экологик омиллардан ва браконьерлардан муҳофаза қилиш бўйича олинган натижалар Қўнғирот ва Муйноқ тумани табиатни муҳофаза қилиш амалиётига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2018 йил 26 октябрдаги 01-01/3474-сон маълумотномаси). Натижада республикада учрайдиган ноёб қушларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган пушти сақоқуш, кичик қоравой, қоравой, оққуш, оқ думли сувбургути ва бошқа турларнинг бош сонини аниқлаш ва уларни йўқолиб кетиш хавфини камайтириш имконини берган;
ўрмон фонди ерларида яшовчи овланадиган қушларнинг бош сонини аниқлаш, давлат кадастрини тузиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича олинган натижалар Беруний ва Қанликўл тумани ўрмон хўжалиги амалиётига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасининг 2018 йил 9 ноябрдаги 628-сон маълумотномаси). Натижада ўрмон хўжалиги ҳудудларида овланадиган қушлар, шу жумладан қирғовул Phasianus colchicus, ёввойи ўрдак Anas platyrhynchos, олмабош ўрдак Netta rufina ва қашқалдоқларнинг Fulica atra бош сонини аниқлаш ва популяциялари турғунлигини сақлаб қолиш имконини берган;
қишлоқ хўжалиги экинлари экилган далаларда ва боғларда яшайдиган қушларнинг бош сонини аниқлаш ва уларни жалб қилиш бўйича олинган натижалар Кегейли ва Нукус тумани қишлоқ хўжалиги амалиётига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 мартдаги 04/011-728-сон маълумотномаси). Натижада зараркунанда ҳашаротларни йўқ қилувчи оққанотли қизилиштон, сассиқ попишак, бухоро читтаги, зағизғонларнинг маълум даражада кўпайиши ва боғ ҳамда полиз экинлари далаларининг экологик ҳолатини яхшилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish