Шукурова Малика Шахобидиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Халқаро хусусий ҳуқуқда никоҳдан ажратишни тартибга солишни такомиллаштириш”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/Yu1297.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Баротов Миродилжон Ҳомуджонович – юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Одил судлов Академияси
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, илмий кенгаш рақами: Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.27/2025.27.12.Yu.01.02.
Расмий оппонентлар: Якубова Ирода Бахрамовна – юридик фанлар доктори (DSc), проф. в.б; Абдурахманова Хосиятхон Бахтиёржон қизи – юридик фанлар доктори (DSc), доцент
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тадқиқотнинг мақсади халқаро хусусий ҳуқуқда никоҳдан ажратишни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг коллизион қонунчилигини илмий-назарий жиҳатдан таҳлил этиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган назарий хулосалар ва амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида тегишли муносабатларга татбиқ этиладиган моддий-ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлса, ушбу моддий-ҳуқуқий нормалар билан тўлиқ тартибга солинадиган масалалар юзасидан коллизон нормалар асосида қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни аниқлашга йўл қўйилмаслиги асослантирилган;
чет эл ҳуқуқи жисмоний шахснинг шахсий қонуни, унинг ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати, шунингдек оилавий-ворислик муносабатларга нисбатан қўлланилган ҳолларда қарши томон сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқига ва учинчи мамлакат ҳуқуқига ҳавола этиш қабул қилиниши асосланган;
хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судя даъво аризасини қабул қилишни рад этиши, агар у қабул қилинган бўлса, суд ФПК 122-моддасининг 8-бандига асосан аризани кўрмасдан қолдириши, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза хотиннинг розилиги билан қўзғатилган ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга эътироз билдирганда, шунингдек жавобгарнинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция, кассация ёки тафтиш инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлганда кўрмасдан қолдирилиши лозимлиги асослантирилган;
никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво билан бир вақтда никоҳ шартномасини тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб ҳам, бундай талаблар ўзаро боғлиқлиги сабабли, ФПКнинг 196-моддаси тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган: агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида тегишли муносабатларга татбиқ этиладиган моддий-ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлса, ушбу моддий-ҳуқуқий нормалар билан тўлиқ тартибга солинадиган масалалар юзасидан коллизон нормалар асосида қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни аниқлашга йўл қўйилмаслиги хусусидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1158-моддасини шакллантиришда эътиборга олинган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг 2025-йил 30-декабрдаги 04/3-4/120-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги тамойилини коллизион-ҳуқуқий тартибга солиш жараёнига тўлиқ ва истисноларсиз татбиқ этиш имконини яратишга хизмат қилади;
чет эл ҳуқуқи жисмоний шахснинг шахсий қонуни, унинг ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати, шунингдек оилавий-ворислик муносабатларга нисбатан қўлланилган ҳолларда қарши томон сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқига ва учинчи мамлакат ҳуқуқига ҳавола этиш қабул қилиниши ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1161-моддасини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг 2025-йил 30-декабрдаги 04/3-4/120-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф чет эл ҳуқуқини оилавий-ворислик муносабатларига нисбатан ҳам қўллаш имконини беришга хизмат қилади;
хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судя даъво аризасини қабул қилишни рад этиши, агар у қабул қилинган бўлса, суд аризани кўрмасдан қолдириши, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза хотиннинг розилиги билан қўзғатилган ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга эътироз билдирганда, шунингдек жавобгарнинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция, кассация ёки тафтиш инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлганда кўрмасдан қолдирилиши лозимлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 16.12.2024-йилдаги 39-сон қарори билан Пленумнинг “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” 20.07.2011-йилдаги 6-сон қарори 6-банди иккинчи хатбошисини такомиллаштиришда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 14-ноябрдаги 768-сон далоланомаси). Мазкур таклиф никоҳдан ажратишни тартибга солишни такомиллаштириш билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга хизмат қилган;
никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво билан бир вақтда никоҳ шартномасини тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб ҳам, бундай талаблар ўзаро боғлиқлиги сабабли, ФПКнинг 196-моддаси тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 20.02.2023-йилдаги 5-сон қарори билан Пленумнинг “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” 20.07.2011-йилдаги 6-сон қарори 12-банди олтинчи хатбошисини такомиллаштиришда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 14-ноябрдаги 768-сон далоланомаси). Мазкур таклиф никоҳдан ажратишни тартибга солишни такомиллаштириш билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга хизмат қилган.