Ширинов Джахонгир Джаббаровичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари”, 12.00.02. – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.DSc/Yu312. 
Илмий маслаҳатчи: Саидов Акмал Холматович, юридик фанлар доктори, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.02
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, профессор Турсунов Ахтам Саломович, юридик фанлар доктори, профессор Рўзиев Зафар Райимович ва юридик фанлар доктори Умиров Фитрат Фахриддинович. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти.
Диссертациянинг йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масалаларини тизимли тадқиқ этишга, соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ва давлат ҳаётидаги аҳамиятини илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ қилиш асносида улар фаолиятининг кафолатларини Конституция даражасида мустаҳкамлаш зарурлиги асослантирилган;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги динамикасини таҳлил қилган ҳолда уларнинг қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш масаласини соҳавий қонунларда мустаҳкамлаш муҳимлиги илмий асослантирилган;
нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонунийлиги ҳамда давлат ва нодавлат сектор бир-бирининг фаолиятига аралашмаслиги тамойилларининг мантиқий давоми сифатида фуқаролик жамияти институтларининг Конституция ва қонунларга мувофиқ фаолият кўрсатиши, шунингдек давлат органларининг бошқа ташкилотлардан институционал мустақиллигини Конституция даражасида мустаҳкамлаш зарурати асослаб берилган;
соҳада бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг алоҳида бўлинмаларини давлат рўйхатидан ўтказишда ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш амалиётини тугатиш ҳамда бундай ҳужжатларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш зарурлиги асослантирилган;
маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва давлат хизматини кўрсатишда янада қулайликлар яратиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжатини чиқариб ташлаш зарурлиги асослантирилган;
нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларинининг жамоатчилик экспертизаси ҳамда жамоатчилик муҳокамасини олиб борилиши тартибини таҳлил этиш асосида фуқаролик жамияти институтларининг коррупсияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишдаги ролини ошириш муҳимлиги илмий асослантирилган;
нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тизимини янада кучайтириш мақсадида улар фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик ўрнатиш зарурлиги асослантирилган;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва улар фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини комплекс таҳлил этган ҳолда нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбар ва ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ўқув курсларида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид қонунчилик талабларини алоҳида йўналиш сифатида ўқитиб бориш зарурати асослантирилган.    
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар қуйидагиларда қўлланилган:
Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатларини Конституция даражасида мустаҳкамлашга оид таклифлар 2023-йил 30-апрел куни қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2023-йил 21-июлдаги 04/10-10-50-сонли далолатномаси). Ушбу таклифни жорий қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фуқаролик жамияти институтлари сирасига киришини, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслигини кафолатлаган;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунчиликка таклиф киритиш ҳуқуқини соҳавий қонунларда акс эттиришга оид фикр 2024-йил 5-ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги ЎРҚ-989-сон Қонунида ўз аксини топган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2025-йил 13-январдаги 04/6-08/79-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф қонун ижодкорлиги жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади;
фуқаролик жамияти институтлари Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўришларини, шунингдек давлат ҳокимияти органлари бошқа ташкилотлардан мустақил ҳолда иш юритишларини конституциявий мустаҳкамлаш ҳақидаги таклиф 2023 йил 30-апрел куни қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2023 йил 27-сентябрдаги 04/10-10-59-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф фуқаролик жамияти институтларининг Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўришларини ҳамда давлат органларининг нафақат жамоат бирлашмаларидан, балки бошқа ташкилотлардан ҳам мустақил ҳолда иш юритишларини Конституция даражасида мустаҳкамлайди;
ваколатхона ва филиалларни рўйхатдан ўтказишда бош ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси нусхасини талаб қилиш тартибини бекор қилиш ҳақидаги таклиф 2024-йил 7-февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-905-сон Қонунида ўз аксини топган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2024-йил 16-февралдаги 04/1-13-3-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхона ва филиалларини рўйхатдан ўтказишда ортиқча ҳужжат талаб этилишини олдини олади;
давлат рўйхатидан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан давлат божи тўланганлиги тўғрисида банк тўлов ҳужжатини чиқариб ташлаш ҳақидаги таклиф 2024-йил 7-февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-905-сон Қонунида ўз аксини топган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2024-йил 28-ноябрдаги 3/08-239-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказишда ортиқча ҳужжат талаб этилишини олдини олишга хизмат қилади;
нодавлат нотижорат ташкилотлари коррупсияга қарши экспертиза жараёнида иштирок этишига оид таклиф 2023-йил 8-августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупсияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги ЎРҚ-860-сон Қонунида ўз аксини топган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарининг 2025-йил 20-январдаги 02/2-05/3-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф коррупсияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга хизмат қилади;
нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик белгилашга оид таклиф 2025-йил 21-августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1083-сон Қонунида ўз аксини топган (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2025-йил 25-августдаги 04/3-06-06-сонли далолатномаси). Ушбу таклифга асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига қонунга хилоф аралашганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги модда билан тўлдирилган.
нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига қонунчилик талабларини ўқитиб бориш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда 2025-йил 10-февралда тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотлар бошқаруви” йўналиши бўйича малака ошириш курсининг ўқув режа-дастурида ўз аксини топган (Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг 2025-йил 17-февралдаги 1-064/25-сонли далолатномаси). Мазкур таклиф нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари мавзуларида 72 соатлик ўқув юкламаси асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини босқичма-босқич ўқитиб борилишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish