Шамсиев Анвар Акбаровичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фан доктори (DSc)
илмий даражасини бериш бўйича эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Батат (Ipomoea batatas L.)нинг асосий ва такрорий экинлар сифатида ўстиришга мос тезпишар, юқори ҳосилли, сақланувчан навлар селекцияси ва жадал кўпайтириш технологияси”, 06.01.05 - Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.3DSc/Qx411.
Илмий маслаҳатчи: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг (селекция ютуғи) ихтирога патенти: бататнинг “Сочакинур” нави (НАП 478), “Тойлоқи” нави (НАП 475) ва “Филиал” нави (НАП 593).
II. Тадқиқотнинг мақсади Батат (Ipomoea batatas L.) экинининг асосий ва такрорий экинлар сифатида етиштиришга мос, маҳаллий тупроқ-иқлимга мослашган, тезпишар, юқори ҳосилдор ва сақланувчан янги навларини яратиш, жадал кўпайтириш тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Илк бор бататнинг 22 та нав намуналари морфобиологик ва қимматли-хўжалик белгилари бўйича комплекс баҳоланди ҳамда асосий ва такрорий экинлар сифатида етиштиришга мос истиқболли нав намуналари бошланғич манба сифатида ажратилган;
Истиқболли бошланғич манбалардан дурагайлаш натижасида ажратилиб олинган тезпишар, серҳосил КЛ–185, КЛ–205, КЛ–57 клон (линия)лари асосида асосий ва такрорий экин сифатида етиштиришга мос Сочакинур, Тойлоқи, Филиал навлари яратилган ва Интеллектуал мулк агентлиги томонидан янгилиги тасдиқланган ҳолда патентлар олинган;
бататнинг янги яратилган Сочакинур, Тойлоқи ва Филиал навлари андоза Хазина навига нисбатан 6–14 кунга эртапишар бўлиб, кўчат чиқими 0,3-4,9 донага, ҳосилдорлиги 12,5-15,5 т/га.га ва товарбоп ҳосил чиқими 10,6–14,5 т/га.га юқорилиги билан устунлиги исботланган;
бататнинг янги Сочакинур, Тойлоқи ва Филиал навлари туганакларининг таркибида қуруқ модда 23,0–23,6%, крахмал 14,0–15,0%, умумий шакар 5,2–5,6% ҳамда C витамини 9,8–10,8 мг/% ни ташкил этиб, андоза навга нисбатан қуруқ модда 0,8–1,4%га, крахмал 1,0–2,0%га ва C витамини 3,6–4,6 мг/% га, шунингдек, табиий сақлашдан сўнг соғлом стандарт туганаклар чиқими ҳам 0,5-2,0-% га юқори эканлиги аниқланган.
батат янги навларини асосий ва такрорий экин сифатида турли муддатларда етиштиришда белгилараро боғлиқлик баҳоланиб, бош поя узунлиги билан ён поялар сони (р = 0,962; Р2 = 0,9259), палак массаси билан туганак шаклланиши (р = 0,927; Р2 = 0,8587) ҳамда умумий ҳосилдорлик билан товарбоп ҳосил чиқими (р = 0,995; Р2 = 0,9906) ўртасида кучли тўғри корреляцион боғланиш мавжудлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Батат (Ipomoea batatas L.) нинг асосий ва такрорий экинлар сифатида етиштиришга мос, маҳаллий тупроқ-иқлимга мослашган, тезпишар, юқори ҳосилдор ва сақланувчан янги навларини яратиш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида:
бататнинг Сочакинур, Тойлоқи, Филиал ва Неw Самарканд каби янги навлари яратилган. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ушбу навларнинг ҳуқуқий муҳофазаси таъминланиб, Сочакинур навига НАП 478 рақамли, Тойлоқи навига НАП 475 рақамли ҳамда Филиал навига НАП 593 рақамли патентлар олинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази томонидан Сочакинур (№ 2020-696), Тойлоқи (№ 2020-695), Филиал (№ 2022-719) ва Неw Самарканд (№ 2024-769) навларига нав гувоҳномалари берилиб, улар Давлат реестрига киритилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 24-июлдаги 05/06-04-718-сонли маълумотномаси). Мазкур ишланмалар натижасида республика сабзавот экинлари генофонди маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашган, серҳосил ва импорт ўрнини босувчи янги навлар билан бойитилиб, ички бозорни сифатли маҳсулот билан барқарор таъминлаш имконияти яратилган;
янги яратилган бататнинг Сочакинур, Тойлоқи, Филиал ва Неw Самарканд навлари асосий экин сифатида 27-30 апрелда Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани “Райхон” фермер хўжалигида 1,7 гектар, СПЕКИТИ Самарқанд илмий тажриба станциясида 1,0 гектар, Оқдарё тумани “Бузрук бобо” фермер хўжалигида 1,0 гектар, Жомбой тумани “Шохрухбек нурли даласи” фермер хўжалиги далаларида 1,1 гектар, Иштихон тумани “Барот Турдиев” фермер хўжалигида 0,5 гектар, “Мерос” фермер хўжалигида 0,6 гектар, Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани “Зулайхо Агро Барака” фермер хўжалигида 0,5 гектар, Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани “Деҳқон замини” фермер хўжалигида 0,5 гектар, жами 6,9 гектар майдонда жорий этилган. (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2026-йил 24-июлдаги 05/06-04-718-сонли маълумотномаси). Натижада, Сочакинур навидан 46,6-50,8 т/га, Тойлоқи навидан 42,5-48,3 т/га ва Филиал навидан 45,5-48,7 т/га, Неw Самарканд навидан 45,2-48,6 т/га ҳосил олиниб, 30,3-44,5 млн сўм/га соф фойда ва 65,4-94,8% рентабеллик даражасига эришилган;
янги яратилган бататнинг Сочакинур, Тойлоқи, Филиал ва Неw Самарканд навлари такрорий экин сифатида 28-30 июнда Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани “Райхон” фермер хўжалигида 1,5 гектар, СПЕКИТИ Самарқанд илмий тажриба станциясида 0,6 гектар, Оқдарё тумани “Бузрук бобо” фермер хўжалигида 1,0 гектар, Жомбой тумани “Шохрухбек нурли даласи” фермер хўжалиги далаларида 1,0 гектар, Иштихон тумани “Барот Турдиев” фермер хўжалигида 0,5 гектар, Мерос фермер хўжалигида 0,4 гектар, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “Зулайхо Агро Барака” фермер хўжалигида 0,5 гектар, жами 5,5 гектар майдонда жорий этилган. (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2026-йил 24-июлдаги 05/06-04-718-сонли маълумотномаси). Натижада Сочакинур навидан 35,2-38,8 т/га, Тойлоқи навидан 32,4-36,4 т/га, Филиал навидан 33,1-37,5 т/га ва Неw Самарканд навидан 33,9-36,4 т/га ҳосил етиштирилиб, олинган соф фойда 13,6-23,9 млн сўм/га ва рентабеллик даражаси 30,3-52,2% бўлиши таъминланган.