Айтмуратова Гулайхан Уайс қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Саҳроланиш жараёни таъсирида бўлган тупроқларнинг кимёвий, физик-кимёвий ҳолати, шўртобланишнинг олдини олиш йўллари (Чимбой, Шуманай туманлари мисолида)», 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертацияси мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2025.1.PhD/B1426.
Илмий раҳбар: Бердиев Толиб Турсунниязович, биология фанлари фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертацияси бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, DSc.08/2025.27.12.Qx.06.01.
Расмий оппонентлар: Артиқова Ҳафиза Туймуродовна, биология фанлари доктори, профессор; Саидова Муниса Эргашевна, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: саҳроланиш таъсирида шаклланган тупроқларнинг кимёвий, физик-кимёвий ва мелиоратив ҳолатларини қиёсий баҳолаш ва башоратлаш ҳамда шўртобланишнинг олдини олишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тадқиқот ҳудуди тупроқларида 1995-2024-йиллар давомида ёғин миқдорининг 6-9 мм га, нисбий ҳаво намлигининг 7-10% га камайиши ҳамда ҳаво ҳароратининг 0,8-1,2 °C га ортиши органик моддаларнинг минераллашувини жадаллаштиргани ва гумус сифат таркибини пасайтиргани аниқланиб, иқлим омиллари ва гумус ҳолати ўртасидаги ўзаро боғлиқлик комплекс баҳоланган;
гумуснинг гуруҳий-фракциялари таркиби асосида саҳроланиш интенсивлигини баҳоланиб, Cгк:Cфк нисбатининг 0,35-1,37 оралиғида ўзгариши ҳамда унинг пасайиш тенденсияси тупроқ дегумификациясининг индикатив кўрсаткичи эканлиги асосланган;
шўртобланиш жараёнининг ривожланиши натижасида сингдирилган натрий (На⁺) улушининг 1995-йилга нисбатан 2024-йилда 1,2-1,4 баробарга ортиши (7,8-12,8%) аниқланиб, унинг гумуснинг гуруҳий-фракциялари таркибидаги ўзгаришлар билан кучли корреляцион боғлиқликда (р = 0,95) эканлигини асосланган;
регрессия модели асосида тадқиқот ҳудуди тупроқларида мавжуд ўзгариш тенденсиялари сақланиб қолган шароитда 2050-йилга келиб Cгк:Cфк нисбатининг 0,15 гача камайиши, гумус сифат таркибининг 15-25% га ёмонлашиши ҳамда сингдирилган натрий улушининг 2,0-2,5% га ортиши башорат қилинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Саҳроланиш жараёни тасирида бўлган тупроқларнинг кимёвий, физик-кимёвий ҳолати, шўртобланишнинг олдини олиш йўллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Чимбой тумани «Қамишариқ» массивини 3052 га майдон, Шуманай тумани «Шуманай» массивини 2787 га майдон, жами 5839 га суғориладиган тупроқларининг 1:10000 масштабли гумус билан таъминланганлик харитограммаси фермер хўжаликлари фойдаланишлари учун амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 13-октябрдаги 03/018-3955-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқ унумдорлигининг ҳудудий тақсимланишини баҳолаш, гумус миқдори камайган деградацияга учраган майдонларни аниқлаш, агротехнологик тадбирларни табақалаштириб режалаштириш ҳамда гумус захирасининг келгусидаги ўзгаришини прогнозлаш учун хизмат қилган;
«Қамишариқ» ва «Шуманай» массивларининг жами 5839 га майдонлари учун 1:10000 масштабли гумуснинг фракцияли-гуруҳий таркиби ҳамда сингдирилган катионлар таркиби харитограммалари фермер хўжаликлари фойдаланишлари учун амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 13-октябрдаги 03/018-3955-сон маълумотномаси). Натижада, картографик маълумотлар массивлар тупроқларида органик моддалар миқдорларини ошириш, натрий таъсирини юмшатиш ва тупроқ структурасини яхшилаш имкониятини берган;
«Қамишариқ» ва «Шуманай» массивларининг жами 5839 га майдонлари учун 1:10000 масштабли гумуснинг фракцияли-гуруҳий таркиби ҳамда сингдирилган катионлар таркибининг узоқ муддатли башорат харитограммалари фермер хўжаликлари фойдаланишлари учун амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 13-октябрдаги 03/018-3955-сон маълумотномаси). Натижада, суғориладиган тупроқларни ўзгаришларни башорат қилиш, деградация ва шўртобланиш хавфи юқори бўлган майдонларни олдиндан белгилаш, ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган тадбирларни режалаштириш имконини берган.