Sayt test rejimida ishlamoqda

Ходжабеков Мураджон Усаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тебранишлардан ҳимояланувчи тақсимланган параметрли чизиқлимас системаларнинг устуворлиги», 01.02.01–Назарий механика (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/FM166.
Илмий раҳбар: Дусматов Олимжон Мусурмонович, физика-математика фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, DSc.28.02.2018.Т/FM.61.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мардонов Ботир Мардонович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Сидиқов Мансур Носирович, физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: гармоник, тасодифий ва оқ шовқинли тасодифий қўзғалишлар таъсиридаги гистерезис типидаги диссипатив характеристикали пластинка ва динамик сўндиргичнинг биргаликдаги чизиқлимас тебранишлари устуворлигини текшириш асосларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
гармоник ва тасодифий тебранишларда пластинка материалида ва динамик сўндиргич демпферловчи элементида гистерезис типидаги диссипатив характеристикаларни ҳисобга олган ҳолда система устуворлигини текшириш асослари ва устуворлик шартлари аналитик кўринишда аниқланган;
кенг йўлакли–оқ шовқинли тасодифий қўзғалишлар таъсирини ҳисобга олган ҳолда, тебранишлардан ҳимояланувчи пластинкани чизиқлимас тебранишларининг устуворлигини текширишга Ито усулини қўллаш методикаси ишлаб чиқилган;
тасодифий қўзғалишлар таъсиридаги тебранишлардан ҳимояланувчи пластинканинг устувор ҳаракатини таъминлашда система параметрларининг оптимал қийматлари аниқланган;
устуворликка текшириш методикасида пластинка материали ва динамик сўндиргич эластик демпферловчи элементининг диссипативлик хоссаларини ҳисобга олган ҳолда чизиқлилаштириш усулларини қўллаш асосланган;
система конструктив параметрларининг турли қийматларида устуворлик чегараларини ва соҳаларини аниқлашнинг сонли таҳлил этиш алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тебранишлардан ҳимояланувчи тақсимланган параметрли чизиқлимас системаларнинг устуворлиги бўйича олинган натижалар асосида:
тор йўлакли тасодифий қўзғалишлар таъсирида гистерезис типидаги эластик диссипатив характеристикали пластинканинг чизиқли эластик характеристикали динамик сўндиргичнинг биргаликдаги чизиқлимас тасодифий тебранишлари устуворлик чегаралари ва улар орқали аниқланувчи устуворлик соҳалари ўзгариши бўйича система массаларини оптимал қийматларини аниқлаш бўйича олинган натижалар 51775045 ва  51575042 рақамли хорижий грант лойиҳаларида фойдаланилган (Хитой Халқ Республикаси Шeнжен технология университетининг 2018 йил 27 августдаги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 28 декабрдаги  89-03-4498-сон маълумотномалари). Илмий натижаларнинг қўлланилиши ҳаракати устуворлигини таъминлаш бўйича енгил автомобиль асоси (кузовнинг асоси)ни тадқиқ этишда ўриндиқ ва кузов массаларини ўзаро мутоносиб қилиб танлаш масаласини ҳал этиш имконини берган;
гармоник ва тасодифий тебранишларда системалар устуворлигини текшириш, устуворлик шартларининг аналитик ифодаларини аниқлаш методикаси ҳамда система конструктив параметрларининг турли қийматларида устуворлик чегараларини ва соҳаларини сонли таҳлил этиш алгоритми ИОТ-2015-2-14 рақамли «Разработка и внедрение технологии экспериментального строительства уникальных большепролетных зданий и сооружений с применением эффективных пространственных конструкций покрытий» (2015-2016) лойиҳада катта оралиқли иншоотлар фазовий самарадор қоплама конструкциялари ишончлилик даражаларини ва ташқи таъсирлардаги ҳаракатлари устуворлигини текширишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 12 апрелдаги  89-03-1395-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши сейсмик фаол ҳудудлар учун катта оралиқли иншоотлар фазовий самарадор қоплама конструкцияларини гармоник ва тасодифий қўзғалишлар таъсирида деформация бўйича ишончлилик даражаларини баҳолаш ҳамда ҳаракатланувчи қоплама конструкцияларининг ташқи таъсирлардаги ҳаракати устуворлигини текшириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish