Худайқулов Тохир Рашитовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ҳосилдор стимуляторининг ғўза навлари ўсиши ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсирини ўрганиш”, 06.01.08-Ўсимликшунослик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/Qx 672
Илмий раҳбар: Абдуалимов Шухрат Хамадуллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Qx.01.01.
Расмий оппонентлар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Бобоев Саидмурод Кимсанбоевич, биология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида ғўза навларидан эртаги, юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда чигитга экиш олдидан, шоналаш ва гуллаш даврларида ўсимликка Ҳосилдор стимулятори билан ишлов беришнинг мақбул муддат ва меъёрларини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
илк бор Тошкент вилояти типик бўз тупроқлари шароитида Андижон-37 ҳамда Бухоро-102 ғўза навлари чигитига экиш олдидан ҳамда ғўзанинг шоналаш ва гуллаш даврларида “Ҳосилдор” стимулятори билан ишлов беришнинг мақбул муддат ва меъёрлари ишлаб чиқилган.
“Ҳосилдор” стимулятори чигитга 0,5-0,6 л/т меъёрларда қўлланилганда назорат вариантга нисбатан ниҳоллар униб чиқиши 11,3-15,6% га тезлашган, ўсиш ривожланиши жадаллашган, ғўзанинг шоналаш даврида 0,4 л/га, гуллаш даврида 0,6 л/га меъёрларда барглардан ишлов берилганда, ўсимликда физиологик жараёнлари тезлашиб, вегетатив ва генератив органлари жадал ривожланган, пахтадан юқори ва сифатли ҳосил олиниши илмий асосланган.
“Ҳосилдор” стимулятори билан чигитга энг мақбул (0,5 л/т) меъёрда ишлов берилиб, ғўзанинг шоналаш даврида 0,4 л/га ва гуллаш даврида 0,6 л/га меъёрларда қўлланилганда, назорат вариантга нисбатан Андижон-37 навининг бўйи 7,7 см га, ҳосил шохлари сони 0,8 донага, кўсаклар сони 2,8 донага, очилиш даражаси 15,5 % га, ўсимликнинг қуруқ массаси пишиш даврида 11,5-43,3 г, га ортган. Бухоро-102 навида эса ўсимлик бўйи 3,7 см га, ҳосил шохлари 0,7 донага, кўсаклар сони 1,7 донага ва очилиш даражаси 20,4% га, қуруқ массаси пишиш даврида 16,0-33,8 г юқори бўлгани аниқланган.
“Ҳосилдор” стимулятори чигитга экиш олдидан 0,5 л/т, ғўзанинг шоналаш ва гуллаш даврларида 0,4-0,6 л/га меъёрларда қўлланилганда барг сони ва юзаси кўпайган ҳолда, фотосинтез соф маҳсулдорлиги ортган. Ғўзанинг иккала навида ҳам чигит униб чиқиши 1-2 кун, 1-чинбарг чиқариш 1-2 кунга, 3-4 чинбарг 1-2 кунга, шоналаш 1-2 кунга, гуллаш 2-3 кунга ва пишиш даври 2-4 кунга тезлашгани, фойдали ҳароратлар йиғиндиси эса 1-чинбарг даврида 19,9-40,8 оС, 3-4 чинбарг даврида 22,8-59,4 оС, шоналаш даврида 17,0-50,9 оС, гуллаш даврида 17,1-59,9 оС ва пишиш даврида 8,6-54,8 оС камроқ талаб қилинган. Ушбу вариантларда ғўзанинг Андижон-37 навидан 5,5 с/га, Бухоро-102 навидан 7,9 с/га қўшимча ҳосил олиниб, Андижон-37 навидан гектарига 12 млн 708 минг 617,5 сўм даромад олинган ва рентабеллиги 61,2%, Бухоро-102 навидан гектарига 13 млн 554 минг 617,5 сўм даромад олиниб, рентабеллиги 63,8% ни ташкил этган ва рентабеллик даражаси 12,3-16,7% ортиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида “Ҳосилдор” стимуляторини ғўза навларида қўллашнинг мақбул муддат ва меъёрларини илмий-амалий асослаш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
“Ҳосилдор” стимуляторини ғўзада қўллаш бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилиб, тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий марказининг 2026 йил 23 июндаги №05/04-04-604-сон маълумотномаси). Бугунги кунда ушбу тавсиянома пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва агрокластерларда амалий қўлланма сифатида фойдаланиб келинмоқда.
“Ҳосилдор” стимуляторини чигитга экиш олдидан 0,5 л/т меъёрда ишлов бериш ва ғўзанинг шоналаш даврида 0,4 л/га, гуллаш даврида 0,6 л/га меъёрларда қўллаш Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Гарден эко плус ф/х 10 га, Бўка тумани Олмос даласи ф/х 19 га, Шукрулло Ясина агро ф/х 26 га, Азизмухаммад ф/х 72 га, жами 127 га майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий марказининг 2026 йил 23 июндаги №05/04-04-604-сон маълумотномаси). Натижада, назоратга нисбатан чигит униб чиқиши 11,4-12,4% га тезлашиб, ғўзанинг бўйи 6-8 см баланд, ҳосил шохи 1-2 дона, кўсаклар сони 3-4 донага ортган, қўшимча 3,6-4,2 с/га ҳосил олинган, рентабеллиги 9,0-12,8% юқори бўлган.
“Ҳосилдор” стимуляторини чигитга ва ғўза вегетацияси даврида қўллаш Тошкент вилояти Куйи Чирчиқ тумани Пахтачи-2 ҳудудининг 3-бригадасида 70,6 га, Меҳнатобод ҳудудининг 7-бригадасида 66,4 га, жами 137,0 га майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий марказининг 2026 йил 23 июндаги №05/04-04-604-сон маълумотномаси). Натижада ғўза ниҳолларининг униб чиқиши назоратга нисбатан 10,0-15,6 % га тезлашиб, ғўзанинг бўйи 6,0-7,8 см, ҳосил шохлар сони 1,2-2,0 донага, кўсаклар сони 3-4 донага, ғўза ҳосилдорлиги 3,2-5,2 с/га ортган, рентабеллик даражаси 9,6-13,0% га юқори бўлгани аниқланган.