Машарипов Фаррух Ўткировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Ташқи меҳнат миграцияси шароитида ўрта бўғин кадрларини касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш», 08.00.10 – Демография. Меҳнат иқтисодиёти.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/Iqt2619.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даража ва унвони: Зокирова Нодира Каландаровна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, DSc.03/2025.27.12.I.24.01   
Расмий оппонентлар: Насимов Дилмурод Абдуллоевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Мамарасулов Фазлиддин Умарович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент
Етакчи ташкилот: Камбағаллик ва меҳнат бозори тадқиқотлари институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: ташқи меҳнат миграцияси шароитида хорижий иш берувчиларнинг касбий-малакавий талабларига мос ўрта бўғин кадрларини касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ташқи меҳнат миграцияси учун ўрта бўғин кадрларини касбий тайёрлашда халқаро таълим ташкилотларининг дастурларини касбий таълим муассасаларига жорий этиш асосида битирувчиларнинг диплом ва малакаларини халқаро миқёсда тан олиш ҳамда уларнинг хорижда мутахассислиги бўйича расмий ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш асосланган;
хорижий иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган касбий-малакавий эҳтиёжини даврий мониторинг қилиш натижалари асосида Миграция агентлигининг касбий таълим ташкилотларига кадрлар тайёрлаш бўйича мақсадли буюртмасини шакллантириш ва жойлаштиришнинг услубий ёндашуви ишлаб чиқилган;
бошланғич ва ўрта махсус касбий таълим дастурларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг хорижий тилни Б1 даражада эгаллаши учун ажратилган ўқув соатларини 180 соатдан 600 соатгача ошириш асосида битирувчиларнинг касбий ва тил компетенсияларини уйғун шакллантириш механизми такомиллаштирилган;
дуал таълимда иштирок этаётган ўқувчиларнинг иш вақти ва меҳнат стажини Меҳнат кодексига киритиш орқали 2025-2030-йилларга мўлжалланган миграция сиёсати стратегиясининг дуал таълимни ривожлантириш ва вақтинчалик иш билан таъминлаш йўналиши доирасида ҳуқуқий ҳисобга олиб, стратегиянинг баҳолаш мезонлари қаторига киритиш орқали ўрта бўғин кадрларини тайёрлашдан қонуний бандликка ўтишнинг институционал механизми асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ташқи меҳнат миграцияси учун ўрта бўғин кадрларини касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
ташқи меҳнат миграцияси учун тайёрланаётган касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг диплом ва малакаларини халқаро миқёсда тан олиш ҳамда уларнинг хорижда расмий ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш механизми Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024-йил 16-октябрдаги ПФ-158-сон Фармонининг 9-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган(Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 29-июндаги 02/48-5126-сонли маълумотномаси). Таклифнинг жорий қилиниши натижасида 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 14 та техникумларда Буюк Британиянинг “Пеарсон Эдуcатион Лимитед” компаниясининг БТЕC квалификациялари асосида халқаро таълим дастури жорий этилган. Буюк Британиянинг “Пеарсон Эдуcатион Лимитед” компаниясининг БТЕC квалификацияларининг жорий этилиши натижасида битирувчиларнинг халқаро даражадаги касб ва квалификация ҳужжатига эга бўлиши, диплом ва сертификатларнинг дунёнинг 70 дан ортиқ давлатида тан олиниши, хорижий тил кўникмаларининг ривожланиши ҳамда дунёнинг 200 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаларида таълимни давом эттириш имкониятлари кенгайиб, ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро меҳнат бозорига малакали кадр сифатида кириб бориш имконияти ошган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2024-йил 17-октябрдаги ПҚ-367-сон қарори билан Миграция агентлигига 15 та касбий таълим ташкилотлари бириктирилган бўлиб, мазкур касбий таълим ташкилотларида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Швейсариянинг “Глобогате Cонcепт” АГ компанияси билан ҳамкорликда Германия меҳнат бозори учун немис стандарти асосида 758 нафар ҳамшираларни тайёрлаш йўлга қўйилган. Германия иш берувчиларининг талаблари асосида 5 та фан ва немис тили бўйича таълим дастурлари жорий этилган. Бугунги кунда жами 47 та техникумда Германия, Буюк Британия, Швейсария ва Жанубий Кореянинг халқаро ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида 30 та касб 
ва мутахассислик бўйича 4 мингдан ортиқ ёшни халқаро даражада касб ва хорижий тилларга ўқитиш тизими йўлга қўйилган;
хорижий иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини касб ва мутахассисликлар кесимида ҳар чоракда ўрганиш натижалари асосида Миграция агентлиги томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига мақсадли буюртма бериш, вазирлик томонидан эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда ушбу буюртмани касбий таълим ташкилотлари ўртасида жойлаштириш механизмини жорий этиш бўйича таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни касбга (мутахассисликка) ва чет тилларига ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024-йил 17-апрелдаги 213-сон қарорининг 7-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг 2026-йил 25-июндаги 02-19-1/5411-сонли маълумотномаси). Натижада хорижий иш берувчилар талаб қилаётган касблар, мутахассисликлар ва чет тилларини билиш даражаси бўйича ўрта бўғин кадрларини мақсадли тайёрлаш ҳамда уларнинг хориждаги бандлигини таъминлаш самарадорлигини оширишга, шунингдек талаб  ва таклиф ўртасидаги касбий-малакавий номувофиқликни қисқартиришга хизмат қилган;
касбий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг хорижий тилни  Б1 даражада эгаллаши учун ажратилган ўқув соатларини 180 соатдан 600 соатгача ошириш бўйича таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 18-октябрда тасдиқланган 50-сон Топшириқлар баёнининг 8-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 29-июндаги 02/48-5126-сонли маълумотномаси). Таклифнинг жорий қилиниши натижасида 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб бошланғич касбий таълим дастурида 9-синф битирувчилари негизида ва ўрта махсус касбий таълим дастурида 11-синф битирувчилари негизида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг касбий ва тил компетенсияларини уйғун шакллантириш таъминланган. Ҳозирги вақтда 495 та техникумда 8 063 нафар ўқувчи 8 та хорижий тил бўйича қўшимча курсларда ўқитилмоқда. Жумладан, инглиз тили бўйича -  5 407 нафар, немис тили бўйича - 1 662 нафар, корейс тили бўйича - 412 нафар, рус тили бўйича - 408 нафар, турк тили бўйича - 76 нафар, хитой тили бўйича - 44 нафар, француз тили бўйича - 41 нафар ва япон тили бўйича - 13 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда;
касбий таълим ташкилотларида дуал таълимда иштирок этаётган ўқувчиларнинг иш вақти ва меҳнат стажини меҳнат қонунчилиги асосида ҳуқуқий ҳисобга олиш орқали уларнинг касбий тажрибаси ҳамда ички ва ташқи меҳнат бозорида расмий ишга жойлашиш имкониятларини ошириш механизми Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024-йил 16-октябрдаги ПФ-158-сон Фармонининг 11-иловаси 5-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2026-йил 24- июндаги 01/00-04/15-6639-сонли маълумотномаси).Таклифнинг жорий қилиниши натижасида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда назарий билим ҳамда амалий кўникмаларни бир вақтнинг ўзида шакллантириш, ўқувчиларнинг меҳнат стажини расмий ҳисобга олиш ва келгусида ички ҳамда ташқи меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўринларига жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга эришилган. 2024-йилда 418 та техникумда 7,7 мингта корхона ва ташкилот билан тузилган шартномалар асосида 30,8 минг нафар ўқувчи дуал таълим шаклида таҳсил олган бўлса, 2025-йилда 510 та техникумда 14,3 мингта корхона ва ташкилот билан тузилган шартномалар асосида 67,5 минг нафар ўқувчи дуал таълим шаклида таълим олмоқда. Мазкур кўрсаткични 2026-йилда 125 минг нафарга етказилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish