Sayt test rejimida ishlamoqda

Хайдаров Бекмурод Дўсияровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Лалмикор майдонларда бошоқли дон экинларини етиштиришнинг ресурстежамкор агротехнологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Qx293.
Илмий раҳбар: Телляев Рихсивой Шамахамадович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Хошимов Иброҳим Набиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: лалмикорликнинг қир-адирлик ҳудудларида тупроққа ишлов беришнинг турли технологияларини таққослаган ҳолда, илғор ресурстежамкор “Нуль- no till технология” қўллашни кузги, баҳорги буғдойнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва дон сифатига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор лалмикор қир-адирлик ҳудудларида турли усулларда минимал ишлов бериш ҳамда замонавий “Нуль- no till технология” асосида тупроққа кузда асосий ишлов бермасдан тўғридан-тўғри уруғ экиб буғдойдан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш мумкинлиги аниқланган;
республика лалмикор қир-адирлик ҳудудларининг сўнгги 35 йиллик об-ҳаво, тупроқ шароитлари, ёғингарчилик миқдорлари ва уларни йил давомида тақсимланиш ва сақланиш давомийлиги ишлаб чиқилган ва аниқланган;
замонавий “Нуль- no till технология” қўллашнинг уруғ униб чиқиши, кўчат сони, уларни сақланиш даражаси, ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланиш даврлари давомийлиги, биометрик кўрсаткичлари, ҳосилдорлик ва дон сифатига таъсири аниқланган;  
дунё амалиётида кенг қўлланилаётган “Нуль-no till технология” AGROLEAD Туркия сеялкасида тўғридан-тўғри буғдой уруғи экишнинг намлик, ҳарорат, тупроқ хоссаларига ва бегона ўтларга таъсири аниқланган;
лалмикорлик шароитида кузда етарли намлик бўлмаган ҳолатларда беҳуда сарф-харажатлар қилмай, баҳорги буғдой етиштириш самарали эканлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Лалмикор  майдонларда бошоқли дон экинлар етиштиришнинг ресурстежамкор агротехнологияларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
фермер хўжаликларига қўлланма сифатида “Лалмикор майдонларда ресурстежамкор Нуль-no till технология асосида бошоқли дон экинларини етиштириш бўйича” тавсияномаси тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3 майдаги 02/021-11-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома лалмикор ҳудудлари фермер хўжаликларига замонавий инновацион технологияни жорий этиш бўйича қўлланма сифатида хизмат қилган;
ресурстежамкор “Нуль-no till технология” AGROLEAD Туркия сеялкасида Ғаллаорол туманидаги фермер хўжаликларида  653 гектар ва Жиззах вилоятида жами 853 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3 майдаги 02/021-11-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида анъанавий экиш усулига нисбатан ҳар гектардан 0,8 центнергача қўшимча ҳосил олиш имкони яратилган;
 лалмикор майдонларда ресурстежамкор агротехнологияни асосида мақбул экиш муддатлари ишлаб чиқилган ва Зомин туманида 200 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3 майдаги 02/021-11-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида тупроқдаги намлик, ҳароратнинг юқори бўлиши, ўсимликнинг униб чиқиши, 1м2 даги туп сони ҳамда доннинг 5–7 кун эрта пишиб етилишига эришилган ва иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари 22 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish