Эркинов Илхомжон Элмуроджон ўғлининг
 фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):  “Жамият барқарор тараққиётини таъминлашда фуқаролар сиёсий иштирокини такомиллаштириш механизмлари”.
Ихтисослик шифри: 23.00.02-Сиёсий институтлар, жараёнлар ва технологиялар.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.4.PhD/Ss268
Илмий раҳбар: Мирзаахмедов Камолиддин Мансуржон ўғли, сиёсий фанлар доктори (DSc), профессор в.б.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети
ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/2025.27.12.Ss.01.09 рақамли Илмий кенгаш. 
Расмий оппонентлар: Жўраев Нарзулла Косимович, сиёсий фанлар доктори, профессор; Хикматов Фатхулла Хабибуллаевич, фалсафа доктори (PhD), доцент. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 
барқарор демократик ривожлантиришнинг муҳим омили ва мезонларидан бири сифатида фуқаролар сиёсий иштирокини такомиллаштиришнинг механизмлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фуқароларнинг фаол сиёсий иштироки даражасини белгиловчи индикаторлар тизимлаштирилиб, унга таъсир этувчи давлат сиёсий режимининг маъмурий-ҳуқуқий тартиби, фуқаролик жамияти институтларининг мобилизацион-коммуникатив салоҳияти ва координацияланган ижтимоий шериклик механизмлари доирасида шакллантириш жамият барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим шарти сифатида далилланган; 
сиёсий иштирок фуқароларнинг сайловларда қатнашиши ёки партияга аъзо бўлиши билан эмас, балки сиёсий жараёнларда проактив (ўз ташаббуси билан қатнашувчи), конструктив (муаммоларни ҳал қилувчи), мақсадга йўналтирилган (натижага эришишга қаратилган) ва стратег (ресурсларни самарали тақсимловчи) каби ижтимоий масъулиятли шахсни “оила-таълим-жамият-давлат” интегратив механизми орқали такомиллаштириш очиб берилган;
жамият барқарор тараққиётини таъминлашда фуқаролар сиёсий иштирокини такомиллаштиришнинг “интегратив модели” ишлаб чиқилиб, унинг институционал, рақамли ва делибератив компонентлари ўзаро комплекс тизим сифатида жамиятнинг демократлашув даражаси, сиёсий институтларнинг очиқлиги, жамиятда фаол ахборот муҳити ва фуқаролик маданияти детерминантларига самарали хизмат қилиши илмий асослантирилган;
фуқароларда интерактив, инновацион ва ижтимоий жавобгарликка асосланган сиёсий иштирокини чекловчи сиёсий (демократик институтлар ва қонун устуворлигининг заифлиги, сиёсий режимнинг маъмурий тўсиқлари), ижтимоий-иқтисодий (коррупсия ва ресурсларнинг нотенг тақсимланиши), маданий – психологик (ёлғон манипуляциянинг ортиши), технологик (рақамли фаолликнинг чекланиши) каби таҳдидлар аниқланиб, улар жамиятнинг сиёсий маргиналлашувга сабаб бўлиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Тадқиқотнинг натижалари, ундаги илмий хулоса ва таклифларнинг амалиётга жорий этилаётганлиги бўйича қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган:
жамият барқарор тараққиётини таъминлашда фуқароларнинг сиёсий иштироки барча сиёсий институтлар фаолиятининг стратегик истиқболини белгилаши ва сиёсий жараёнларни интегратив интенсивлашувига олиб келиши борасидаги илгари сурилган илмий хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партиясининг ахборот-таҳлилий ҳужжатларини тайёрлашда ҳамда дастурий вазифаларини тизимли таҳлил қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2025-йил 9-январдаги 6-10-сон далолатномаси). Натижада, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий тарғибот ишларини такомиллаштириш, аҳоли билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда партия томонидан фуқароларнинг сиёсий иштирокининг ҳуқуқий воситаларини ишлаб чиқилишига хизмат қилган;
фуқароларнинг сиёсий иштирок даражаси ва ҳарактери – улар учун бевосита аҳамият касб этувчи сабаблар ва иштирок этиш омилларига узвий боғлиқ бўлиб, давлат томонидан ўрнатилган бурч, мажбуриятларнинг легаллик-легитимлик нормасига, сиёсий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг уйғунлик даржасига боғлиқ етакчи мезонлари борасида илгари сурилган таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” доирасидаги дастурий ҳужжатларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг 2024-йил 25-декабрдаги 2-15-21-6981-сон маълумотномаси). Натижада, мамлакатимиз ёшларининг ислоҳотларга бўлган масъулият ва фуқаровийлик позицияларини такомиллаштиришга, давлат органларининг фуқаролик хизматчилари билан самарали мулоқот майдонини шаклланишига хизмат қилган;
сиёсий иштирок фуқаро учун муҳим манфаатларга дахлдор бўлган масалаларни ҳал этишда кўзланган мақсадларига эришиши, фаол фуқаровийлик ҳамда ўзини ўзи тасдиқлаш эҳтиёжларини рўёбга чиқариш каби сиёсий стереотиплар орақали тавсифланиши борасидаги амалий таклифларидан 2025-2029-йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури И бандида келтирилган “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, маънавий баркамол фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2025-йил 13-январдаги 01-27/08-сон далолатномаси). Натижада, партия электорати билан давлат ҳокимияти органлари жумладан, парламент фракция депутатлари ўртасидаги мулоқотнинг рационал легитимлигига эришиш ҳамда маҳаллий ҳокимият ва вакиллик органларининг ижрочилик фаолиятида “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида ижтимоий муаммоларнинг тизимли ҳал этишнинг инновацион усулларини самарали жорий этишга эришилган;
жамиятда давлат органлари ва хизматчиларида ўз манфаатларини амалга оширишга қаратилган коррупцион хавфларнинг кучайиши, аҳолида турмуш кечириш сифатининг пасайиши, сиёсий қадриятларнинг йўқолиб бориши ҳамда сиёсий тузилмаларнинг манипуляциялардан кўп фойдаланиши фуқароларда сиёсий маргиналлашувга олиб келиб, самарали сиёсий иштирокка тўсиқ бўлиши далилланганлиги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 2025-2029-йилларга мўлжалланган  сайловолди дастурининг “В. Миллий ва умуминсоний қадриятларга таянган жамият барпо этиш” бобининг 5.1. “Давлат ва жамоат ташкилотлари бошқарувини такомиллаштириш” ҳамда 5.1.1. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ошириш” йўналишларида келтирилган вазифаларни амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2024-йил 20-декабрдаги № 02/02-76-сонли далолатномаси). Натижада, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг халқ депутатлари кенгаши тизимидаги фаолиятида аҳолининг давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигига бўлган ишонч даражасини ошириш ҳамда давлат органларининг функсионал вазифаларини сифат жиҳатдан қонуний ривожланишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish