Тошназаров Иброҳим Эргаш ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Ўзбекистонда жамоатчилик назорати субектлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлиги муаммолари ва истиқболлари 23.00.02 – сиёсий институтлар, жараёнлар ва технологиялар.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Ss483
Илмий маслаҳатчи: Жалилов Актам Ташназарович  сиёсий фанлари доктори, профессор,
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси қошидаги илмий даражалар берувчи DSc.04/2025.27.12.Ss.01.01 рақамли Илмий Кенгаш.
Расмий оппонентлар: Юлдашев Анвар Эргашевич тарих фанлари доктори, профессор, Мухаммадиев Улуғбек Насриддинович сиёсий фанлар номзоди. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчилик назорати субектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:     жамоатчиликнинг давлат органларига ишончи, ҳуқуқ-тартибот тизимидаги сиёсий барқарорликка қўшган ҳиссаси ва фуқароларнинг иштирок даражаси илк бор комплекс мезон сифатида асосланувчи “Жамоатчилик назорати субектлари самарадорлигини баҳолашнинг сиёсий-институсионал мезонлари” (Ҳуқуқий-меёрий асосларнинг мустаҳкамлиги, Институсионал салоҳият ва ташкилий имкониятлар, Ахборот очиқлиги ва давлат органлари билан интеракция даражаси, Жамоавий иштирок ва инклюзивлик даражаси, Мониторинг ва таҳлилнинг сифат даражаси, аклифлар ва хулосаларнинг амалга татбиқ этилиши, Жамоатчилик ишончи ва легитимлик даражаси) ишлаб чиқилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига жорий этиш зарурати илмий асосланган;  
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга оширишда “ишонч капиталини шакллантириш” сиёсий категориясини илмий муомалага киритиш ва бу тушунча орқали жамоатчилик билан давлат органлари ҳамкорлигининг барқарорлиги ва самарадорлигини баҳолашда давлат органлари фаолияти устидан назорат фақат танқидий эмас, балки ҳамкорлик ва шериклик асосида амалга оширилишини таъминлайдиган сиёсий ёндашув бўлиши илмий асосланган;
  жамоатчилик назорати субектлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигини сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан тартибга солишда қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар (ҳамкорликнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилмаганлиги, жамоатчилик мониторингининг мазмуни ва чегаралари аниқ белгиланмаганлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлиги институсионаллашмаганлиги, жамоатчилик назорати натижалари бўйича давлат органларининг реакция механизми мавжуд эмаслиги)ни бартараф этиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларига қўшимча ваколатлар бериш зарурати илмий жиҳатдан асосланган;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида жамоатчилик шикоятлари бўйича фаолият юритадиган мустақил Омбудсман институтини жорий қилиш ва бу орқали фуқароларнинг давлат органларига ишончи ва “ишонч капитали”ни мустаҳкамлайдиган, давлат ва жамоатчилик ўртасида интерактив сиёсий мулоқот ва ҳисобдорлик механизмини таъминлайдиган сиёсий институт сифатида шакллантириш зарурати илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Ўзбекистонда жамоатчилик назорати субектлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлиги муаммолари ва истиқболлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жамоатчиликнинг давлат органларига ишончи, ҳуқуқ-тартибот тизимидаги сиёсий барқарорликка қўшган ҳиссаси ва фуқароларнинг иштирок даражаси илк бор комплекс мезон сифатида асосланувчи “Жамоатчилик назорати субектлари самарадорлигини баҳолашнинг сиёсий-институсионал мезонлари” ишлаб чиқилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига жорий этишга оид таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси фаолиятида (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 2025-йил 28-ноябрдаги 10503/Б-сонли маълумотномаси) фойдалинлган. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида жамоатчилик назорати самарадорлигини баҳолаш ва таҳлил қилиш тизими ташкил этилди, бу орқали фуқароларнинг иштироки даражаси ва давлат органларига ишончи кўрсатгичлари мониторинг қилинади;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга оширишда “ишонч капиталини шакллантириш” сиёсий категориясини илмий муомалага киритиш ва бу тушунча орқали жамоатчилик билан давлат органлари ҳамкорлигининг барқарорлиги ва самарадорлигини баҳолашда давлат органлари фаолияти устидан назорат фақат танқидий эмас, балки ҳамкорлик ва шериклик асосида амалга оширилишини таъминлайдиган сиёсий ёндашув бўлишига оид таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги  (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2025-йил 26-ноябрдаги 45/4714-сонли далолатномаси) фаолиятида фойдаланилган. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 11-апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-49-сон Фармонининг 3-иловаси 2-боб 6-бандини ижро этишда фойдаланилган;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида жамоатчилик шикоятлари бўйича фаолият юритадиган мустақил Омбудсман институтини жорий қилиш ва бу орқали фуқароларнинг давлат органларига ишончи ва “ишонч капитали”ни мустаҳкамлайдиган, давлат ва жамоатчилик ўртасида интерактив сиёсий мулоқот ва ҳисобдорлик механизмини таъминлайдиган сиёсий институт сифатида шакллантиришга оид таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2025-йил 25-ноябрдаги 10/3303-сонли далолатномаси) фаолиятида фойдаланилган. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2023-йил 11-мартдаги “Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 122-сон буйруғининг 1-иловаси 2-боб 5-бандини ишлаб чиқишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish