Sayt test rejimida ishlamoqda

Расулова Ферузахон Ғофировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алмашлаб экиш тизимларида сабзавот ва такрорий экинларнинг тупроқ унумдорлиги, ғўза ҳамда ғалла ҳосилдорлигига таъсири», 06.01.01–Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Qx156.
Илмий раҳбар: Халиков Баходир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Болтаев Сайдулла Махсудович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Иминов Абдували Абдуманнобович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Андижон вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли (1:1) сабзавот-ғалла ва сабзавот-ғўза алмашлаб экиш тизимларида кузги буғдой ва ғўзага ўтмишдош экин сифатида эртаки сабзавот ва такрорий экин турларини аниқлаш, уларнинг тупроқ унумдорлигига, шунингдек, кузги буғдой ва ғўзанинг ўсиши, ривожланиши ҳамда ҳосилдорлигига таъсирини аниқлашдан иборат.  
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Андижон вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли сабзавот-ғалла ва сабзавот-ғўза (1:1) алмашлаб экиш тизимларида кузги буғдой ва ғўзадан юқори ва сифатли ҳосил олишни ҳамда тупроқ унумдорлигини оширишни таъминлайдиган мақбул ўтмишдош эртаки сабзавот ва такрорий экин турлари аниқланган;
эртаки сабзавот ҳамда такрорий экинларнинг тупроқ унумдорлиги, микробиологик хусусияти, ундаги умумий ва ҳаракатчан озиқа моддалар миқдорига таъсири аниқланган;
вилоят шароитида қисқа навбатли сабзавот-ғалла ва сабзавот-ғўза (1:1)  алмашлаб экиш тизимларида такрорий экинларни илдиз ва анғиз қолдиқлари ва уларнинг таркибидаги озиқа моддалар миқдори аниқланган;
оч тусли бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли сабзавот-ғалла ва сабзавот-ғўза (1:1) алмашлаб экиш тизимларида эртаки сабзавот экинларни тупроқнинг сув-физик ва агрофизикавий хоссаларига таъсири аниқланган;
сабзавот-ғалла ва сабзавот-ғўза (1:1) алмашлаб экиш тизимларида сабзавот, ундан сўнг экилган такрорий экинларнинг кузги буғдой ва ғўзанинг ўсиши, ривожланиши ҳамда ҳосилдорлигига таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида сабзавот-ғалла ва сабзавот-ғўза алмашлаб экиш  тизимлари бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
Андижон вилоятининг фермер хўжаликлари учун «Алмашлаб экиш тизимларида сабзавот ва такрорий экинларнинг тупроқ унумдорлиги, ғўза ҳамда кузги буғдой ҳосилдорлигини ошириш бўйича Андижон вилояти фермер хўжаликларига тавсиялар» тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 18 июндаги 02/029-154-сон маълумотномаси). Бу тавсиянома Андижон вилоятининг ғаллачилик, пахтачилик, сабзавотчилик йўналишларидаги кўп тармоқли фермер хўжаликларида юқори ва сифатли дон ва пахта ҳосили олишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
суғориладиган ерлардан йил давомида самарали фойдаланиш мақсадида сабзавот-ғўза, сабзавот-ғалла алмашлаб экиш тизимида тавсия қилинган эртаки сабзавотлар (картошка, карам, бодринг, сабзи) ва такрорий экинларни (мош, соя) ўтмишдош сифатида экилиши ҳамда ушбу экинлар ўрнида ғўза ва кузги буғдой экилиб, мақбул парваришлаш агротехнологияси Асака туманида жами 67 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 18 июндаги 02/029-154-сон маълумотномаси). Натижада такрорий экинларнинг илдиз ва анғиз қолдиқлари ҳисобига оч тусли бўз тупроқларнинг агрофизик ва агрокимёвий хоссалари яхшиланган, тупроқда  мошдан  2,0–2,6 т/га, соядан 1,2–1,7 т/га илдиз ва анғиз қолдиқлари қолиб улар орқали тупроққа мос равишда 22–36; 26–30 кг азот, 11–17; 9–13 кг фосфор, 22–35; 14–20 кг калий моддалари қайтиши аниқланган ҳамда кузги буғдой дон ҳосилдорлиги ўртача гектаридан 48-52 центнер, ғўза парваришланганда эса ҳосилдорлик мос равишда 37,7–39,3 центнерни ташкил этган;    
 сабзавот-ғалла ва сабзавот-ғўза алмашлаб экиш тизимлари Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 54 гектар, Андижон туманида 18 гектар,  Қўрғонтепа туманида 39 гектар, Асака туманида 67 гектар, Шаҳрихон туманида 10 гектар, жами 188 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 18 июндаги 02/029-154-сон маълумотномаси). Натижада фермер хўжаликларида юқори натижалар олиниб, кузги буғдойдан гектарига 45,0–50,0 центнергача, пахтадан 35,0–38,0 центнергача юқори ва сифатли маҳсулот олиниб, ишлаб чиқаришда рентабеллик даражаси 18,0–22,0 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish