Ҳамроев Илёс Амировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Темирчаклар биоэкологиясини ўрганиш ва уларнинг зарарли турларига қарши замонавий кураш усулларини такомиллаштириш», 06.01.09–Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/Qx311.
Илмий раҳбар: Гаппаров Фуркат Ахатович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.
Расмий оппонентлар: Торениязов Елмурат Шерниязович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Юлдашев Фаррухбек Эргашбоевич, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Зоология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: темирчакларнинг тур таркибини ҳамда уларнинг зарарли турларини белгилаш, тарқалиши, ривожланиши ва қишлоқ хўжалиги экинларига етказадиган зарари ҳамда зарарли турларига қарши янги замонавий микробиологик ва кимёвий воситаларнинг биологик самарадорликларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор республикамиз вилоятларида темирчакларнинг 5 авлодига мансуб 12 тур қайд этилиб, уларнинг турли ҳудудлар бўйича стационал тарқалишини 5 та зарарли турларининг вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитлари, етиштириладиган қишлоқ хўжалик ва бошқа ўсимликлар билан озиқланиши аниқланган;
темирчаклар оиласининг муҳим вакилларидан ҳисобланган қишлоқ хўжалигига зарар келтирадиган турлардан думли, яшил, оқ пешона ва оддий кулранг темирчакларнинг ривожланиш фенологияси, урғочи зотларининг жинсий маҳсулдорлиги, қишлоқ хўжалик экинлари билан озиқланиши, думли темирчакнинг турли ривожланиш фазаларидаги ўлчамлари аниқланган;
зарарли темирчакларга қарши қўллаш учун экологик безарар микробиологик метаризум биопрепаратини қўллашнинг самарадорлиги асосланган;
зарарли темирчакларга қарши турли кимёвий гуруҳга мансуб янги, жумладан 10 та пиретроид, 2 та гормонал таъсирга эга бўлган, 2 та неоникотиноидлар гуруҳига мансуб, 2 та фенилпиразоллар гуруҳига мансуб кимёвий инсектицидларнинг қўллаш сарф-меъёрлари белгиланиб, уларнинг биологик самарадорлиги аниқланган;
зарарли темирчакларга қарши қўлланиладиган турли гуруҳга мансуб воситаларнинг хўжалик ва иқтисодий самарадорлиги илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда учрайдиган темирчакларнинг зарарли турларининг биоэкологиясини аниқлаш ва уларга қарши кураш бўйича тадқиқот натижалари асосида:
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги яйлов ва қишлоқ хўжалиги атрофидаги ҳудудларда жами 1000 гектар майдонда зарарли темирчакларга қарши Мерган ОФ-6, 6% м.с. (0,25 л/га) ва Римон, 10% эм.к, (0,03-0,06 л/га) кимёвий препаратлари жорий қилинган (“Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг 2018 йил 2 ноябрдаги 02-13/1769-сон маълумотномаси). Натижада 21 кундан сўнг ушбу кимёвий препаратлардан фойдаланиш туфайли 85,0% дан юқори биологик самарадорликка эришилган;
Тошкент вилояти ҳудудларида зарарли темирчакларга қарши Фаскорд, 100 г/л эм.к. (0,1 л/га), Эсфен альфа 5% к.э. (0,2 л/га), Атилла, 5% эм.к. (0,15-0,25 л/га) ва Багира 20% с.э.к. (0,05-0,1 л/га) препаратлари 55906 гектар майдонга жорий этилган (“Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг 2018 йил 2 ноябрдаги 02-13/1769-сон маълумотномаси). Натижада зараркунандаларнинг 85,5–90,6% гача камайиши сабабли бир гектар майдондан назоратга нисбатан (кунгабоқар экинида) 2–3 ц қўшимча ҳосил сақлаб қолинган;
зарарли темирчак турларига қарши Жиззах вилоятида 1000 гектар ва Тошкент вилоятида 55906 гектар майдонда кимёвий препаратлардан Фаскорд (0,1 л/га), Эсфен альфа (0,2 л/га), Атилла (0,15-0,25 л/га), Римон (0,03-0,06 л/га), Дербент (0,04-0,05 л/га) ва Мерган (0,25 л/га) препаратлари жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 4 декабрдаги 07/23-1121-сон маълумотномаси). Натижада яйлов ва мойли экинларда зарарли темирчаклар миқдори 85–90 фоизга камайган ва ҳар бир гектардан мос равишда 1646548,7–1705181,7 сўм соф даромад олишга эришилган.