Жаббарова Иқбол Хўжамуратовнанинг
тарих фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар: 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Қашқадарё воҳаси ирригация тарихи (1924-2024-й.й)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2022.4.PhD/Tar.265
Илмий раҳбар: Эргашева Юлдуз Алимовна, тарих фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети. PhD.03/27.02.2021.Tar.70.05.
Расмий оппонентлар: тарих фанлари доктори, профессор Комилов Ойбек Комилович; тарих фанлари доктори, профессор Холмуминов Ҳусан Эшмуминович; тарих фанлари доктори, профессор Суюнов Самаритдин Самадович.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади 1924 – 2024-йилларда Қашқадарё воҳасида ирригация тарихи, сув хўжалиги соҳасининг ижтимоий, иқтисодий ҳаётга таъсирини тарихий нуқтаи назардан таҳлил этишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: 
1924 – 2024-йиллардаги Қашқадарё воҳасининг ирригация тарихи яхлит тизимда ўрганилиб, илк бор 7 босқичга, яъни 1924–1935-йилларда анъанавий суғоришдан советча бошқарувга ўтиш; 1936–1950-йилларда илк лойиҳаларнинг яратилиши ва мавжуд тармоқларни сақлаш; 1951–1963-йилларда йирик ирригация лойиҳаларни кенгайиш ва Қарши чўлини ўзлаштиришнинг бошланиши; 1964–1990-йилларда йирик ирригация қурилишлари ҳамда мелиоратив-экологик муаммоларнинг кучайиши; 1991–2002-йилларда мустақилликнинг дастлабки шароитида соҳанинг қайта мослашуви; 2003–2016-йилларда сув тежовчи технологиялар ва дастлабки институционал ислоҳотлар; 2017–2024-йилларда сув хўжалигида янги давр – иқлим ўзгаришларига мослашиш, модернизация ва сув хўжалигини рақамлаштириш даври сифатида илмий даврийлаштириш мумкинлиги асосланган;
Қашқадарё воҳаси ирригация тарихининг ретроспектив таҳлили асосида анъанавий суғориш маданияти, мироблик тизими, ариқ ва каналлардан фойдаланишда шаклланган халқ амалий тажрибаси ҳамда воҳанинг табиий-географик хусусиятларига мос сув тақсимоти усуллари илмий жиҳатдан таҳлил қилиниб, совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида марказлашган сув бошқаруви жорий этилгани, барпо этилган ирригация иншоотлари орқали Амударё, Қашқадарё ва Зарафшон сувлари бирлаштирилиб, чекланган сув ресурслари ҳисобига воҳанинг барча ҳудудлари сув билан таъминланган бўлса-да, ХХ асрнинг 20-30-йилларида маҳаллий ирригацион тажриба Қашқадарёда суғорма деҳқончиликни сақлаб қолиш ва ривожлантиришда ҳануз муҳим тарихий омил бўлиб хизмат қилганлиги исботланган;
ХХ асрнинг 50–80-йилларида Қашқадарё воҳасида сув хўжалиги тизимини қайта қуриш, мавжуд сув иншоотларини мустаҳкамлаш, ариқ ва магистрал каналларни реконструксия қилиш, йирик гидротехник иншоотлар барпо этиш ҳамда Қарши чўлини ўзлаштириш жараёнлари таҳлил қилиниб, ушбу ўзгаришлар бир томондан суғориладиган ерлар майдонининг кенгайишига ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ўсишига хизмат қилгани, иккинчи томондан эса пахта яккаҳокимлиги, ерларнинг шўрланиши, мелиоратив ҳолатнинг мураккаблашуви ва сув ресурсларидан экстенсив фойдаланиш каби салбий оқибатларни келтириб чиқаргани далилланган;
Қашқадарё воҳаси ирригация тизимининг ривожланишида ўзбек ирригаторлари, сув хўжалиги мутахассислари, маҳаллий тажриба соҳиблари ва соҳа фидойиларининг тарихий хизматига боғлиқлиги, ирригация тармоқларининг барқарор ишлаши, сув тақсимоти амалиётининг такомиллашуви, суғориладиган ерларнинг кенгайиши ва гидротехник иншоотлардан самарали фойдаланиш жараёнлари фақат давлат сиёсати ёки техник инфратузилма билан эмас, балки миллий ирригаторлар мактабининг шаклланиши, яъни инсон омили, касбий тажриба, масъулият ва маҳаллий билимлар билан ҳам бевосита боғлиқ экани асосланган;
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасининг ҳуқуқий асослари, институционал ривожланиши ва Қашқадарё воҳасида амалга оширилган ислоҳотлар бу даврда сув ресурсларини бошқаришда бозор муносабатларига мослашув, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация-мелиорация тармоқларини модернизация қилиш, давлат дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида соҳани қайта ташкил этиш жараёнлари Қашқадарё ирригация тарихида янги институционал босқични бошлаб бергани, идоравий-марказлашган моделдан ҳавзавий, қисман марказсизлаштирилган ҳамда рақамлаштирилган бошқарув тизимига ўтилгани, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ва замонавий бошқарув ёндашувлари жорий этилгани натижасида соҳада барқарор ривожланиш сари силжиш юз бергани аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қашқадарё ирригацияси тарихи (1924-2024) га оид олинган илмий натижалар ва таклифлардан:
Қашқадарё воҳаси ирригацияси тарихи илк бор юз йиллик миқёсда яхлит ўрганилиб, анъанавий суғоришдан советча бошқарувга ўтишдан тортиб иқлим ўзгаришига мослашиш ва сув хўжалигини рақамлаштириш давригача бўлган 7 босқичли илмий даврийлаштириши ишлаб чиқилгани, мазкур даврийлаштириш бугунги ислоҳотларни тарихий тажриба билан узвий боғлаш имконини бергани асослаб берилган. Мазкур илмий натижалардан Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси музейи фондларини бойитиш ва такомиллаштириш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари бошқармасининг 2026-йил 31-мартдаги 01-04/981-сон маълумотномаси). Натижада ёшларда ҳудуд қишлоқ хўжалиги тарихи, суғориш тизимининг аҳамияти ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш маданияти тўғрисидаги билимларни кенгайтиришга хизмат қилинди.
Воҳа суғорилиши тарихининг ретроспектив таҳлили асосида халқнинг сувни тежаб тақсимлашга оид кўп асрлик амалий тажрибаси очиб берилиб, Бухоро амирлиги давригача суғориш тизимининг шаклланиши воҳанинг табиий-географик ҳолати билан чамбарчас боғлиқ кечгани ҳамда турли даврларда амалга оширилган ирригация лойиҳалари ва сувдан фойдаланиш тизимидаги муаммолар қиёсий-тарихий таҳлил воситасида асосланган. Ушбу илмий хулосалардан Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг келгусидаги дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 01-30/13-04-2026-сон маълумотномаси). Натижада аҳоли орасида олиб бориладиган тарғибот ишларида мамлакатимиз давлатчилиги тарихи ва деҳқончилик маданиятининг ривожи ёритилишига хизмат қилинган.
ХХ асрда Қашқадарё воҳасида сув хўжалигини марказлаштирилган бошқарувга ўтказиш, мавжуд сув иншоотларини мустаҳкамлаш, ариқ ва магистрал каналларни реконструксия қилиш ҳамда суғориладиган майдонларни кенгайтириш сиёсатининг кейинчалик воҳада пахта монокултураси қарор топиши ва сув-ер ресурсларидан экстенсив фойдаланишга замин ҳозирлагани архив ҳужжатлари асосида илмий жиҳатдан асослаб берилган. Мазкур илмий натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон 24” телеканалида намойиш этилган “Ахборот 24 / Ректор ва ёшлар учрашуви” лавҳаси ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2026-йил 8-апрел 03-09-620-сон маълумотномаси). Натижада томошабинларга Қашқадарё ирригацияси тарихидаги жараёнлар ва халқнинг сувдан фойдаланиш борасидаги амалий тажрибаси тўғрисида холис ҳамда илмий асосланган маълумотлар тақдим этиш имкони яратилди.
Қашқадарё воҳасида ирригация тизимининг изчил ривожланишида табиий шароит ва давлат сиёсати билан бир қаторда миллий ирригаторлар мактабининг шаклланиши, яъни касбий садоқат ва юксак масъулиятга таянган мутахассислар авлодининг фаолияти ҳал қилувчи омил бўлгани, айнан шу асосда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш таъминланиб, суғориладиган ерлар кенгайгани ва сув тақсимоти тизими такомиллашгани далилланган. Бу борадаги илмий хулосалардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2026-йил 7-апрелдаги 01-33-237-сон маълумотномаси). Натижада жамиятнинг кенг қатламлари орасида сув хўжалиги кадрлар соҳаси тарихига оид илмий билимларнинг ёйилишига хизмат қилинган.
Қашқадарё воҳасининг суғорилиши тарихига оид илмий натижалар (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 9-июн 04/22-2888-сон маълумотномаси) шуни кўрсатадики, мустақиллик йилларида Қашқадарё воҳаси мисолида сув хўжалиги бошқарувининг ҳуқуқий асослари ва институционал тизими тубдан ўзгариб, идоравий-марказлашган моделдан ҳавзавий, қисман марказсизлаштирилган ҳамда рақамлаштирилган бошқарув тизимига ўтилгани, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ва замонавий бошқарув ёндашувларининг жорий этилиши натижасида соҳада барқарор ривожланиш сари силжиш юз бергани тарихий-қиёсий таҳлил асосида аниқланган. Натижада сув хўжалигини бошқаришнинг замонавий ҳавзавий ва рақамли моделини такомиллаштиришда минтақанинг тарихий тажрибаси ҳамда институционал ўзгаришлар динамикасини инобатга олиш имкониятининг яратилганлиги далилланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish