Бафоев Фарруҳ Садриддинович
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ҳазрати Али ҳақидаги ўзбек ва турк халқ қиссаларининг қиёсий-типологик тадқиқи”, 10.00.08 – Фолклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.DSc/Fil807.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти
Илмий маслаҳатчи: Эшонқулов Жоппор Салиевич, филология фанлари доктори, профессор. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фолклори институти, DSc.05/2025.27.12.Fil.15.02  рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Исмат Четин, филология фанлари доктори, профессор (Туркия); Ражабов Дилшод Зарипович, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Сатторов Улуғбек Файзуллаевич, филология фанлари доктори, доцент. 
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек ва турк халқ оғзаки ижодида мавжуд бўлган ҳазрати Али ҳақидаги туркум қиссаларни тарихий-поетик ва қиёсий-типологик асосда комплекс таҳлил қилиш, қиссаларнинг сюжет қурилиши, мотивлар тизими, поетик хусусиятлари ҳамда образлар галереясини ўрганиш, уларда акс этган тарихий воқелик ва бадиий тўқиманинг ўрнини тадқиқ қилиш орқали мазкур туркумнинг жанр хусусиятлари ва туркий эпик тафаккур тизимидаги ўрнини белгилашдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
“Халқ қиссаси” истилоҳининг қиссахонлик анъанаси маҳсули бўлган асарларга нисбатан қўлланадиган атамалар орасида энг мақбул термин эканлиги аниқлаштирилиб, жанрнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда халқ қиссаларининг ғоявий-мавзуий мезонлар асосида диний-биографик, жангнома ва ишқий-романтик гуруҳларга ажратиш мумкинлиги назарий жиҳатдан асосланган:
ҳазрати Али туркумидаги халқ қиссаларининг юртимиз қўлёзма ва тошбосма фондларидаги манбалари илк бор тизимли равишда ўрганилиб, илмий тавсифланган ва каталоги тузилган, «Жангномаи фатҳ-ул-ислом» қиссаси табдил қилиниб илмий муомалага киритилган, мазкур туркумнинг «Қуръони Карим → ҳадис → сийрат китоблари → маноқиб → халқ қиссаси» тарзидаги генезиси ва тадрижий тараққиёт босқичларига эга эканлиги илмий далилланган;
ҳазрати Али туркумидаги ўзбек ва турк халқ қиссаларининг вариант ва версиялари қиёсий-типологик жиҳатдан тадқиқ этилиб, уларнинг номланиш тамойиллари ўрганилган, мазкур қиссалар тарихийлик нуқтаи назаридан соф тарихий ва бадиий-тўқима турларга ажратилган, уларнинг юзага келишига асос бўлган тарихий воқеалар Қуръони Карим, ҳадис ва бошқа ишончли тарихий манбалар асосида исботланган; 
ҳазрати Али туркумидаги халқ қиссаларининг сюжет ва мотивлар тизими қиёсий-типологик асосда таҳлил қилиниб, фақат мазкур туркумга хос бўлган «мазлумнинг ёрдам сўраб келиши» мотиви аниқланган ва унинг сюжетни ҳаракатлантирувчи мустақил мотив сифатидаги ўрни назарий жиҳатдан далилланган; 
ҳазрати Али туркумидаги халқ қиссаларининг поетикаси ва образлар тизими қиёсий-типологик асосда тадқиқ этилиб, қаҳрамонлар типологияси ва поетик-функсионал таснифи (рақиб образлар: воқеалар кулминациясида мусулмонликни қабул қиладиган ва қабул қилмай ҳалок бўладиган типлар; аёллар образлари: жангчи-аёллар (Зуфунун, Гулистон Бону), нофаол-оқила аёллар (Фотимаи Заҳро, Биби Ҳанифа), шунингдек, салбий қаҳрамон ўлароқ гавдаланган фаол-ҳийлагар аёллар (Ҳинд, Оташпараст Запирнинг онаси) ва том маънода нофаол-мутеъ(Жамила, Анбария) аёллар типлари) амалга оширилган, шунингдек, ўзбек версияларида образларни умумлаштирилган турдош номлар, турк версияларида эса атоқли отлар орқали индивидуаллаштириш устуворлиги асосланиб, мазкур фарқнинг ҳар икки халқнинг эстетик қарашлари ва қаҳрамонлик идеалига хослиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қиссахонлик анъанаси ҳамда унда ҳазрати Али ҳақидаги ўзбек ва турк халқ қиссаларининг ўрни ва аҳамияти, генезиси, вариант ва версиялари, сюжет ҳамда мотивлар тизими, образлар тизими ва поетикаси юзасидан олинган илмий натижалар қуйидаги йўналишларда жорий этилди:   
    тадқиқотчининг халқ қиссалари, ҳазрати Али ҳақидаги туркум асарларга доир илмий-назарий натижаларидан Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтида бажарилган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” фундаментал илмий лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2026-йил 2-июндаги № 3/1255-1499-сон маълумотномаси). Натижада  ўзбек халқ китоблари жилдига киритилиши режалаштирилган таянч матнлар базасини яратиш ҳамда матн юзасидан илмий изоҳлар ёзишда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 йиллиги таркибида нашрга тайёрланиши режалаштирилган “Ҳазрати Али” туркумидаги халқ қиссалари жилди учун зарур бўлган фактик материалларни жамлашда, мавзуга оид материалларни саралаш, уларнинг турли вариантларини тўплаш ва бадиий жиҳатдан энг мукаммал намуналари асосида таянч матнлар базасини яратишда тадқиқот давомида табдил қилинган, фолклор амалиёти давомида ёзиб олинган ва турли манбалардан йигʻилган халқ қиссаларидан фойдаланилишига эришилган;
қиссахонлик анъанаси ва ҳазрати Али ҳақидаги халқ қиссаларининг туркий халқлар оғзаки ижодида пайдо бўлиши, тарқалиши, қардош халқлар фолклоридаги ўзига хос хусусиятларини қиёсий типологик жиҳатдан таҳлил қилишда, халқ қиссалари, қисса-достонларнинг келиб чиқиши, генетик асосларини таҳлил қилишда, уларнинг ғоявий-мазмуний мундарижасига кўра таснифланишини илмий асослашда Фанлар  академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар  илмий  тадқиқот институтида бажарилган ФА-Ф-1-005 “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослик тарихини тадқиқ қилиш” (2017-2020) фундаментал тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2026-йил 6-февралдаги 43/01-сон маълумотномаси). Натижада, туркий халқлар фолклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ қилишда халқ қиссахонлигининг ўрни алоҳида таъкидланган ва лойиҳа доирасида таййорланган мақолалар ва монографийаларнинг илмий савийасини оширишга хизмат қилган;
бахши-қиссахонлар, қиссахонлик анъанаси ва халқ қиссалари, уларнинг халқ эпик тафаккуридаги ўрни ва аҳамиятини очиб беришда, халқ достонлари, хусусан, қаҳрамонлик достонларининг асосий таянчи ҳисобланган алплик тизими билан боғлиқ қарашларни таҳлил қилишда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида бажарилган “Инновацион технологиялар асосида бахшичилик мактаблари учун янги авлод ўқув адабиётларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг 2026-йил 22-майдаги 26-сонли маълумотномаси). Натижада халқ бахшичилиги, халқ достонлари ва халқ қиссаларининг ўзаро муносабати ҳамда халқ насридаги ўрни масалалари янада чуқурроқ ёритилиб, лойиҳа доирасида тайёрланган мақолалар ва монографияларнинг илмий савиясини оширишга хизмат қилган;
тарих, фолклор ва ёзма адабиёт муносабати, шунингдек, туркий халқлар фолклорини қиёсий тадқиқ этишда Туркия Республикаси Турк маданиятини тадқиқ этиш институти томонидан 2022–2024-йиллар давомида амалга оширилган «Турк дунёси фолклори» фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Турк маданиятини тадқиқ этиш институтининг 2026-йил 5-июндаги маълумотномаси). Натижада ҳазрати Али ҳақидаги халқ қиссаларининг юзага келиш тарихи, уларнинг туркий халқлар маданияти ҳамда тилининг кўп асрлик тажриба ва анъаналарини ўзида акс эттириши, образларнинг тарихий типларни мужассамлаштиришдаги функсиялари каби масалалар такомиллаштирилган;
туркий халқлар оғзаки ижоди, хусусан, ўзбек ва турк халқ қиссаларидаги аёл типлар ва уларнинг туркий халқлар тарихи, маданияти, фолклоридаги гендер масалаларни ёритишдаги аҳамиятини тарғиб қилишда тадқиқотнинг илмий-назарий қарашларидан Ўзбекистон  миллий  телерадиокомпанияси  “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг  “Тарих майдони” кўрсатувларида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2026-йил 1-январдаги 01-33/48-сон маълумотномаси).  Натижада халқ қиссаларининг туркий халқлар тарихини ўрганишдаги аҳамиятини кенг тарғиб қилишга эришилган;
миллий қадриятлар тизимида халқ қиссаларининг ўрни, уларни ижро этиш билан боғлиқ қиссахонлик анъаналарини тарғиб қилишда тадқиқотнинг илмий-назарий қарашларидан Ўзбекистон  миллий  телерадиокомпанияси  “Ўзбекистон” телеканалининг “Ойдин ҳаёт ливе” кўрсатувининг бир неча сонларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2024-йил 27-декарбдаги 01-44/564-сон маълумотномаси). Натижада халқ оғзаки ижодининг таълим-тарбиядаги ўрнини кенг тарғиб қилишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish