Нематуллаев Азамат Улуғбек ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи: “Давлатнинг ташқи сиёсатини амалга оширишда парламент иштироки механизмлари (қиёсий-сиёсий таҳлил)”, 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Ss671
Илмий раҳбар: сиёсий фанлар доктори, профессор Жўраев Қодир Асадович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи ва рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.11/25.08.2022.S.24.02
Расмий оппонентлар: Джумаева Гулнор Саттаровна — сиёсий фанлар доктори, доцент; Найимов Отабек Мардонович – сиёсий  фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти.
Диссертация йўналиши: сиёсий фанлар.
II. Тадқиқот мақсади: Мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишда замонавий парламентлар иштирокининг институционал ва сиёсий механизмларини қиёсий-сиёсий таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлигини белгиловчи омилларни аниқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ташқи сиёсатни амалга оширишдаги иштироки механизмларини такомиллаштириш юзасидан илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Парламентнинг мамлакат ташқи сиёсатидаги роли замонавий халқаро муносабатларнинг асосий назариялари (либерализм, институционализм неоинституционализм, кўп даражали бошқарув ва қарор қабул қилиш назариялари) асосида таҳлил қилиниб, унинг ташқи сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишдаги асосий функсионал ёʻналишлари такомиллаштирилди.
хорижий давлатлар, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия Федерацияси, Туркия, Қозоғистон ва Япония тажрибаси асосида парламентнинг мамлакат ташқи сиёсатида иштирокининг қиёсий-сиёсий таҳлили амалга оширилди ва илғор хорижий тажрибанинг Ўзбекистон шароитига мос келувчи элементлари (ратификация қилинган халқаро шартномалар ижроси юзасидан парламент назоратини кучайтириш, парламент махсус қўмиталарида эшитувлар ташкил қилиш, парламентнинг тадқиқот тузилмаларини кучайтириш ва б.) аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият консепсиясига Олий Мажлиснинг ташқи сиёсат соҳасидаги ваколатлари ва парламент дипломатияси механизмларини кенгайтиришга оид қўшимчалар киритиш зарурати асосланиб, мазкур таклифлар амалдаги миллий қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш баробарида миллий манфаатларни халқаро майдонда илгари суриш ва амалга оширишда парламент иштироки самарадорлигини оширишга хизмат қилиши исботланди.
Олий Мажлиснинг эксперт-таҳлилий салоҳиятини ошириш, унинг фуқаролик жамияти ва илмий доиралар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек рақамли парламент дипломатиясини жорий этиш орқали ташқи сиёсат масалалари бўйича халқаро онлайн мулоқот ва маслаҳатлашув механизмларини ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликнинг рақамли платформаларидан фаол фойдаланиш Олий Мажлиснинг миллий манфаатларни халқаро майдонда илгари суриш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши илмий жиҳатдан далилланди.
IV.Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши: Ушбу диссертация натижалари сиёсатшунослик, жаҳон сиёсати, халқаро муносабатлар, минтақавий-сиёсий жараёнлар, ташқи сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар олиб боришда ўқув қўлланма ва дарсликларни тайёрлашда фойдаланилиши мумкин. Илмий ишнинг амалий аҳамияти ушбу тадқиқот асосида парламентарийлар, тегишли вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ва тармоқ муассасалари ходимлари учун таҳлилий материаллар тайёрлашда, “Сиёсатшунослик асослари” “Халқаро муносабатлар”, “Қиёсий сиёсатшунослик”, “Қиёсий сиёсий тизимлар”, “Сиёсий таҳлил ва башорат”, “Минтақашунослик”, “Жаҳон сиёсати” , “Давлат ҳуқуқ назарияси” каби фанларни ўқитишда, ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқув дастурлари доирасида оʻқув материаллари ва тақдимотлар тайёрлашда қоʻлланилиши мумкин.
Тадқиқот натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг давлат ташқи сиёсатини самарали амалга оширишга кўмаклашишига хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасининг Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги амалдаги халқаро шартномаларнинг бажарилишига кўмаклашиш мақсадида амалга оширади деган таклиф 2022-йил 28-ноябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасининг Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиясининг регламенти”нинг 2-моддасида акс эттирилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2024-йил 30-августдаги 04/6-10-сонли хати) ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Ташқи сиёсий фаолияти консепсияси”га парламент ролини янада мустаҳкамлаб ўтиш мақсадида қўшимчалар қўшиш юзасидан таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030-йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–21-сонли Фармонига 1-илова “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишининг 79-мақсадини ишлаб чиқишда ҳамда такомиллаштиришда фойдаланилган (“Тараққиёт стратегияси” марказининг 2026-йил 2-июлдаги 389-сонли хати).

Yangiliklarga obuna bo‘lish