Sayt test rejimida ishlamoqda

Эрматов Ихтиёр Ризоқуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тилшунослик терминларининг шаклланиши ва тараққиёти (умумий ўрта таълим мактабларининг дарсликлари асосида)”, 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.PhD/Fil511.
Илмий раҳбар: Маҳкамов Неъмат, филология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.29.11.2018.Fil.46.03.
Расмий оппонентлар: Собиров Абдулҳай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор; Мадвалиев Абдуваҳоб Патахович, филология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тилшунослик терминларининг пайдо бўлиш манбалари ва шаклланиш босқичларини аниқлаш, ўзбек тилшунослик терминларининг умумтаълим мактаблари «Она тили» дарсликларида берилишини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХХ аср бошларидан мактабларда она тилининг фан сифатида ўқитилиши билан ўзбек тилшунослик терминларининг шакллана бошлаганлиги асосланган;
Фитратнинг «Сарф» ва «Наҳв» асарлари кейинги давр ўзбек тили грамматикаларининг яратилиши ва ўзбек тилшунослик терминологиясининг юзага келишига асос бўлгани очиб берилган;
ўзбек тилшунослик терминларининг дастлабки шаклланиш манбалари арабча, форс-тожикча ва русча тилшунослик терминлари бўлгани аниқланган;
ўзбек тилшунослик терминларининг турли даврларда яратилгани туфайли терминлар ўртасида синонимия вужудга келганлиги аниқланган;
мустақиллик даври ўзбек тилшунослик терминларининг меъёрлашуви ва тараққиёти «Она тили» дарсликлари мисолида очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбек тилшунослик терминларининг шаклланиши ва тараққиётини ўрганиш асосида:
умумий ўрта таълим мактаблари «Она тили» дарсликларидаги мавжуд терминларга берилган изоҳлардан, термин ва лингвистик тушунча муносабатига доир қарашлардан «Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати»ни яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази илмий-методик кенгаши томонидан нашрга тавсия этилган. –Тошкент: Фан, 2013. – 144 б.). Мазкур луғатдан умумий ўрта таълим ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими тизимида илмий-амалий манба сифатида фойдаланиш имконини берган;
тадқиқотчининг туб сўз, ясама сўз, исм, бош ҳарф, тўхташ белгиси, уядош сўзлар, сўз ясаш қолиплари, қўшимча, чўзғи, олмош, кўмакчи, кесим, гап маркази, ҳоким сўз, эргаш сўз каби тилшунослик терминларига берган изоҳлари ва уларни тўғри қўллаш бўйича тавсияларидан ФА-Ф1-Г041 рақамли «Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш» фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2019 йил 23 апрелдаги 3/1255-1243-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг «Ўзбек тили терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш» қисми янги илмий маълумотлар билан бойиган, терминлар изоҳи мукаммаллашган;
ўзбек тилшунослик терминларининг «Она тили» дарсликларида қўлланиши, тилшунослик терминларига берилган изоҳлар, тилшунослик терминлари ўртасидаги синонимия ва уларни бартараф этишга доир хулосалардан Сирдарё вилояти телерадиокомпаниясининг «Тил – миллат кўзгуси» рукнидаги кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Сирдарё вилояти телерадиокомпаниясининг 2019 йил 17 январдаги 47-сон ва вилоят телерадиокомпанияси Радио бош муҳарририятининг 2019 йил 17 январдаги 48-сон маълумотномалари). Натижаларнинг татбиқ этилиши билан кўрсатув ва радиоэшиттиришлар сценарийларининг илмий-оммабоплиги таъминланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish