Sayt test rejimida ishlamoqda

Шаропова Раъно Жахоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек тили ижтимоий-сиёсий терминларининг семантик-структур хусусиятлари ва лексикографик талқини», 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.PhD/Fil509.
Илмий раҳбар: Муродова Нигора Қулиевна, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, Phd.30.05.2018.Fil.70.
Расмий оппонентлар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор; Кўчимов Шухрат Норқизилович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади ўзбек тили ижтимоий-сиёсий терминларининг структур, семантик, ясалиш, лексикографик хусусиятларини аниқлаш, мавзуий гуруҳларини белгилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилидаги ижтимоий-сиёсий терминларнинг ички сиёсат, халқаро сиёсат ва илмий-сиёсий тушунча ифодаловчи мавзуий гуруҳлари, тарихий-этимологик ўз ҳамда ўзлашма қатламлари аниқланган;
ижтимоий-сиёсий терминларнинг “миқдор”нинг ошиб бориши” белгиси билан тартибланадиган бирикмали, жуфт, қўшма, содда структурал шакллари, аффиксал, композицион, семантик каби дериватив усулларининг соҳа терминологияси бойишидаги ўрни далилланган;
ижтимоий-сиёсий терминлар доирасида синонимия, вариантлилик, омонимия ҳамда кўп маънолиликнинг терминлар семантик тараққиёти ва умумистеъмол лексика асосида бойиш ҳисобига юзага келиши, уларнинг коммуникация жараёнига таъсири асосланган;
ижтимоий-сиёсий терминларнинг изоҳли луғати модели илгари сурилиб, унда гипонимик қонуниятнинг термин изоҳини шакллантиришдаги ўрни очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбек тили ижтимоий-сиёсий терминларнинг семантик-структур хусусиятлари ҳамда лексикографик таърифланишини очиб бериш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
ижтимоий-сиёсий терминларнинг содда, қўшма, жуфт, бирикма каби структурал шаклларига боғлиқ илмий натижалардан  ФА-Ф1-Г041 рақамли “Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш” номли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 16 майдаги 3/1255-1466-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида ижтимоий-сиёсий терминология кўламини белгилаш ва ижтимоий-сиёсий терминларни изоҳлашга доир назарий қарашлар мукаммаллашишига эришилган;
ижтимоий-сиёсий терминларнинг лексик ва семантик тараққиёти билан боғлиқ синонимия ва кўп маънолиликни аниқлаш борасидаги илмий натижалардан ХТ-Ф-2-004 рақамли “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” мавзусидаги лойиҳасида (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 30 январдаги 89-03-507-сон маълумотномаси) фойдаланилган. Тадқиқот натижалари асар матнини таҳлил қилишда ижтимоий-сиёсий терминлар устида ишлаш, ўқувчилар компьютер техникаси воситасида мустақил фикрлашга доир билимларини ошириш учун тузиладиган савол-топшириқларни тайёрлашга хизмат қилган;
жинс-тур изоҳи, унинг назарий асоси, жинс-тур изоҳидан фойдаланиб ижтимоий-сиёсий термин изоҳини шакллантириш тамойилларига доир тадқиқот натижаларидан “Ижтимоий-сиёсий терминларнинг қисқача изоҳли луғати”ни яратишда фойдаланилган (ISBN 978-9943-5575-2-9). Тадқиқот натижалари ижтимоий-сиёсий терминологик изоҳли луғатга терминлар танлаш ва уларни изоҳлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish