Иногамов Акмал Муратовичнинг
докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Оптик толаларни камёб ер элементлари билан модификациялаш усуллари ва уларнинг спектрал тавсифи», 05.04.02 – Радиотехника, радионавигация, радиолокация ва телевидение тизимлари ва қурилмалари. Мобиль, тола-оптик алоқа тизимлари ихтисослиги (техника фанлари).
Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: /катта илмий ходим-изланувчи/.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 30.09.2014/B2014.5.T329
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон Миллий университети, 16.07.2013.Т/FM.29.01.
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Раджабов Тельман Дадаевич, физика-математика фанлари доктори, академик.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Абдукаюмов Абдурашид Абдулхаирович, техника фанлари доктори, профессор; Бахромов Саъдулла Абдуллаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор; Рахимов Неъматжон, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: «UNICON.UZ» фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: камёб ер элементларига асосланиб мураккаб геометрияли кўп компонентли юпқа қатламларни вакуум муҳитида буғлантириш орқали оптик толаларни модификациялаш усуллари ҳамда камёб ер элементларининг юқори концентрацияли локал модификацияланган оптик толаларни тайёрлаш ва спектрал характеристикаларини ўлчашнинг оптик ва механик қурилмалар комплексини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оптик толаларни камёб ер элементлари билан модификациялаш мақсадида кварцли резонатор ва термик буғлантириш усулини қўллаган ҳолда вакуумда бошқаришли буғлантириш услуби ишлаб чиқилган;
оптик тола очиқ ўзагининг сиртида ҳосил қилинадиган (Er2O3 - Al2O3 - SiOx ва Er2O3 - Yb2O3 - Al2O3 - SiOx) кўп компонентли оптик юпқа қатламлар қалинлиги ва таркибини юқори аниқликда назорат қилувчи эрбий, иттербий, кремний ва алюминий оксидларини бир вақтнинг ўзида вакуум шароитида бошқаришли буғлантириш услуби ишлаб чиқилган;
эрбий ионларининг кластерланишини сўндириш хусусиятига эга структуралар намуналарини тайёрлаш ва шакллантирилган қатламларда эрбий ионларининг юқори концентрациясини (1020 - 1021) см-3 олишни таъминловчи оптик толаларни вакуум муҳитида модификациялаш усули яратилган ва экспериментал синовдан ўтказилган;
реактив газ (кислород) атмосферасида вакуумнинг 0,25-0,35 Па ((2-3)·10−3 мм сим.уст.) босим қийматларида металл эрбий ва алюминийнинг бир вақтда буғлантириш усулини қўллаш ёрдамида вакуум муҳитида модификацияланган оптик толаларнинг намуналари, оптик толали алоқа линиялари учун амалий аҳамиятга эга эрбий ионларининг (Er3+) ~1540 нм тўлқин узунлиги диапазонида интенсив фотолюминесценция (нур тарқата олиш қобилияти) мавжудлиги исботланган;
юқори тезликли оптик толали алоқа линияларида қўлланиладиган модификацияланган оптик толаларни ишлаб чиқишнинг активлаштирилган андазаларини тайёрлаш ва камёб ер элементлар актив ионларининг юқори концентрацияли (1020-1021) см-3 самарали планар, ҳамда оптик толали кучайтиргичларни яратиш усули ишлаб чиқилган;
камёб ер элементларини активлаштириш мақсадида интеграл оптик толали тизимлар учун модификацияланган оптик муҳитларда яратилган планар оптик кучайтиргичларни кўндаланг дамлаш услуби амалда тадбиқ этилган;
модификацияланган оптик толалар ва қисқа масофали оптик кучайтиргичларнинг спектрал характеристикаларини ўрганишда экспериментал тадқиқот натижаларини экранда кузатиш ва рўйхатга олиш усуллари ишлаб чиқилган;
модификацияланган оптик толалар асосида ишлайдиган қисқа масофали оптик толали кучайтиргичларни яратишда камёб ер элементларининг концентрацияси баландлиги, кучайтиргичларнинг шовқин факторининг пастлиги ва кучайтириш коэффициент кўрсаткичини юқорилигини таъминлаш меъзонлари ишлаб чиқилган;
эрбий ионларини вакуумда бошқаришли буғлантириш орқали яратилган оптик кучайтиргичларда шовқин-факторининг пастлиги ва OSNR (Optical signal noise ratio) параметрининг юқорилиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Таркибида соф эрбий ва германий диоксидининг фаоллаштирилган ионлари юқори концентрациясига эга бўлган вакуум муҳитида 1*10-3 дан 5*10-4 Па босими остида камёб ер элементларнинг термик буғлантириш орқали оптик толалар ярим маҳсулотини тайёрлашнинг соддалаштирилган ва зарарсиз, экологик хавфсиз усули жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси IAP 04944 ихтирога патент). Оптик толаларни вакуумда модификациялаш қурилмасида термик буғлантириш, буғлантирилган элементларни назорат қилиш ва буғланиш интенсивлигини бошқариш каби технологик жараёнларни ягона экспериментал комплексда бирлаштириш орқали олинган модификацияланган оптик тола ва оптик толали кучайтиргичлар миллий телекоммуникациялар оператори АК «Ўзбектелеком» оптик толали тармоқларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2015 йил 12 июндаги 02-8/2317-сон маълумотномаси). Оптик толаларни камёб ер элементлари билан легирлашда моддий ресурсларга кетадиган сарф-харажатларни 35% га ва оптик тола андазаларини яратиш вақтини 50% га камайтиришга эришилган. Қисқа масофали оптик кучайтиргичлар ва модификацияланган оптик толалар кўринишидаги натижалар, бошқарилувчи пунктлар орасидаги оралиқ масофани 30% га ошиши (1000 км оралиқда кучайтиргичлар сони 15 тага тўғри келади) ва регенерацион қурилмалар сонининг 1,5 баробар камайиши ҳисобига йиллик иқтисодий самара 72 млн. сўмни ташкил этган.