Sayt test rejimida ishlamoqda

Ботирова Шахло Исамиддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ҳозирги ўзбек романларида бадиий психологизм (Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат”, “Исён ва итоат”, “Сабо ва Самандар” романлари мисолида», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Fil774.
Илмий раҳбар: Пардаева Зулфия Жўраевна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети,  PhD.30.05.2018.Fil.70.01.
Расмий оппонентлар: Жўрақулов Узоқ Ҳайдарович, филология фанлари доктори; Ёқубов Исломжон Аҳмедович, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Улуғбек Ҳамдам насрида бадиий психологизмнинг намоён бўлиш принциплари, восита ва усулларини аниқлаш, ёзувчининг адабий анъанага ижодий ёндашув йўсини ва услубий индивидуаллигини умумлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Улуғбек Ҳамдам романларидаги бадиий психологизмни юзага чиқарувчи тасвир воситалари ва поэтик усуллар, ижодий индивидуаллик, бадиий шакл ва услуб ўзига хослиги сингари масалалар ўзбек ҳамда жаҳон адабиётшунослиги назарий тушунча ва тамойилларига таяниб асосланган;
ёзувчининг бадиий психологизмдан фойдаланишдаги ижодий маҳорати, адабий қаҳрамон яратиш ва характерлар руҳиятини бадиий далиллаш йўсини, қаҳрамонларга ҳиссий таъсир этадиган табиат манзаралари антитеза принципида ифодалангани, портретга хос характеристикаларда хатти-ҳаракат, ички динамика кузатилиши, қаҳрамонлардаги “ички фаоллик”ка катта эътибор берилгани бадиий матнга асосан ёритилган;
“Мувозанат” романида бадиий психологизмнинг намоён бўлиш ижодий тамойиллари адибнинг шаклий-услубий изланишлари, поэтик ифода тарзи контекстида “Исён ва итоат” романига хос “ички монолог” ва “онг оқими” ифода усулларининг персонаж нутқини индивидуаллаштириш ва психологик асослашдаги роли аниқланган;
“Сабо ва Самандар” романи эпик баён тарзи орқали У.Ҳамдам насрида поэтик анъананинг ўрни, психологик таҳлил уларда инсон маънавий-психологик ҳаётини талқин этишнинг синтезлашган усуллари билан уйғунлашиб кетганлиги ёритиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ҳозирги ўзбек романларида бадиий психологизмни тадқиқ этиш ҳамда унинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш асосида:
Жанр ички шаклларининг юзага келишининг тадрижий такомилига оид назарий қарашлари ва илмий хулосаларидан ФА-Ф1-ГОО2 рақамли «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг илмий масалаларини тадқиқ этиш» мавзусидаги фундаментал давлат лойиҳасини бажариш жараёнида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 6 мартдаги 89-03-938-маълумотномаси). Натижада, ихтисослик фанларини ўқитиш, малака ошириш курслари, шунингдек, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг дарс самарадорлигини оширишга эришилган;
ҳозирги ўзбек романларида бадиий психологизмнинг такомиллашиб бориши хусусидаги назарий фикрлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Жиззах вилояти телерадиокомпаниясининг “Ижоднинг сеҳрли олами” ва “Ассалом, Жиззах” тонгги дастури сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Жиззах вилояти телерадиокомпаниясининг 2019 йил 11 апрелдаги 01-08/434-маълумотномаси). Натижада, ёшлар орасида китобхонлик маданиятининг янада кенг шаклланишига, уларнинг маънавий оламини бойитишга ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish