Исаев Мирзо Сапоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Навоий кон-металлургия комбинатининг техноген чиқиндиларини саноатда ўзлаштиришнинг истиқболларини баҳолаш (2-ГМЗнинг 1-сон чиқиндилар омбори мисолида)”, 04.00.02 – Қаттиқ фойдали қазилма конларининг геологияси, уларни қидириш ва разведка қилиш. Металлогения ва геокимё (геология-минералогия фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/GM256.
Илмий раҳбар: Исоқов Мақсуд Узоқович, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: “Минерал ресурслар институти” ДМ, DSc.31/2025.27.12.GM.02.01.M.
Расмий оппонентлар: Карабаев Маматхан Садирович, геология-минералогия фанлари доктори, профессор; Тангиров Абдумутал Исамитдинович, геология-минералогия фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: “Олмалиқ кон-меаллургия комбинати” АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: “Навоий КМК” АЖ 2-ГМЗ чиқинди ҳосилалари таркибидаги қимматли компонентларнинг (олтин, кумуш ва бошқалар) фазовий тақсимланишини миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳолашнинг ягона илмий-услубий асосини ишлаб чиқиш, уларнинг захираларини ҳисоблаш ҳамда саноат миқёсида ўзлаштириш имкониятини геологик-иқтисодий жиҳатдан асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
чиқинди ҳосилалари моддасининг тузилишидаги бир жинсли бўлмаган хусусиятлар ва уларнинг тарқалиш чегаралари аниқланган;
чиқинди ҳосилалари таркибидаги қимматли компонентлар (олтин, кумуш ва бошқалар) ҳамда улар билан боғлиқ минерал комплексларнинг фазовий 3D-тақсимланиш параметрлари аниқланган;
қимматли компонентлар билан боғлиқ минерал комплекслар уларнинг учраш шаклларини аниқлаш асосида тизимлаштирилган, шунингдек, олтин, кумуш ва бошқа компонентларни ажратиб олиш даражасини белгиловчи технологик хусусиятлари баҳоланган;
2-ГМЗ чиқинди ҳосилалари мисолида тоғ-кон бойитиш саноатининг техноген чиқиндиларини саноат миқёсида ўзлаштириш имконияти техник-иқтисодий жиҳатдан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 2-ГМЗ чиқинди ҳосилалари таркибидаги қимматли компонентларнинг (олтин, кумуш ва бошқалар) фазовий тақсимланишини миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳолашнинг ягона илмий-услубий асосини ишлаб чиқиш, уларнинг захираларини ҳисоблаш ҳамда саноат миқёсида ўзлаштириш имкониятини баҳолаш асосида:
2-ГМЗ чиқиндихонаси чиқинди ҳосилаларида бурғилаш ва намуналаш услубиёти “Навоий КМК” АЖ амалиётига жорий этилган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2026 йил 22 сентябрдаги 08-5447-сон маълумотномаси). Натижада, комбинатнинг ўхшаш техноген чиқиндихоналарида қўллаш, геология-қидирув ишлари харажатлари ва вақтини тежаш, шунингдек, намуналашнинг ишончлилигини ошириш имконини берган;
техноген чиқиндиларда олтин тарқалишини аниқлаш ва ресурсларни баҳолаш учун ишлаб чиқилган 3D блокли моделлаш услубиёти “Навоий КМК” АЖ амалиётига жорий қилинган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2026 йил 22 сентябрдаги 08-5447-сон маълумотномаси). Натижалар янги рақамли технологиялар асосида техноген чиқиндиларни турли навлар бўйича қазиб олиш жараёнини янада самарали режалаштириш имконини беради;
минералогик ва технологик тадқиқотлар натижасида ишлаб чиқилган олтинни ажратиб олишнинг асосий технологик параметрлари “Навоий КМК” АЖ амалиётига жорий қилинган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2026 йил 22 сентябрдаги 08-5447-сон маълумотномаси). Натижалар техноген чиқиндилардан олтинни самарали ажратиб олиш имконини берган;
техноген чиқиндиларни саноат миқёсида ўзлаштириш истиқболларини техник-иқтисодий баҳолаш натижалари “Навоий КМК” АЖ амалиётига жорий қилинган (Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 2026 йил 22 сентябрдаги 08-5447-сон маълумотномаси). Натижалар “НКМК” АЖнинг минерал хомашё базасини кенгайтириш имконини беради.