Муқимов Шерали Ахмадали ўғлининг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасида яшил саноат сиёсатини юритиш асосида экологик хавфсизликни таъминлаш механизмларини такомиллаштириш”, 23.00.05 – “Миллий хавфсизлик муаммоларининг тизимли таҳлили ва прогнозлаштириш” (иқтисодиёт фанлари бўйича).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.DSc/Iqt779.
Илмий раҳбар: Аъзам Сардор Эркин ўғли, иқтисодиёт фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби, DSc.37/2026.10.06.Ss.01.01.
Расмий оппонентлар: иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ғайибназаров Баҳодир Каримович; иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Бозоров Акмал Амонович; иқтисодиёт фанлари доктори, доцент Султонова Гавхар Каримовна.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат иқтисодиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда яшил саноат сиёсатини юритиш асосида экологик хавфсизликни таъминлаш механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
экологик барқарорлик ва саноат тараққиёти ўртасидаги мувозанатга эришиш учун яшил саноат сиёсатини юритишнинг “яшил” талаб ва “яшил” таклиф муштараклигига асосланган дуал мақсадли моделини қўллаш зарурияти илмий асосланган;
Ўзбекистон Республикаси экологик хавфсизлигини таъминлаш жараёнида яшил саноат сиёсатининг истеъмолга йўналтирилган механизмлари орасида рақамли тарзда амалга ошириладиган рақобатли давлат харидларида экологик маркировкалаш ҳужжатига эга иштирокчиларга устуворлик бериш таъсирчанлик ва кўлам жиҳатдан устувор механизм эканлиги илмий асосланган;
яшил саноат сиёсатининг экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича самарадорлиги имтиёзларнинг шартлилик тамойили асосида тақдим этилиши билан бевосита боғлиқлиги исботланиб, Ўзбекистонда муайян фаолият турлари ва соҳаларга тақдим этилаётган операцион субсидиялар ўрнига пировард мақсадга асосланган субсидиялар ва фоизсиз ссудалаш амалиётига ўтишнинг илмий асослари ишлаб чиқилган;
яқин ва ўрта муддатли истиқболда саноатнинг экологик хавфсизликка салбий таъсирини минималлаш учун углерод изи юқори бўлган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини бозор тамойиллари асосида “яшиллаштириш”, бунинг учун эса “карбон йиғими”ни жорий этиш муқобил вариантлар ичида энг мақбул механизм экани исботланган;
жорий саноат сиёсати амалда бўлган тақдирда саноат корхоналари томонидан атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорининг 2030-йилга қадар прогноз кўрсаткичлари ҳисобланган ҳамда уларни қисқартириб боришнинг мақсадли кўрсаткичлари таклиф этилган..
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш кесимида яшил саноат сиёсатини юритиш методологиясини тадқиқ этиш давомида олинган илмий натижалар асосида:
яшил саноат сиёсатини юритишнинг “яшил” талаб ва “яшил” таклиф муштараклигига асосланган дуал мақсадли моделини қўллаш орқали экологик барқарорликни таъминлаш ва саноат ишлаб чиқаришини технологик жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга эришиш учун саноат корхоналарини энергия тежамкор ва инновацион технологиялар асосида модернизация қилиш дастурини қабул қилиш бўйича илмий таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил
11-октябрдаги ПҚ-331-сонли “Чарм-поябзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган 2024-2026 йилларда чарм-поябзал саноатини янада ривожлантириш ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш дастурининг 3-бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (“Ўзчармсаноат” уюшмасининг 2026-йил 4-февралдаги 02-10/221-сонли маълумотномаси). Натижада чарм-поябзал соҳасида фаолият олиб бораётган корхоналар учун экологияга зарар етказмаган ҳолда ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш имконияти яратилган;
Ўзбекистон Республикаси экологик хавфсизлигини таъминлаш жараёнида яшил саноат сиёсатининг истеъмолга йўналтирилган механизмлари орасида рақамли тарзда амалга ошириладиган рақобатли давлат харидларида экологик маркировкалаш ҳужжатига эга иштирокчиларга устуворлик бериш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 18-июндаги 371-сонли “Яшил” давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3-в бандини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026-йил 1-апрелдаги 04/10-40/646-сонли маълумотномаси). Мазкур ишланмаларнинг жорий қилиниши давлат харидлари орқали яшил истеъмолнинг кучайтирилиши, яшил таклифнинг ўсишига ҳисса қўшган;
саноат сиёсати самарадорлигини оширишда муайян фаолият турлари ва айрим соҳаларга тақдим этилаётган операцион субсидиялаш амалиётидан воз кечиб, уларни тизимли равишда пировард мақсадга асосланган субсидиялар ва фоизсиз ссудаларга алмаштириш орқали шартлилик тамойилини тўлиқ жорий қилишга оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-мартдаги ПФ-50-сонли “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 9-иловаси 44-бандини тайёрлашда ҳисобга олинган (Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг 2026-йил 8-июндаги 10.7/5-119221/26-сонли маълумотномаси). Натижада саноат корхоналари томонидан меҳнат унумдорликнинг оширилишига кучли мотивлар яратилиб, субсидияларнинг иқтисодий самарадорлиги ошишига асослар юзага келган;
экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитга иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш ҳамда саноат корхоналарини яшил технологияларни жорий қилишга рағбатлантириш мақсадида углерод изи юқори бўлган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун “карбон йиғими” тизимини жорий этиш ва ундан тушадиган маблағларни ҳудудларда экология муаммоларини ҳал этишга йўналтириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 30-январдаги ПФ-16-сонли “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг 4-иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши бўйича 2025-йилга мўлжалланган Амалий тадбирлар режаси 5-банди (46-мақсад: Фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш)ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг 2026-йил 8-июндаги 10.7/5-119221/26-сонли маълумотномаси). Ушбу солиқнинг жорий этилиши атроф-муҳит энг кўп ифлослантираётган корхоналарни эски ускуналарни замонавий, экологик тозаларига алмаштиришга, янги лойиҳаларни эса фақат яшил технологиялар асосида амалга оширишга мажбур қилади.
саноат корхоналари томонидан иссиқхона газлари эмиссиясини қисқартириш мақсадида киритиладиган инвестицияларни рағбатлантиришнинг жорий механизмлари орқали атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириб бориш бўйича 2030-йилга қадар прогноз параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги ПФ-21-сон Фармони билан цадиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 73-мақсадини (Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлаш бўйича кескин чоралар кўриш) ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг 2026-йил 8-июндаги 10.7/5-119221/26-сонли маълумотномаси). Ушбу илмий ишланманинг ҳисобга олиниши Ўзбекистон томонидан Париж келишуви (2015) орқали олинган халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича келгуси тенденсияларни аниқлашга хизмат қилган.