Каршиева Шохсанам Абдурашидовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қадимги туркий ёзма ёдгорликларнинг Ўзбекистонда ўрганилиши”, 10.00.02 – Ўзбек мумтоз адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Fil3077.
Илмий раҳбар: Маматқулов Музаффар Раҳмонқулович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гулистон давлат университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.38.01.
Расмий оппонентлар: Тўхлиев Боқижон, филология фанлари доктори, профессор; Абдуллаева Марғуба Дўстмиратовна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек адабиёти тарихида қадимги туркий ёзма ёдгорликларнинг тутган ўрни ва аҳамиятини турли жиҳатдан талқин ва тадқиқ этган ўзбек туркологларининг илмий ишларини ўрганиш, соҳада амалга оширилган ишларнинг тадрижи, мавзу кўлами, уларнинг илмий-амалий аҳамиятини аниқлаш ва белгилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек адабиётида қадимги туркий ёзма ёдгорликларга нисбатан шаклланган адабий-тарихий, бадиий-эстетик илмий қарашлар асосида ёдномалар фақат ёзма анъананинг бошланиш босқичи эмас, балки мукаммал поетик тизим, аниқ мафкуравий консепсия ва бадиий умумлаштириш даражасига эга йирик адабий жараён эканлиги, уларда тарихий воқелик бадиий талқин орқали умумтуркий маданий мерос шаклига келтирилганлиги исботланган;
қадимги туркий ёзма ёдгорликлар юзасидан тадқиқот олиб борган олимлар, хусусан, А.Фитрат, А.Қаюмов, А.Рустамов, Ғ.Абдураҳмонов, Н.Раҳмонов ва Қ.Содиқовлар учун ушбу ёдгорликларнинг бадиийлик консептлари, жанр хусусиятлари, тили ҳамда стилистик жиҳатлари асосий ракурс эканлиги аниқланган;
Култегин, Билга хоқон, Бўмин ва Истами хоқон образларининг якка шахс эмас, балки идеал давлат ва халқ етакчиси тимсоли сифатида талқин қилиниши, қаҳрамонлар тавсифида қўлланган тайёр формулаларнинг мавжудлиги ҳақидаги илк қарашлар Н.Раҳмонов номи билан боғлиқлиги далилланган;
Ўзбекистонда монийлик ва буддавийлик адабиёти намуналари хусусида тадқиқот олиб борган олимлар ёдгорликларнинг поетикаси, жанр имкониятлари, композицияси, образлар табиати, ритмик системаси, мифологик қонуниятларини аниқлаганлиги исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қадимги туркий ёзма ёдгорликларнинг Ўзбекистонда ўрганилишини қиёсий тадқиқ этиш жараёнига олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек адабиётида қадимги туркий ёзма ёдгорликлари мукаммал поетик тизим, аниқ мафкуравий консепсия ва бадиий умумлаштириш даражасига эга йирик адабий жараён эканлиги, уларда тарихий воқелик бадиий талқин орқали умумтуркий маданий мерос шаклига келтирилганлиги ҳақидаги илмий-назарий хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган ПЗ-2020042022-рақамли Давлат илмий-техник дастури доирасида 2021-2023-йилларда бажарилган “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” амалий грант лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 24-июндаги 04/1-1658-сон маълумотномаси). Натижада Ўрхун-Энасой ёдгорликларининг ўрганилиши ҳамда соҳада амалга оширилган ишлар орқали бадиий-эстетик таҳлиллар мазмунининг бойишига эришилган;
А.Фитрат, А.Қаюмов, А.Рустамов, Ғ.Абдураҳмонов, Н.Раҳмонов ва Қ.Содиқовларнинг тадқиқотларида ушбу ёдгорликларнинг бадиийлик консептлари, жанр хусусиятлари, тили ҳамда стилистик жиҳатлари асосий ракурс сифатида ўрганилганлигига доир хулослардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган АМ-Ф3-201908172 рақамли Давлат илмий-техник дастури доирасида 2021-2023-йилларда бажарилган “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги амалий грант лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 24-июндаги 04/1-1657-сон маълумотномаси). Натижада қадимги туркий буддавийлик намуналари тадқиқи хусусида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистонда қадимги туркий ёзма ёдгорликларнинг ўрганилишига доир тадқиқотларнинг миқёси, етакчи тамойиллари, йўналишлари, ўзига хослиги ва илмий аҳамиятини исботлаш масалалари лойиҳалаш асосида такомиллаштирилганлиги очиб берилишига эришилган;
Култегин, Билга хоқон, Бўмин ва Истами хоқон образларининг якка шахс эмас, балки идеал давлат ва халқ етакчиси тимсоли сифатида талқин қилиниши, қаҳрамонлар тавсифида қўлланган тайёр формулаларнинг мавжудлиги ҳақидаги илк қарашлар Н.Раҳмонов номи билан боғлиқлиги, Шу билан бирга, ўзбекистонлик олимларнинг монийлик ва буддавийлик адабиёти намуналари бўйича олиб борган тадқиқотлари натижасида бу ёдгорликларнинг поетикаси, жанр имкониятлари, композицияси, образлар табиати, ритмик системаси ҳамда мифологик қонуниятлари аниқланганлигига доир мулоҳазалардан Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг “Тил – миллат кўзгуси”, “Янги Ўзбекистон фарзандлари” телекўрсатувлари сенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2024-йил 16-октябрдаги 291- ва 295-сон маълумотномалари). Натижада мазкур кўрсатувлар янги илмий-назарий маълумотлар билан бойитилиб, уларнинг илмий-маърифий савиясининг янада юксалишига хизмат қилган.