Sayt test rejimida ishlamoqda

Умурзоқова Марҳабо Эгамбердиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берилган фан тармоғи номи): “Ўзбек тилида сегмент қурилмаларнинг лингвопрагматик тадқиқи”, 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Fil22.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети «Ўзбек тилшунослиги» кафедраси.
Илмий раҳбар: Маҳмудов Низомиддин Мамадалиевич, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017.Fil.19.01. рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Худойберганова Дурдона Сидиковна, филология фанлари доктори, Пардаев Азамат Бахронович, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тилида сегмент қурилмаларнинг семантик-структур, лингвопрагматик хусусиятларини ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тасаввур номлари ва мавзу ифодаловчи гапларнинг сегмент бирлик сифатида таъкидлаш, ажратиб кўрсатиш, воқеликни эслатиш, ишора қилиш хусусиятлари очиб берилган;
сегмент қурилмаларда ижобий ва салбий баҳо муносабати ёритиб берилган;
сегмент қурилмаларнинг матндаги ўрни, эмоционалликни таъминлаши, матнни шакллантириши, сўзловчи прагматик интенцияси, тасдиқ ва талаб нутқий актининг акс этиши асосланган;
ёйиқ сегмент қурилмаларнинг гапни мазмунан мураккаблаштириши, уларнинг пресуппозиция сигнализатори эканлиги, дейктик белгили сегмент қурилмаларнинг предмет, шахс ва ўринга ишора қилиши очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбек тилида сегмент қурилмаларнинг лингвопрагматик хусусиятлари тадқиқи юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
сегментация, унинг юзага келиши, матн шакллантириш имкониятлари ҳақидаги тушунчалардан А-1-61 рақамли «Кўриш имконияти чекланган талабалар учун тилшунослик фанлари бўйича аудиокитоб таъминотини яратиш» амалий лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 23 январдаги 89-03-379-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида лойиҳа материаллари сегмент қурилмалар, уларнинг бадиий матндаги ўрни ва аҳамияти ҳақидаги янги илмий манба ва қарашлар билан бойиган;
сегментация, пресуппозиция, парцелляция, прагматик интенция, реципиент, пресуппозиция сигнализатори, реприза, антиципация каби прагматикага оид терминлар изоҳларидан, уларни тўғри қўллаш бўйича тавсиялардан ФА – Ф1-Г041 рақамли «Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш» номли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 23 майдаги 3/1255-1525-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа илмий-назарий маълумотлар билан бойитилган;
ўзбек тилидаги сегмент қурилмаларнинг экспрессивликни ифодалашдаги ўрни, ёзувчи услубини шакллантирувчи, бадиийликни таъминловчи услубий восита эканлиги ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2016–2018 йиллар давомида «Маҳалла» канали орқали эфирга узатилган «Аждодлар хазинаси» кўрсатув сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг 2019 йил 19 мартдаги 01.18.394-сон маълумотномаси). Натижада ушбу телекўрсатувлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукаммаллашган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish