Фармонова Моҳинур Фахритдиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон:

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Бадиий матнда кодлар (Оғуз Атай ва Назар Эшонқул ижоди мисолида)”, 10.00.06 - Қиёсий адабиётшунослик  ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: №B2023.4.PhD/Fil4220.
Илмий раҳбар: Муродов Ғайрат Некович, филология фанлари доктори (DSc), профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.08.08.
Расмий оппонентлар: Адизова Ободон Истамовна, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Жўрақулов Узоқ Ҳайдарович, филология фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи илмий муассаса: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Оғуз Атай ва Назар Эшонқулнинг обект сифатида танланган бадиий асарлари таркибидаги кодларнинг матнлараро боғланишдаги ўрни ва аҳамиятини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
структурал таҳлил натижасида бадиий асар ҳамда бадиий матн ўртасидаги тафовутлар илмий-назарий мезонлар асосида аниқланган, бадиий матн кодлари борасидаги мавжуд тадқиқотлардаги маълумотлар умумлаштирилган, бадиий коднинг якуний илмий таърифи тақдим этилган ва масалага оид назарий асослар тизимли равишда очиб берилган;
Бартнинг “5 код” назарияси қайта ишлаб чиқилган ҳамда “5+2 код” модели кўринишида шакллантирилган, бадиий матннинг мавжуд кодлари сирасига мифологик ва график код киритилган, уларнинг илмий таърифи берилган ва бадиий структурадаги аҳамияти ёритилган;
Оғуз Атай ва Назар Эшонқул романлари илк бор 5+2 модели асосида кодлар тизими орқали қиёсий таҳлил қилиниб, уларнинг бадиий матн структурасида акс этган поетик, маданий, психологик ва интертекстуал кодларнинг ўзаро уйғунлиги ҳамда миллий-эстетик тафаккурдаги ифодаланиш хусусиятлари исботланган;
кодларнинг кўпқатламли талқини, бир код ичида бир нечта бошқа кодларнинг мавжуд бўла олиши ҳамда интертекстуал алоқалар масаласи чуқур таҳлил қилинган, илмий хулосалар эса аниқ мисоллар асосида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилинганлиги. Бадиий матндаги кодларни турк ёзувчиси Оғуз Атай ва ўзбек ёзувчиси Назар Эшонқул ижоди доирасида структурал нуқтайи назардан қиёсий таҳлил қилиш бўйича олинган натижалар асосида: 
бадиий матнларда кодларнинг структурал таҳлили асосида намоён бўлувчи матнлараро алоқадорлик, яъни интерматн муносабати Бухоро адабий муҳити ижодкорларининг илмий-адабий меросини ўрганишда, локал анъаналарнинг интерматн алоқаларга таъсири ҳамда бу таъсирнинг Бухоро адабий муҳитида акс этишини тадқиқ қилишда асосли назарий маълумотлар ва хулосалардан Бухоро давлат университетида 2024-йилда бажарилган АЛ-662204396 “Бухоро адабий муҳити ижодкорларининг илмий-адабий мероси бўйича электрон платформа яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасида фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2025-йил 25-апрел санасидаги 2699-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа Бухоро адабий муҳити ижодкорларининг бадиий асарларини таҳлил қилишда интерматн хусусиятлари, макон бирлигининг интерматнга таъсири борасидаги янги маълумотлар билан бойитилган;
тадқиқот ишининг асосини ташкил қилувчи бадиий матн кодлари, структурал таҳлил ва матндошлик алоқалари борасидаги фикр-мулоҳазалар ҳамда илмий қарашлар “Адабиёт – миллат эртаси” кўрсатувининг 2024-йил 23 ва 28-феврал сонларидаги ссенарийсига киритилган ва кўрсатувда тадқиқотчи билан бевосита суҳбат олиб борилган (Бухоро вилоят телерадиоканалининг 2025-йил 6-майдаги 01-09-93-сонли маълумотномаси). Мазкур ишнинг илмий хулоса ва натижаларидан фойдаланиш туфайли ушбу телекўрсатув учун тайёрланган материалларнинг мазмуни назарий-амалий далиллар билан бойитилиб, кўрсатувнинг илмий-оммабоплик хусусияти оширилган;
мазкур диссертацияда баён этилган фикрлар, таҳлилга тортилган асарлар ҳақидаги қараш ва мулоҳазалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими ҳузуридаги “Нилуфар” адабий тўгараги, шунингдек, вилоят шаҳар ва туманларидаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган адабий тўгараклар машғулотларида, замонавий ўзбек насри доирасида Назар Эшонқулнинг серқирра ижодини ўрганишга, қиёсий адабиётшуносликнинг ўзбек-турк йўналиши доирасида Оғуз Атай ижодини китобхонлар билан таништиришга, тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилоят бўлимининг 2025-йил 6-майдаги 14-сонли маълумотномаси). Тадқиқот ишининг қиёсий адабиётшунослик, матн кодларининг таърифи, таснифи ҳамда матндошлик тамойиллари билан боғлиқ илмий-амалий таҳлилларни билан таништириш натижасида тўгарак аъзоларининг адабиётшунослик ва матн таҳлилига оид билимлари кенгайишига эришилган;
халқаро ҚС рейтинги натижаларига кўра 2025-йилда Санъат ва ижтимоий фанлар соҳасида 391-ўринни эгаллаган Қирғизистон-Туркия Манас университети Туркология бўлимида 2025-йилнинг 21-22-апрел саналарида 1-курс талабаларига Қиёсий адабиётшунослик, Қардош халқлар адабиёти фанлари доирасида “Ўзбек-турк қиёсий адабиётшунослигида янги саҳифа: Оғуз Атай ва Назар Эшонқул” мавзусида 12 соатлик семинар дарси ўтган (Қирғизистон-Туркия Манас университети Туркология бўлимининг 2025-йил 22-апрел санасидаги маълумотномаси). Семинар дарслари мобайнида ҳар икки ёзувчининг асарлари структурал жиҳатдан таҳлилга тортилган. Мазкур семинар дарсда талабалар замонавий ўзбек насрининг бугунги манзараси, матн кодларини таҳлил қилиш тамойиллари ва матндошлик хусусиятлари борасида атрофлича назарий билимларга эга бўлишган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish