Мустафоқулова Зарифа Баходир қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Рус ва ўзбек педагогик дискурсида қўлланиладиган англицизмларнинг семантик хусусиятлари”, 10.00.13 – Қиёсий ва чогʻиштирма тилшунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.4.PhD/Fil6831.
Илмий раҳбар: Тўраева Умида Шухратовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий Кенгаш рақами: Термиз иқтисодиёт ва сервис университети, PhD.03/27.12.2025.Fil.13.02.
Расмий оппонентлар: Саттарова Елена Анатолевна, филология фанлари боʻйича фалсафа доктори (PhD), доцент; Ҳошимова Дилдора Мадаминовна, филология фанлари доктори, профессор
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади рус ва ўзбек педагогик дискурсида қўлланиладиган англицизмларнинг структур-семантик хусусиятлари, бошқа тиллардан ўзлашув йўллари ҳамда, тилда трансформацион жараёнларини чоғиштирма аспектда очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тилшуносликда педагогик дискурсга оид англицизмлар тадқиқининг назарий-методологик асослари ёритилган, мавжуд илмий ёндашувлар умумлаштирилган, инглиз тилидан ўзлашишнинг лингвистик хусусиятлари аниқланган ҳамда педагогик дискурсда қўлланилаётган англицизмларнинг асосий турлари таснифланиб, тавсифланган;
рус ва ўзбек педагогик дискурсидаги англицизмларнинг лексик-семантик хусусиятлари аниқланиб, улар лексик-семантик ва структур-семантик майдонлар бўйича тизимлаштирилган; глобаллашув ва рақамли таълим технологиялари таъсирида кириб келаётган англицизмларнинг ўзбек тилига таълимий эҳтиёжлар асосида маъновий мослашуви атрибутив ва предикатив вазифалар доирасида намоён бўлиши илмий жиҳатдан асосланган;
рус ва ўзбек педагогик дискурсидаги англицизмларнинг бевосита ва билвосита ўзлашув механизмлари аниқланган, инглиз тилидан бевосита ҳамда рус тили воситасида билвосита ўзлашган бирликларнинг фонетик, морфологик ва семантик мослашув хусусиятлари қиёсий таҳлиллар асосида далилланган;
рус ва ўзбек педагогик дискурсидаги англицизмларнинг семантик трансформация хусусиятлари аниқланган, маъно кенгайиши, маъно торайиши, метафорик кўчиш жараёнларининг қиёсий тавсифи берилган ҳамда педагогик дискурсда қўлланилаётган айрим англицизмларнинг семантик ривожланиш тенденсиялари илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Рус ва ўзбек педагогик дискурсидаги англицизмларнинг семантик хусусиятларини ўрганиш асосида:
ўзбек ва рус педагогик дискурсида қўлланилаётган англицизмларни чоғиштириб ўрганиш орқали ўзлашмаларнинг семантик хусусиятлари, хусусан, замонавий рус ва ўзбек лексикасида кун сайин ортиб бораётган инглиз ўзлашмаларининг сўз олувчи тилларда мослашиб бориши, ўзлашув манбалари ва семантик трансформация жараёнларига доир назарий асослар ва хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020–2023 йилларда бажарилган АМ-Ф3-201908172 “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 3-октябрдаги 01/4-4672-сон маълумотномаси). Натижада англицизмларнинг рус ва ўзбек тилларидаги ўзлашув усуллари, семантик-структур хусусиятлари ва лексик-семантик мослашув механизмлари ҳақидаги илмий хулосалар таълимий корпус яратиш методологиясини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
рус ва ўзбек тилларидаги педагогик дискурсга оид англицизмлар назарий асослари очиб берилганлиги, англицизм турлари таснифланган, аксарият англицизмларнинг инглиз тилидан ўзбек тилига ўзлашиши билвосита эканлиги, лексикографик хусусиятларга кўра бир тилдан иккинчи тилга транслетирация ҳамда калкалаш услуллари орқали ўзлашганлиги аниқланиб, рус ва ўзбек тилларида қўлланаётган англицизмлар лингвистик хусусиятлари лексик-семантик ва структур-семантик майдонларга кўра тизимлаштирилиши аниқланган, глобаллашув жараёни ва технологик ўзгаришлар таъсирида инглиз тилидан кириб келаётган бирликларнинг таълимий эҳтиёжлардан келиб чиқиб мазмунан мослашиши, бу мослашувлар эса атрибутив ёки предикатив вазифавийлик асосида шаклланиши илмий жиҳатдан асослаб берилганлиги хусусидаги хулосалар ва амалий натижалардан Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2022–2024 йилларда амалга оширилган АҚШ элчихонаси ҳамда Америка Кенгаши ҳамкорлигида молиялаштириладиган “Энглиш Аccесс Миcросчоларшип Програм” номли хорижий лойиҳада фойдаланилган (Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 2025-йил 14-августдаги 721/02-сон маълумотномаси). Натижада умумий тилшунослик, чоғиштирма тилшуносликка бағишланган маъруза ва амалий машғулотлар ташкиллаштиришда, дарслик ва қўлланмалар яратишда, курс иши, мақола ва тезислар тайёрлашда, тадқиқот манбаларини оптималлаштириш бўйича тавсиялар беришда қўлланилиши мумкин;
рус ва ўзбек педагогик дискурсидаги англицизмларнинг семантик тизимида маъно торайиши, маъно кенгайиши, метафорик ўзгариш, семантик кўчиш ҳодисалари фаол эканлиги аниқланиб, қатор англицизмлар маъно кенгайиши билан бирга семантик маъно торайиши хусусиятларига эга эканлиги аниқланган, коммуникативлигига кўра, мазкур бирликларнинг коннотацияси педагогик дискурснинг семантик майдон динамик ўзгарувчанлиги асосида когнитив-метафорик трансформацияга учраганлиги ҳақидаги янгиликлари ва хулосаларидан “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Таълим ва тараққиёт”, “Жаҳон адабиёти” номли дастурлар сенарийсини тайёрлашда (2024-2025 йиллар) фойдаланилган. англицизмларнинг педагогик дискурсда фаол ишлатилиши, уларнинг миллий тил ва маданиятга таъсири ҳамда ўзбек тилининг бойитилиши билан боғлиқ хулосалар ва тавсиялардан “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот марказида амалга оширилган 81-12/202 “Миллий қадриятлар ёшлар ардоғида” мавзусидаги лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот марказининг 2025-йил 22-сентябрдаги МЛ01/01-13-сон маълумотномаси). Натижада инглиз тилидан кирган англицизмларнинг миллий-маданий адаптация хусусиятлари, ўзбек тили ва маданиятига таъсирини ёритиш орқали давлат тилининг софлигини сақлаш ва ёшлар ўртасида миллий тил маданиятини тарғиб қилишга доир тарғибот-маърифий ишлар мазмунини бойитишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish