Исмайилов Жуманазар Исматовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Маҳаллий калийли ўғитни ғўза ва кузги буғдойда қўллашнинг илмий асослари (Суғориладиган типик, оч тусли бўз ва ўтлоқи-аллювиал тупроқлар шароитида)”, 06.01.04– Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2020.3.DSc/Qx162
Илмий маслаҳатчи: Ибрагимов Назирбай Мадримович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, DSc.08/2025.27.12.Qx.06.01.
Расмий оппонентлар: Мирзаев Лутфулло Арибжанович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Каримов Хусниддин Нагимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Кенжаев Юнус Чинтошевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади суғориладиган турли тупроқлар шароитида маҳаллий калийли ўғитни ғўзада қўллаш меъёр, муддатларига боғлиқ ҳолда тупроқдаги калийнинг шакллари, динамикаси ва мувозанатига таъсирини аниқлаш ҳамда кузги буғдойдаги (ғўза-кузги буғдой қисқа ротацияли навбатлаб экиш тизимида) мақбул усул ва муддатларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маҳаллий хомашёдан тайёрланган калийли ўғитни суғориладиган типик, оч тусли бўз ва ўтлоқи-аллювиал тупроқлар шароитида ғўзада ва типик бўз тупроқларда кузги буғдойда қўллаш технологияси илмий асосланган;
маҳаллий хомашёдан тайёрланган калийли ўғитни тупроқдаги калий шакллари, мувозанати, тупроқ унумдорлигига таъсири ҳамда ғўза ўсимлигининг ўзлаштириши коеффициенти асосланган ва суғориладиган типик бўз тупроқларда соф ҳолда 50 кг/га кузги шудгор остига, 50 кг/га ғўзанинг шоналаш даврида қўлланилганда тупроқнинг 0-30 см қатламида фонга (Н-200 П2О5-140 кг/га) нисбатан умумий, қийин ўзлаштириладиган (кислотада эрийдиган ва фиксацияланган) ҳамда енгил ўзлаштириладиган (органик ва алмашинувчи) шакллари ортганлиги исботланган;
калийли ўғит қўлланилмаган фонда (Н-200 П2О5-140 кг/га) алмашинувчи калий миқдорлари тупроқнинг ҳайдов қатламида дастлабки ҳолатига нисбатан уч йилда оч тусли бўз тупроқларда (39 мг/кг) ва ўтлоқи-аллювиал тупроқларда (53 мг/кг) камайганлиги аниқланган;
ирригация эрозиясига учраган типик бўз тупроқларнинг кучли ювилган айирмаларида калийли ўғитни 50 кг/га кузги шудгор олдидан ва 50 кг/га ғўзани шоналаш фазасида, ўртача ювилган айирмаларида йиллик меъёрини 100 кг/га кузги шудгордан олдин ва ювилиб келтирилган айирмаларида захира ҳолда уч йилда бир марта 300 кг/га меъёрда шудгордан олдин қўллаш самарали эканлиги асосланган;
суғориладиган типик бўз тупроқлар шароитида кузги буғдойда Н-180, П2О5-125 кг/га фонида калийли ўғитни 90 кг/га меъёрда кузги шудгор олдидан ҳамда ғўза қатор ораларига экилладиган майдонларда экиш олдидан ушбу меъёрни култиватор-ўғитлагич ёрдамида 13-15 см чуқурликда қўллаш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Маҳаллий хомашёдан тайёрланган калийли ўғитни турли тупроқлар шароитида ғўзада қўллаш меъёр ва муддатларини ҳамда типик бўз тупроқлар шароитида кузги буғдойда қўллаш меъёр ва муддатларини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
“Маҳаллий калийли ўғитни ғўза ва кузги буғдойда қўллаш самарадорлиги” номли тавсиянома ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 11-ноябрдаги 05/01-05/02-05/04-03-507-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу тавсиянома агрокластерлар ва фермер хўжаликларида минерал ўғитлар, жумладан калийли ўғитни мақбул меъёр ва муддатларда қўллаш, ғўза ва кузги буғдойдан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда амалий қўлланма сифатида хизмат қилган.
Калийли ўғитни ғўза ва кузги буғдойда қўллаш самарадорлиги Тошкент вилояти Пискент туманида 70,0 га, Оққўрғон туманида 85,0 га, Қибрай туманида 2,0 гектар, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 65,0 га, Хоразм вилояти Урганч туманида 54,0 га жами 276,0 гектар майдонда жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 11-ноябрдаги 05/01-05/02-05/04-03-507-сонли маълумотномаси). Натижада:
маҳаллий калийли ўғитни мақбул муддатларда 50 кг/га меъёрда кузги шудгор остига ва 50 кг/га ғўзани шоналаш даврида қўллаш натижасида тупроқнинг агрокимёвий хусусиятлари яхшиланиб, ғўзани дуркун ўсиши ва ривожланиши учун мақбул озиқланиш шароити яратилган, азот, фосфорнинг ўзлаштирилишига ижобий таъсири кузатилган ҳамда типик ва оч тусли бўз тупроқ шароитида 4–5 с/га ва ўтлоқи-аллювиал тупроқлар шароитида эса 2,5-3,0 с/га қўшимча пахта ҳосили олишга эришилган;
ирригация эрозиясига учраган (алмашинувчи калий билан турлича таъминланган) типик бўз тупроқларда даланинг кучли ювилган қисмида Н200, П140 кг/га фонида калий ўғити 50 кг/га кузги шудгордан олдин ва 50 кг/га ғўзани шоналашида қўлланилганда қўшимча пахта ҳосили 4,0-4,5 с/га ни ташкил этган. Тупроқнинг ўртача ювилган қисмида калий ўғити 100 кг/га кузги шудгор олдидан ишлатилганда, ғўзанинг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиб 3,0-3,2 с/га қўшимча пахта ҳосили олинган бўлса, тупроқнинг ювилиб тушган қисмида 300 кг/га калий захира ҳолда берилганда қўшимча пахта ҳосили 2,0-2,5 с/га тенг бўлган. Тадқиқотда калийни таъсири тупроқнинг кучли ювилган қисмидан ўртача ювилган ва ювилиб тушган қисмига томон камая борганлиги аниқланган. Рентабеллик даражаси 30-35 % ни ташкил этган;
кузги буғдой шудгорланган далага экилганда, калий шудгор олдидан 90 кг/га меъёрда қўлланилганда кузги буғдойнинг ривожланишига мақбул таъсир кўрсатиб, калийли ўғитлар қўлланилмаганга нисбатан 12,0-13,5 с/га қўшимча дон ҳосили олинган. Кузги буғдой ғўза қатор ораларига экилганда калий ўғити 90 кг/га меъёрда экиш олдидан эгатларга култиватор- ўғитлагичда тупроқнинг 13-15 см чуқурлигига қўлланилганда 8,5-9,0 с/га қўшимча дон ҳосили олишга эришилган.