Ражаметов Шерзод Нигматуллаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Помидор ва қалампир гермоплазмасини экстремал муҳит шароитларига мослашувнинг биологик-физиологик механизмларига асосланган селексион ёндашувлари ва танлаш усуллари”, 06.01.05– Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.4. DSc/Qx384
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Аманова Махфурат Эшмурадовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Мавлянова Равза Фазлетдиновна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Аромов Музаффар Хашимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қорақалпоғистон қишлоқ хоъжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади помидор ва қалампир генотипларининг ҳарорат стрессларига мослашишининг биологик-физиологик механизмларига асосланган ҳолда, чидамли донорларни аниқлаш ва селекция учун истиқболли бошланғич материалларни танлашнинг илмий ёндашувларни асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор, иссиқхона шароитида помидор ва қалампирнинг янги генотипларида ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишининг турли босқичларида экстремал юқори ҳамда паст ҳароратларда чидамлилигини белгиловчи физиологик, биокимёвий ва агробиологик кўрсаткичларининг ўзгариши қиёсий баҳоланган ҳамда мазкур кўрсаткичлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликлар аниқланган;
илк маротаба, помидор ва қалампир генотипларининг ҳаво ҳарорат стрессига чидамлилиги билан боғлиқ асосий белгилар аниқланган ҳамда ривожланишнинг дастлабки босқичида (кўчат даврида) юқори ҳарорат таъсири натижасида баргларнинг шикастланиш даражаси 25,0% дан ошмайдиган генотипларни иссиққа чидамлилик бўйича танлашнинг ишончли мезони сифатида белгилаш илмий асосланган;
биринчи марта, помидор ва қалампир генотипларини ривожланишнинг дастлабки босқичида (кўчат даврида) экстремал юқори ҳаво ҳароратига (помидорда 40°C, қалампирда 42°C) чидамлилигини скрининг қилинганда стресс таъсири (3–5 сутка) давомида помидор ва қалампирда барглардаги хлорофилл миқдори мос равишда - 35,0 ва - 40,0 µг/cм² дан юқори; фотосинтетик фаоллик - 8,0 ва- 5,0 µмол CО₂ м⁻² с⁻¹ дан юқори; хужайралараро CО₂ консентрацияси 300,0 ва 320,0 µмол CО₂ мол⁻¹ дан юқори; барг оғизчалари ўтказувчанлиги 0,2 ва 0,4 µмол Ҳ₂О м⁻² с⁻¹ дан юқори; транспирация интенсивлиги 2,0 ва 5,0 µмол Ҳ₂О м⁻² с⁻¹ дан юқори бўлиши юқори ҳарорат стрессига чидамли генотипларни танлашда ишончли физиологик мезон сифатида фойдаланиш мумкинлиги илмий асосланган;
илк бор, помидор ва қалампир генотипларининг узоқ муддатли иссиқлик стрессига чидамлилиги пролиннинг тўпланиш хусусиятлари, хусусан, стресс таъсирининг кейинги босқичларида унинг синтези кучайиши билан боғлиқлик қонунияти аниқланган ҳамда мазкур белги иссиққа чидамлилик бўйича дастлабки материални танлашда муҳим физиологик-биокимёвий кўрсаткич эканлиги илмий асосланган;
илк бор, помидор ва қалампир генотипларида совуққа чидамлиликнинг шаклланиш қонунияти аниқланиб, чидамли генотипларда мева тугиш қобилиятини сақлаб қолиши, фотосинтетик фаоллигининг барқарорлиги ҳамда баргларда хлорофилл миқдорининг юқори даражада бўлиши билан тавсифланиши, шунингдек, бу ҳолат паст ҳарорат стрессига мослашувнинг муҳим механизми сифатида хизмат қилиши илмий жиҳатдан асослаб берилган;
қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган помидорнинг янги яратилган АВТО1314 тизмаси, “Wоне 9017” ва “Wоне 9016” навлари юқори ва паст ҳаво ҳароратларга комплекс чидамлиликнинг донори ҳамда абиотик стрессларга мослашиш механизмларини ўрганишга қаратилган молекуляр-генетик тадқиқотлар учун истиқболли генетик материал сифатидаги имкониятлари баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Помидор ва қалампир гермоплазмасини экстремал муҳит шароитларига мослашувнинг биологик-физиологик механизмларига асосланган селексион ёндашувлари ва танлаш усуллари бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
помидорнинг 63 та генотипи ва янги селексион иккита нави — “Wоне 9017” ва “Wоне 9016” ҳамда қалампирнинг 39 та генотипи селексион тадқиқотларда фойдаланиш учун Жанубий Корея Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш администрацияси томонидан қабул қилинган (Жанубий Корея Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш администрацияси Мева-сабзавотчилик ва доривор ўсимликлар Миллий институтининг 2024-йил 19-февралдаги маълумотномаси, Илова 1). Натижада, мазкур генотиплар ва навлар Мева-сабзавотчилик ва доривор ўсимликлар Миллий институтининг янги “Қалампир ва помидор навларида юқори ҳароратга чидамлилик механизмларини баҳолаш популяцияси ёрдамида ўрганиш” РС-2022-РД010057-сонли лойиҳасининг селексион дастурига экстремал муҳит шароитларига мослашувчан донорлар сифатида муваффақиятли интеграция қилинган;
помидор ва қалампирнинг физиологик ва биокимёвий кўрсаткичларни комплекс баҳолашга асосланган, помидор ва қалампирнинг чидамли навларини танлаш бўйича илмий асосланган селексион стратегия модели ишлаб чиқилган ва селексион тадқиқотларда фойдаланиш учун тавсия қилинган (Жанубий Корея Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш администрацияси Мева-сабзавотчилик ва доривор ўсимликлар Миллий институтининг 2024-йил 19-февралдаги маълумотномаси). Натижада, Мева-сабзавотчилик ва доривор ўсимликлар Миллий институтининг янги “Қалампир ва помидор навларида юқори ҳароратга чидамлилик механизмларини баҳолаш популяцияси ёрдамида ўрганиш” РС-2022-РД010057-сонли лойиҳасида танлаб олинган помидор ва қалампир донорларида скрининг қилиш усули сифатида қўллаш ҳамда абиотик стрессларга мослашиш механизмларини ўрганишга қаратилган молекуляр-генетик тадқиқотларда истиқболли генетик материал сифатида фойдаланиш таклифи берилган.
помидор ва қалампирнинг ривожланишнинг дастлабки босқичида ҳаво ҳарорат стрессига чидамли генотипларни танлаш учун баргларнинг шикастланиш даражаси 25,0% дан ошмаслиги, шунингдек, хлорофилл миқдори, фотосинтетик фаоллик, ҳужайралараро CО₂ консентрацияси, барг оғизчалари ўтказувчанлиги ва транспирация интенсивлиги бўйича физиологик мезонлар аниқланди ва селекция амалиётига жорий этилди. (Жанубий Корея Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш администрацияси Мева-сабзавотчилик ва доривор ўсимликлар Миллий институтининг 2024-йил 19-февралдаги маълумотномаси). Натижада, мазкур мезонлар иссиққа чидамли донор ва истиқболли селекция материалларини тезкор скрининг қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилган.