Даулетназарова Замира Назаровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Маржумак ва рижикни такрорий экин сифатида етиштиришда тупроққа экиш олдидан ишлов бериш усуллари ва экиш схемасини ишлаб чиқиш (Тошкент вилояти типик бўз тупроқлар шароитида)”, 06.01.01–Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/Qx1369
Илмий раҳбар: Карабаев Икрамжон Тураевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Тунгушова Дилбар Абдукаюмовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Джўраев Мукимжон Яқубжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, досент.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан бўшаган майдонларда экиш олдидан тупроққа ҳайдов, Мини-тилл ва Но-тилл усулларида ишлов бериб, маржумак ва рижик экинларини турли экиш схемаларида парваришлаш, юқори ва таннарҳи паст ҳосил йетиштириш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлар шароитида бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда ҳайдов, Мини-тилл ва Но-тилл усулида ишлов бериб, маржумакнинг “Дождик” ва рижикнинг “Кристалл” уруғларини экиш усули ва схемаси ишлаб чиқилган;
Но-тилл усулида маржумак ва рижик экинларини парваришлашда техника воситаларини 4-5 мартагача кам кириши натижасида тупроқнинг ҳажм массаси 0,003-0,005 г/см3 гача камайиши, ғоваклиги 0,3-0,1% гача, тупроқнинг сув ўтказувчанлиги 18,4-35,9 м3/га гача, тупроқнинг агрономик жиҳатдан қулай заррачалар миқдори (А.Ж.Қ.З) эса 0,1% гача юқори бўлгани аниқланган;
такрорий экинларни етиштиришда экиш олдидан ҳайдов, Мини-тилл ва Но-тилл ишлов бериш усуллари ҳамда ҳар хил экиш схемасини қўллашнинг маржумак ва рижикнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсири илмий жиҳатдан асослаб берилган;
кузги буғдойдан сўнг такрорий экин сифатида рижикнинг “Кристал” навини махсус сеялка ёрдамида Но-тилл усулида экиб, парваришланганда бошқа ерга ишлов бериш (ҳайдов ва Мини-тилл) усулларига нисбатан ишлаб чиқариш харажатларини 2052,7-2113,1 минг сўмгача қисқариши, рентабеллик даражаси эса 29,1-74,9% гача юқори бўлишига эришилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тошкент вилоятиининг типик бўз тупроқлар шароитида кузги буғдойдан сўнг, такрорий экин сифатида маржумак ва рижикни экинларини парваришлашда тупроққа экиш олдидан ишлов бериш усуллари ва экиш схемасини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
фермер хўжаликлари учун “Такрорий экин сифатида маржумак ва рижик экинларини ресурстежамкор агротехнология асосида парваришлаш самарадорлиги” номли тавсиянома чоп этилган ва амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 29-январдаги 05/04-04-120-сон маʼлумотномаси). Натижада ушбу тавсиянома Тошкент вилоятининг ғаллачилик фермер хўжаликлари ва кластерларда такрорий экинларни ресурстежамкор агротехнология асосида парваришлашда экиш олдидан ерга ишлов беришда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда; 
тупроққа ҳайдов, Мини-тилл ва Но-тилл усулларида ишлов бериб, такрорий экин сифатида маржумак ва рижик экинларини турли экиш схемаларида парваришлаш технологияси Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги ПСУЕАИТИ Марказий тажриба участкасининг 5 гектар майдонда жорий қилинган (Қишлоқ қўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 29-январдаги 05/04-04-120-сон маълумотномаси). Натижада кузги буғдойдан сўнг Но-тилл усулида такрорий экин сифатида маржумак ва рижикнинг уруғларини 60х(30х15) экиш схемасида 3 қатор экиб парваришланганда, маржумакдан гектарига 20,6 сентнер дон ҳосили олинган, назоратга нисбатан рентабеллик даражаси 58,9 фоизгача, рижикдан эса 14,5 сентнер уруғ ҳосили олиниб, рентабеллик даражаси 45,2 фоизгача юқори бўлишига эришилган;
кузги буғдойдан сўнг Но-тилл усулида тупроққа ишлов берилиб такрорий экин сифатида маржумак ва рижикни турли экиш схемасида парваришлаш агротехнологияси Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги “Яссавий филд” МЧЖ нинг 51 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 29-январдаги 05/04-04-120-сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдойдан сўнг Но-тилл усулида такрорий экинлар 60х(30х15) экиш схемасида 3 қатор экиб парваришланганда, маржумакдан гектарига 17,6 сентнер, рижикдан 13,8 сентнер ҳосил олиниб, рентабеллик даражаси экин турларига мос равишда 54,5 ва 40,4 фоизгача юқори бўлишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish