Асрақулов Аббос Боходировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ёзги муддатда парваришланадиган сидерат экинларининг сув тежовчи технологияларини ишлаб чиқиш (Тошкент вилоятининг суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида)”, 06.01.02 – Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Qx1090
Илмий раҳбар: Авлиякулов Мирзоолим Авазович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Хамидов Муҳаммадхон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Бозоров Холмурод Махмудович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тошкент вилоятининг суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида сувтежамкор ёмғирлатиб суғоришни ёзги муддатда парваришланадиган сидерат экинларида қўллаш ҳамда мақбул сидерат экин тури, компонентлари таркиби, фойдаланиш усулларини аниқлаш орқали юқори биомасса етиштиришни илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк маротаба суғориладиган типик бўз тупроқлар шароитида ёзги сидерат экинларида сув ва ресурстежамкор ёмғирлатиб суғориш технологияси қўлланилган ва 1,7-2,4 м3 сув ҳисобига бир сентнер кўк масса етиштирилиб, эгатлаб суғоришга нисбатан суғориш сувларини 40,9-44,6 % гача тежаш мумкинлиги аниқланган;
тупроқ унумдорлигини оширувчи, сув ва ресурстежамкор ёмғирлатиб суғоришда юқори 741,5 с/га ер устки кўк масса, шу жумладан 88,3 с/га анғиз, 76,2 с/га илдиз, 817,8 с/га умумий биомасса, 272,9 с/га умумий қуруқ биомасса тўплайдиган мақбул ёзги сидерат экинлар уч компонентли ловия+ширин жўхори+перко эканлиги аниқланган;
сидератлар биомассаси майдаланиб, тўлиқлигича (100%) тупроққа ҳайдалиши ва киритилиши натижасида тупроқ органика билан бойитилиши, тупроқнинг намликни узоқроқ ушлаб туриши (4-5 кун), агрофизикавий ва агрокимёвий хусусиятлари ижобий томонга ўзгариши ҳамда микробиологик фаолият жадаллашиши аниқланган;
сидерат экинларини ёмғирлатиб суғориш ҳисобига тупроқ эрозияси ва ювилишини олдини олиш, тупроқни муҳофазалаш ҳамда тупроқ унумдорлигини яхшилаш, гумус миқдорини 0,013-0,015 %, ялпи азот 0,001-0,003 %, ялпи фосфор эса 0,002-0,003 % га ошишига эришилган; 
суғориладиган типик бўз тупроқларда сидерат экинларини ЧДНСга нисбатан 70-75-75% суғориш олди тупроқ намлигида 2-3-1 тизимда 6 марта 1200-1450 м3/га мавсумий суғориш меъёри билан спринклерли ёмғирлатиб суғориш мақбул эканлиги аниқланган ва ёмғирлатиб суғоришни жорий қилиш учун кетган харажат 3-3,5 йилда тўлиқ қопланиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Суғориладиган типик бўз тупроқлар шароитида сидерат экинларидан юқори биомасса етиштиришда мақбул сидерат экин тури, компонентлари, фойдаланиш усуллари ва ресурстежамкор ёмғирлатиб суғоришни қўллашни илмий асослаш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
“Сидерат экинларини етиштиришнинг ресурстежамкор инновацион технологияси” номли тавсиянома ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 29 январдаги 05/04-04-115-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсиянома ёмғирлатиб суғориш жорий этилган, пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва кластерлар учун қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
Турли компонентларда сидерат экинларини ёмғирлатиб суғориш технологиясида парваришлаш Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги “Шукрилло Ясмина агро” фермер хўжалигида 18 гектар, “Азизмуҳаммад” фермер хўжалигида 41 гектар, “Адхам Боймоқ” фермер хўжалигида 17 гектар, жами 76 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 29 январдаги 05/04-04-115-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ёзги сидерат экинларини турли компонентларда экиб, ёмғирлатиб суғорилганда эгатлаб суғоришга нисбатан 40 фоизгача суғориш сувлари тежалиши, тупроқ 600-650 с/га гача биомасса билан бойитилиши, қуёш панеллари ёрдамида суғоришлар ташкил этилиши туфайли тўлиқ энергия тежамкорликка эришилган;
Сидерат экинларини турли компонентлар ва фойдаланиш усулларини қўллаб парваришлаш технологияси Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги “Учқунбек агро омад” фермер хўжалигида 34 гектар, “Мухтарама Мунаввар Файз” фермер хўжалигида 31 гектар, туман бўйича жами 65 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 29 январдаги 05/04-04-115-сон маълумотномаси). Натижада ёзги сидерат экинларини турли компонентларда экиб, уларнинг тўплаган 600-650 с/га умумий биомассаси тўлиқлигича ерга майдалаб ҳайдаб юборилганда тупроқнинг агромелиоратив ҳолати яхшиланиб, сув ва ўғитдан фойдаланиш самарадорлиги ортиши, пировардида сидерат экинларидан кейин парваришланган ғўзадан 4-6 сентнергача қўшимча пахта ҳосили етиштиришга эришилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish