Каримова Дилафрўз Обиджоновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси эълони
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Академик Аҳмадали Асқаровнинг тарихчи-археолог сифатида шаклланиши ҳамда унинг илмий, педагогик, жамоатчилик ва музейлаштириш соҳасидаги фаолияти” мавзусидаги 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи, 17.00.06 – Музейшунослик. Тарихий-маданий обектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.DSc/Tar521.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳузуридаги тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи PhD.05/2025.27.12.Tar.07.01 рақамли Илмий кенгаш асосидаги тарих фанлари доктори (DSc) илмий даражасини берувчи Бир марталик Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: тарих фанлари доктори, профессор Сулейманов Рустам Хамидович; тарих фанлари доктори, профессор Матбобоев Боқижон Хошимович; тарих фанлари доктори, доцент Қурбонова Дилафруз Абдурашидовна
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Академик Аҳмадали Асқаровнинг тарихчи – археолог сифатида шаклланиши ҳамда унинг илмий, педагогик, жамоатчилик ва музейлаштириш соҳасидаги фаолиятини ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги.
Академик А. Асқаров раҳбарлигидаги археологик тадқиқотлар Зарафшон воҳасида Замонбобо манзилгоҳининг очилишига, 1970-йилларда эса Сурхон воҳасидаги тадқиқотлари бронза даври ўтроқ деҳқончилик маданиятининг кашф этилиши орқали икки хўжалик соҳибларининг ўзаро иқтисодий, маданий алоқаларини асослаб берилишига, Марказий Осиё тарихида 4 та янги археологик маданиятни (Замонбобо, Сополли, Кучуктепа ва Қадимги Бақтрия) илмий муомалага киритилишига, улардаги археологик далиллар ўзбек илк шаҳарсозлик маданиятини, пахта ва ипакчилик тарихини шу вақтгача мавжуд қарашлардан фарқли равишда қадимийлаштирилишига асос бўлганлиги очиб берилган;
Олимнинг илк давлатчилик, миллий кураш тарихи илдизи, Қадимги Хоразм масаласи каби Марказий Осиё тарихининг долзарб илмий муаммоларига оид консептуал қарашлари асосида, туркий қабилалар илк ватани масаласи ҳамда археология ва этногенез масалаларининг олим фаолиятидаги интеграциясининг илмий асослари фанлараро алоқалар орқали шаклланганлиги, Шимолий Бақтрияда илк шаҳарсозлик ташқи омилларсиз, соф маҳаллий (автохтон) асосга эгалиги ва бу воҳа қадимги Шарқ сивилизациясининг мустақил, учинчи ўчоғи эканлиги, бевосита А. Асқаровнинг фундаментал хулосалари натижасида ўзбек давлатчилиги тарихининг 3000 йиллик назарий ва илмий-археологик базаси яратилганлиги кўрсатиб берилган;
Ўрта Осиёда ягона Самарқанд Археология институтининг шаклланишидаги хизматлари (миллий ўзбек археологияси илмий мактабига асос солганлиги), давлат ва жамият миқёсидаги муҳим масалалар – “Таълим тўғрисида”ги қонун, “Озодлик монументи” муҳокамаларидаги муносиб иштироки, Мустақил Ўзбекистон Республикаси давлат рамзлари – байроқ ва герб (жумладан, гербдаги қуш тасвири олим томонидан Жарқўтон ибодатхонасидан топилган ҳумо қуши кўринишидаги идишнинг тимсоли бўлиб, унинг давлат гербида мавжудлиги тасодифий эмас, балки илк давлатчилик илдизлари билан боғлиқлиги) археологик материаллар ва архив ҳужжатлари асосида очиб берилган.
А.Асқаровнинг педагогик фаолияти, хусусан, юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш ҳамда “Аҳмадали Асқаров мактаби” деб номланиши мумкин бўлган илмий мактаб фаолияти тизимлаштирилиб (8 та фан доктори, 13 та фан номзоди, 12 та фалсафа доктори) илк бор алоҳида илмий таҳлил обектига айлантирилиб, улардан 11 нафари бевосита ҳозирги ЎзМПУ базасида тайёрланиб, устоз-шогирд анъаналарининг узвийлигини таъминлашда ўзига хос методологик тизим яратилганлиги, шунингдек, мазкур мактаб доирасида бир-биридан мустақил бўлган 2 та йирик – Фарғона ва Жанубий Ўзбекистон археология илмий йўналишлари шаклланганлиги илмий жиҳатдан далилланган;
А.Асқаров фаолияти давомида 9 та музейнинг шаклланишига: мустақилликкача Сурхондарё вилоятида 14-сонли мактабда мактаб музейи, Шеробод музейи (1983-й), Афросиёб ёдгорлиги ҳудудида Самарқанд музей лабораторияси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Самарқанд музей қўриқхоналарининг бронза даври экспозициясининг шаклланишида асос бўлганлиги ҳамда мустақиллик даврида Термиз археология музейи экспозициялари олим топилмалари асосида ташкил этилганлиги, Низомий номидаги ЎзМПУда “Ўқув археология музейи” нинг ташкил этилиши талабаларда амалий дарслар самарадорлигининг оширилишига олиб келганлиги, “Учтепа-Булоқмозор” обекти ўрганилиб, музейлаштирилиши ҳамда “Металлург” маданият саройида ҳудуднинг қадимги ва ўрта асрлар тарихига бағишланган доимий кўргазманинг ташкил этилиши, музейларга ўн мингдан ортиқ экспонатларнинг олим томонидан топширилиши Ўзбекистон археологик обектлар ва топилмаларни сақлаш, намойиш этиш, муҳофаза қилиш, консервация қилиш, музейлаштириш борасидаги назарий ва амалий ҳаракатлари илмий жиҳатдан асослаб берилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Академик Аҳмадали Асқаровнинг тарихчи – археолог сифатида шаклланиши ҳамда унинг илмий, педагогик, жамоатчилик ва музейлаштириш соҳасидаги фаолиятига оид олинган илмий натижалар асосида:
Археолог А.Асқаровнинг Сурхон воҳасини археологик жиҳатдан ўрганган асосий тадқиқотчи сифатидаги ўрни, бу воҳада илк деҳқончилик, илк шаҳарсозлик ва давлатчилик масалаларини археологик ёдгорликлар асосида таҳлили натижасида, Сополлитепа, Жарқўтон ёдгорликларида олиб борилган тадқиқот натижалари, бу ёдгорлик кашфиётлари, олим ташаббуси билан Шеробод ҳудуди доирасида ташкил этилган “Шеробод музейи” ўз даврида ушбу ҳудуд учун, ўқувчи талаба – ёшлар ҳамда воҳа тарихига қизиқувчилар учун муҳим маърифий маскан бўлганлиги, ҳозирда ушбу музей топилмалари Термиз археология музейида сақланаётганлиги, А.Асқаров томонидан топилган ноёб артефактлар ушбу музей бронза даври экспозициясини шакллантиришда, бойитишда муҳим ўринга эга эканлиги тўғрисидаги асосли маълумотлардан ушбу музей бронза даври экспозициясини манбалар билан бойитишда археолог олимнинг воҳа тарихини ўрганишдаги фаолияти билан боғлиқ маълумотлардан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2025-йил 22-июлдаги 04-05/2970-сонли далолатномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши музей ташрифчиларига Сурхон воҳасининг бронза даври ёдгорликлари ҳақида мукаммал, тўлақонли маълумот олишга ҳамда музей йўл кўрсатгичларини бойитишга асос бўлган.
А.Асқаровнинг олим сифатида шаклланишдаги машаққатли йўли, Самарқанддаги Археология институтини ташкил этилиши ҳамда археолог илмий кадрларни етиштиришдаги фаолияти, олимнинг педагогик фаолияти натижасида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети илмий салоҳиятининг кўтарилиши, оилавий ҳомийлар ёрдамида археологик экспедицияларни ташкил этишдаги ташаббуси, Ўзбекистон қадимги ёдгорликларини сақлаш, тарғиб этиш ва музейлаштириш масалалари борасида А.Асқаров томонидан олиб борилган амалий ишлар, топилган ноёб артефактларнинг бугунги кунда музей экспозицияларида намойиш этилиши масалаларига оид материаллардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Археолог” ҳамда “Эл сув ичган дарёлар” кўрсатувларининг археолог – олим академик Аҳмадали Асқаров илмий-ижодий фаолиятига бағишланган сонларини ссенарийсини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон тарихи телеканали 2025-йил 23-октябрдаги 01-33/799-сонли маълумотномаси). Илмий натижалар академик Аҳмадали Асқаровнинг илмий ва педагогик фаолияти, археологик мактаб яратишдаги ташаббуслари ҳамда музейлаштириш йўлидаги ишлари натижалари Ўзбекистон тарихий-маданий меросини илмий асосда ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қилган.
Ўзбек археолог олими, академик А.Асқаровнинг Ўзбекистон археологияси ривожидаги ўрни, олимнинг илк илмга кириб келиши, етук археолог бўлиб шаклланиши, Ўрта Осиёда ягона Самарқанд Археология институтини шаклланишидаги хизматлари (ўзбек археология илмий миллий мактабига асос солганлиги), давлат ва жамият миқёсидаги муҳим масалалар (Мустақил Ўзбекистон Республикаси давлат рамзлари байроқ, герб (гербдаги ҳумо қуши олимнинг Жарқўтон ибодатхонасидан топилган хумо қуши кўринишидаги идишнинг тимсоли бўлиб, унинг давлат гербида мавжудлиги тасодифий эмас, балки илк давлатчилик илдизлари билан боғлиқлиги), илк “Таълим тўғрисидаги қонун”, “Озодлик монументи”) муҳокамаларидаги муносиб иштироки билан боғлиқ материаллардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Эл сув ичган дарёлар” кўрсатувининг давлат ва фан арбоби академик Аҳмадали Асқаровга бағишланган сонларининг ссенарийсини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон тарихи телеканали 2025-йил 23-октябрдаги 01-33/799-сонли маълумотномаси). Илмий натижалари олимнинг давлат ва жамиятдаги долзарб масалаларни юзасидан қарашлари, асосли таклифлари мустақилликнинг дастлабки йилларида сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳалар ривожини ёритишга хизмат қилган.
Олимнинг 1970-йиллардан бошлаб Сурхон воҳасидаги тадқиқотлари бронза даври ўтроқ деҳқончилик маданиятининг кашф этилиши орқали икки хўжалик соҳибларининг ўзаро иқтисодий, маданий алоқалари асослаб берилганлигини ҳамда Марказий Осиё тарихида 4 та янги археологик маданиятни (Замонбобо, Сополли, Кучуктепа ва Қадимги Бақтрия) фанга илк бор тақдим этилганлиги, улардаги археологик далиллар Марказий Осиёда илк шаҳарсозлик ва давлатчиликнинг шаклланиши масаласидаги илмий-асосли тавсифи (“Сополлитепа” ва “Жарқўтон” ёдгорликлари мисолида) яратилганлиги ҳамда этногенез, пахта ва ипакчилик тарихини мавжуд қарашлардан фарқли равишда қадимийлаштирганлиги муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисидаги маълумотлардан Термиз археология музейи экспозициясини асосли маълумотлар билан бойитишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2025-йил 22-июлдаги 04-05/2970-сонли далолатномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши музей ташрифчиларига ушбу маданиятларнинг ўлкамиз тарихи ривожидаги ўрни ҳақида экскурсиялар ташкил этишга хизмат қилган.
А.Асқаровнинг қадимги давр тарихига оид консептуал қарашлари хусусан, Марказий Осиё тарихини янгича даврлаштириш масаласи, илк давлатчилик, миллий кураш тарихи илдизи, Қадимги Хоразм масаласига оид қарашлар, туркий қабилалар илк ватани масаласи ҳамда археология ва этногенез масалаларининг олим фаолиятидаги интеграциясининг илмий асослари, методологик ютуқлари ва фанлараро алоқалар орқали шаклланганлиги, олимнинг устоз-шогирд анъанаси, юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ материаллардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Археолог” кўрсатувининг ссенарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон тарихи телеканали 2025-йил 23-октябрдаги 01-33/799-сонли маълумотномаси). Илмий натижалар Аҳмадали Асқаровнинг қадимги давр тарихининг долзарб масалаларига қарашлари натижалари Ўзбекистон тарихини илмий асосда ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қилган.