Юматов Богдан Олеговичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши мониторингнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш”, 12.00.12 – “Коррупция муаммолари (юридик фанлар)”. 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.PhD/Yu1263.
Илмий раҳбар: юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор Коленко Евгений Вячеславович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, DSc.24/2026.31.01.Yu.01.02.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори (DSc), профессор вазифасини бажарувчи Фазилов Фарход Маратович; юридик фанлар доктори, профессор Исмаилов Баходир Исламович.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши мониторингнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган илмий-назарий хулосалар, шунингдек, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
коррупцияга қарши маърифат, таълим ва ўқитиш сифати ҳамда натижадорлиги мониторингини коррупцияга қарши мониторингнинг мустақил йўналиши сифатида норматив ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурати, шунингдек, мазкур мониторинг доирасида тегишли чора-тадбирларнинг мазмуни, ташкил этилиши ва натижаларини асосий кўрсаткичлар, мезонлар ҳамда тартиб-таомиллар асосида баҳолаш, жумладан, таълим ресурсларининг узлуксиз ишлаши, контентнинг долзарблиги ва тўлиқлиги, дастурларни ўзлаштириш натижадорлиги, ўқитиш муддатларига риоя этилиши, таълим олувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни кейинчалик такомиллаштиришни таъминлаш ёндашуви илмий жиҳатдан асослаб берилган;
Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлатлараро ҳамкорликни мувофиқлаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизми ҳисобланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлатлараро кенгашга қўшилиши орқали халқаро коррупцияга қарши ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигини тегишли халқаро шартномани амалга ошириш ва мазкур халқаро формат доирасида мамлакат номидан вакиллик қилиш учун масъул ваколатли миллий орган этиб белгилаш зарурати илмий жиҳатдан асослаб берилган;
коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг бўйича баҳолаш тизимини унинг индикаторларини мазмунан қайта кўриб чиқиш ва кенгайтириш, шунингдек, сифат мезонларини киритиш орқали такомиллаштириш зарурати, бунда асосан расмий-миқдорий ёндашувдан коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг амалдаги натижадорлигини акс эттирувчи мазмуний-сифат хусусиятларига йўналтирилган комплекс баҳолашга ўтишни таъминлаш ёндашуви илмий жиҳатдан асослаб берилган;
ахборот оқимларини интеграциялаш, мониторинг маълумотларининг шаффофлиги ва ишончлилигини ошириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатли субъектлар ва иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш мақсадида коррупциянинг олдини олишнинг яхлит тизими доирасида коррупцияга қарши мониторингни марказлашган ҳолда амалга ошириш ҳамда қиёсланадиган маълумотларни шакллантиришни таъминлайдиган ягона электрон платформани яратиш зарурати илмий жиҳатдан асослаб берилган;
коррупциянинг ҳолатини мажбурий ўлчаш ва диагностика қилиш, унинг кўлами, намоён бўлиш даражаси ва соҳаларини, тарқалиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, шунингдек, амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини тизимли баҳолаш асосида давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш зарурати, шу билан бирга давлатнинг самарали коррупцияга қарши сиёсатини режалаштириш, ишлаб чиқиш, ташкил этиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштиришнинг зарурий шарти ҳамда ажралмас қисми бўлган комплекс восита, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида янги илмий билимларни шакллантириш манбаи сифатидаги коррупцияга қарши мониторингнинг муаллифлик таърифини ишлаб чиқиш ёндашуви илмий жиҳатдан асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Диссертация тадқиқоти давомида шакллантирилган илмий қоидалар, хулосалар, таклиф ва тавсиялар қуйидагиларда ўз аксини топган ва амалиётга татбиқ этилган:
коррупцияга қарши маърифат, таълим ва ўқитиш сифати ҳамда натижадорлиги мониторингини коррупцияга қарши мониторингнинг мустақил йўналиши сифатида норматив ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлашга, жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқув жараёнини ташкил этиш сифатини мониторинг қилиш тартиби, унинг асосий кўрсаткичлари, мезонлари ҳамда баҳолаш тартиб-таомиллари тизимини белгилашга қаратилган таклифлардан “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2025 йил 14 февралдаги 1-сонли далолатномаси). Мазкур таклифлар Низомнинг ўқув жараёнини ташкил этиш сифатини мониторинг қилиш механизмини белгилайдиган 21 ва 22-бандларида ўз аксини топган бўлиб, коррупцияга қарши таълим дастурларининг сифати ва натижадорлигини оширишга ҳамда умуман электрон платформадаги фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган;
Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлатлараро кенгашга давлатлараро ҳамкорликни мувофиқлаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизми сифатида қўшилишининг мақсадга мувофиқлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигини тегишли халқаро шартномани амалга ошириш ва мазкур халқаро формат доирасида мамлакат номидан вакиллик қилиш учун масъул ваколатли миллий орган этиб белгилаш заруратини илмий асослашга қаратилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 июлдаги “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги ПҚ-240-сон қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2025 йил 6 октябрдаги 11-сонли далолатномаси). Мазкур таклифлар Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлатлараро кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги Битимга қўшилиши ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигини мазкур халқаро шартномани амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгилашда ўз аксини топган. Бу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ахборот ва илғор тажриба алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, миллий коррупцияга қарши сиёсатнинг натижадорлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган;
коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг бўйича баҳолаш тизими индикаторларини мазмунан қайта кўриб чиқиш ва кенгайтириш, шунингдек, сифат мезонларини киритиш орқали такомиллаштиришга қаратилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-270-сон Фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2026 йил 20 январдаги 1-сонли далолатномаси). Мазкур таклифлар тегишли индикаторларга тузатишлар киритиш ва уларни мазмунан кенгайтиришда ўз аксини топган бўлиб, бу коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг амалдаги натижадорлигини баҳолашда асосан расмий-миқдорий ёндашувдан мазмуний-сифат хусусиятларига йўналтирилган комплекс баҳолашга босқичма-босқич ўтишга қаратилган;
коррупциянинг олдини олишнинг яхлит тизими доирасида коррупцияга қарши мониторингни марказлашган ҳолда амалга ошириш ҳамда қиёсланадиган маълумотларни шакллантиришни таъминлайдиган ягона электрон платформани ишга тушириш заруратини асослашга қаратилган таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-270-сон Фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2026 йил 20 январдаги 1-сонли далолатномаси). Мазкур таклиф ахборот оқимларини марказлаштириш ва интеграциялаш, мониторинг маълумотларининг шаффофлиги, ишончлилиги ва қиёсланишини ошириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатли субъектлар ва иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган;
коррупциянинг ҳолатини мажбурий ўлчаш ва диагностика қилиш, унинг кўлами, даражаси, намоён бўлиш соҳалари, тарқалишининг сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, шунингдек, амалга оширилаётган коррупцияга қарши чораларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини тизимли баҳолаш асосида давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш заруратини асословчи таклифлар, шунингдек, коррупцияга қарши мониторингни давлатнинг самарали коррупцияга қарши сиёсатини режалаштириш, ишлаб чиқиш, ташкил этиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштиришнинг зарурий шарти ҳамда ажралмас қисми бўлган комплекс восита сифатида таърифлашга оид муаллифлик ёндашувлари Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг ўқув жараёнига жорий этилган, хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш” номли дарсликни тайёрлашда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2026 йил 16 апрелдаги 30/5-79904/26-сонли далолатномаси). Бу ўқув материалларини такомиллаштиришга, уларни таълим жараёнига жорий этишга ҳамда юриспруденция, коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс-назорат йўналишларида фойдаланишга, шунингдек, таълим олувчиларнинг коррупцияга қарши мониторинг соҳасидаги назарий билимларини чуқурлаштириш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish