Sayt test rejimida ishlamoqda

Кадиров Баходир Махамаджоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сув таъминоти учун кўпфункцияли ингибиторлар синтези ва технологияси», 02.00.14–Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Т501.
Илмий раҳбар: Қодиров Ҳасан Иргашевич, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.Т.04.01.
Расмий оппонентлар: Икрамов Абдувахоб, техника фанлари доктори, профессор; Мухитдинов Баходир Фахриддинович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Умумий ва ноорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий хомашёлар асосида сув таъминоти учун кўп функцияли ингибиторлар олиш технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
лимон ва экстракцион фосфор кислотаси иштирокида олинган оксиэтилидендифосфон кислота мис-рух комплексонати олиш усули яратилган;
олинган комплексонатларга гидролизланган полиакрилонитрил ва моноэтаноламинни вакуумда хайдаш куб қолдиғи қўшиб композициялар яратилган;
кўпфункцияли ингибиторларни турли қаттиқликдаги сувларда ҳимоялаш даражаси, самарадорлиги ва сув ўтларининг ўсишини  ингибирлаш хусусиятлари аниқланган;
мис-рух миқдорларининг коррозиядан ҳимоялаш даражасига боғлиқлиги, мис миқдорининг ортиб бориши билан коррозия тезлигига салбий таъсири водородга нисбатан ўнг томонда жойлашганлиги, темир ионларига нисбатан юқори электрон потенциаллиги билан асосланиб, муқобил нисбатларда аниқланган;
коррозиядан ҳимоялаш даражаси ва самарадорлиги 94% дан кам бўлмаган (Cu:Zn-оксиэтилидендифосфон кислота:гидролизланган полиакрилонитрил) таркиб аниқланиб, сув ўтларини ўсишини 100% гача ингибирлаши аниқланган;
Cu:Zn-оксиэтилидендифосфон кислота асосида гидролизланган полиакрилонитрил қўшиб композициялар ҳолатида энергетика ва кон-металлургия саноати сув таъминотлари учун кўпфункцияли ингибиторлар олиш технологиялари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Коррозия, минерал тузлар тўпланиши ва биоцидлик хусусиятларига эга бўлган ингибиторларнинг синтези ва технологиясини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
коррозия, минерал тузлар тўпланиши ва биоцидлик хусусиятларига эга бўлган ингибитор ишлаб чиқаришга техник шарт «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (Тsh 15459299-01:2017). Натижада энергетика ва кон-металлургия саноати иссиқлик манбалари буғ қозонларида ишлатилувчи ИОМС-1, Оптион-353 ингибиторларини алмаштириш имконини берган;
маҳаллий хомашёлар асосида кўп функцияли ингибитор таркиби ва технологияси «Электрокимёзавод» ҚК АЖнинг 2 цехида жорий қилинган («Электрокимёзавод» ҚК АЖнинг 2018 йил 29 январдаги 01/3-5608/А-сон маълумотномаси). Натижада маҳаллий хомашёлар асосида ингибитор ишлаб чиқариш имконини берган;
«ИКСБ-UNI-1» ингибитори «Навоий кон-металлургия комбинати»да қурилмаларни коррозиядан ҳимоялаш ва минерал тузлар тўпланишидан ингибирлаш учун технологик жараёнларда жорий қилинган (Навоий кон-металлургия комбинат»нинг 2018 йил 3-ноябрдаги 1/01-2093-13463-сон маълумотномаси). Натижада ҳозирда олиб келинадиган Deropt ингибиторини 100% алмаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish