Рузматова Нигора Нодир қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Ж.К.Роулингнинг Гарри Поттер асарларини ўзбек тилига таржимасида адекватлик ва эквивалентлик муаммолари, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.PhD/Fil4471.
Илмий раҳбар: Жураева Ирода Аҳмедовна филология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.01.11.
Расмий оппонентлар: Икромхонова Феруза Икрамовна, филология фанлари доктори, профессор; Имяминова Шуҳрат Солижановна, филология фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Жиззах Давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ж. К. Роулингнинг “Гарри Поттер” туркумига мансуб асарларнинг ўзбекча таржималарида адекватлик ва эквивалентлик муаммоларининг намоён бўлиш хусусиятлари ҳамда маъно ва мазмун уйғунлигини таъминлашга хизмат қилувчи тамойилларни аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
бадиий таржимада адекватлик ва эквивалентлик тушунчаларининг функсионал жиҳатдан тафовутлари асносида эквивалентлик семантик мосликни таъминловчи восита, адекватлик эса таржиманинг ўқувчи идроки, эстетик таъсири ва коммуникатив самарадорлигини белгиловчи якуний сифат мезони эканлиги асосланган;
бадиий таржима доирасида маданий код сифатида талқин қилувчи юморни таржима қилишда эквивалентлик иккиламчи аҳамият касб этиб, адекватлик эса юморнинг прагматик эффектини тўлақонли етказиб бера олмаслиги муаммоси асосланган;
лингвомаданий реалияларнинг семантик ва маданий мазмунини сақлаган ҳолда таржима қилишда маданий кодларни узатишнинг асосий усуллари – транслитерация, изоҳли мослаштириш ва маданий компенсация аниқланиб, уларнинг таржима жараёнида самарали қўлланиши илмий жиҳатдан асосланган;
тадқиқотда олдин ишлаб чиқилган таржима сифатини баҳолаш параметрига таянган ҳолда бадиий таржимани таҳлил қилиш учун адекватлик ва эквивалентликнинг икки қатламли – лингвистик ҳамда функсионал баҳолаш тизими шакллантирилиб, уни қиёсий таҳлил жараёнида амалий қўллаш имконияти асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертация доирасида олинган илмий натижалар асосида:
бадиий таржимада адекватлик ва эквивалентлик тушунчаларининг функсионал жиҳатдан фарқланувчи, бироқ ўзаро узвий боғлиқ категориялар эканлиги ҳақидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2023-2025-йилларга мўлжалланган “ФА-Ф1-005 – Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” фундаментал лойиҳаси доирасида фойдаланилди (Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2025-йил 15-сентябрдаги 551/1-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларига кўра, эквивалентлик таржимада тил бирликлари даражасида семантик мосликни таъминловчи лингвистик восита сифатида, адекватлик эса таржиманинг ўқувчи идроки, эстетик таъсири ва коммуникатив самарадорлигини белгиловчи якуний сифат мезони сифатида талқин қилинган. Натижада, лойиҳа доирасида бадиий матн таржимасини баҳолашда эквивалентлик ва адекватликнинг функсионал чегараларини аниқ белгилашга, уларнинг ўзаро муносабатини лингвистик ва прагматик омиллар асосида асосланган. Ушбу ёндашув бадиий таржима таҳлилида фақат семантик мослик билан чекланмасдан, матннинг эстетик қабул қилиниши ва ўқувчи онгида ҳосил қиладиган таъсирини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини кўрсатиб берди ҳамда қорақалпоқ адабиётшунослиги ва таржимашунослиги доирасида методологик асос сифатида хизмат қилган;
“Гарри Поттер” асарларининг ўзбекча таржималарида адекватлик даражасини баҳолашда семантик коннотатив ва ассоциатив бирликлар, стилистик-композицион яхлитлик ҳамда прагматик-коммуникатив мезонларга таянган ҳолда комплекс ёндашув ишлаб чиқилди ва ушбу мезонлар асосида адекватлик даражасининг ўқувчи идроки, матн мазмунининг семантик англаниши, образлар нутқининг эстетик қабул қилиниши ҳамда бадиий-эстетик таъсирнинг сақланишига кўрсатган таъсири далилланган. Шунингдек, Ж.К.Роулингнинг “Гарри Поттер” асарларининг ўзбекча таржималари материаллари асосида эквивалентлик асосан номлаш ва денотатив маъно даражасида таъминланиши, адекватлик эса таржиманинг маданий функсияси ва ўқувчи идроки орқали юзага чиқиши аниқлаштирилган. Фразеологик бирликлар таржимасида эквивалентлик кўп ҳолларда семантик парафраза орқали амалга оширилган бўлса-да, адекватлик уларнинг стилистик ва прагматик вазифасини тиклаш билан боғлиқлиги, юморга оид унсурлар таржимасида эса эквивалентлик чекланган бўлиб, адекватлик ўқувчида ҳиссий таъсирни қайта яратиш орқали таъминланиши исботланган. Мазкур илмий хулосалар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган семинарлар, давра суҳбатлари ҳамда таржимонлар билан учрашувларда амалий муҳокама ва фойдаланиш обекти бўлди (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2025-йил 12-сентябрдаги 01/03-377-сон маълумотнома). Натижада, таржимонлар учун эквивалентликнинг беш босқичли амалий модели, фразеологик бирликлар, реалиялар, неологизмлар ва юмор таржимасига доир методик тавсиялар, шунингдек, таржима сифати мезонларини такомиллаштиришга қаратилган илмий-услубий йўриқнома ишлаб чиқилди ва у бадиий таржимада лингвопрагматик ҳамда маданий ёндашувларни кучайтиришга хизмат қилган;
“Гарри Поттер” туркумига мансуб асарларнинг асл матни ва уларнинг ўзбек тилига қилинган таржималари қиёсий таҳлили асосида таржимада эквивалентликнинг уч омилли консептуал модели илмий жиҳатдан асосланди. Ушбу моделда семантик-структур мувофиқлик эквивалентликнинг лингвистик асоси, образлар нутқининг адекватлиги таржиманинг бадиий-эстетик таъсири ва прагматик самарадорлигини белгиловчи омил, маданий адаптация эса таржимада маданий эквивалентлик ҳамда ўқувчи идрокига мосликни таъминловчи мезон сифатида талқин қилинган. Мазкур илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ижодий бирлашмаси томонидан тайёрланган “Бир асар тарихи” радиоешиттиришининг ссенарийсини ишлаб чиқишда фойдаланилди (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2025-йил 16-августдаги 16-сон маълумотномаси). Натижада, фантастик жанр асарларини таржима қилишда юзага келадиган услубий ва маданий муаммоларни ёритишда илмий асосланган методик ёндашув шакллантиришга ёрдам берган.