Ортиқова Мавлуда Нурмаҳаммадовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Алишер Навоий ижодида валоят талқинлари”, 10.00.02 – Ўзбек мумтоз адабиёти (филология фанлари).
Диссертация рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Fil4567.
Диссертация бажарилган муассаса: Қарши давлат университети.
Илмий раҳбар: Шодмонов Нафас Намозович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Турон университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.39.01. 
Расмий оппонентлар: Равшанова Гулруҳбегим Қахрамон қизи, филология фанлари доктори (DSc), доцент; Сулаймонов Исроил Исмоилович, филология фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади валоят тушунчаси, валий образининг генезиси, валийлик белгилари ва даражалари, авлиё ва шайхларнинг тасаввуфий маслаклари, мумтоз адабиётимиздаги ўрни ва талқинлари, бадиий такомил тадрижи, ботиний ва зоҳирий хоссаларини Алишер Навоий асарлари асосида аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
валий образининг шаклланишига асос бўлган валоят, валий, авлиё тушунчалари илк бор мумтоз поетика, ақоид ва тасаввуф доирасида кўп қатламли консепт сифатида талқин қилиниб, консептуал асоси руҳий камолот йўлидаги Аллоҳнинг яқин дўсти, Яратганнинг хос бандаси, комил инсон, солиҳ банда, гуноҳ қилишдан маҳзуф қилинган киши, мўтабар зот эканлиги асосланган;
валоят мақоми, валийларнинг сифат ва даражалари тавсиф ва таснифлари ақидавий-тасаввуфий ўрганилиши натижасида Алишер Навоийнинг фалсафий-бадиий тафаккуридаги инкишофи ҳамда таъсир масалалари аниқланган; 
мазкур тушунчаларнинг Навоий ижодидаги илмий-назарий асослари ва бадиий талқинлари валийларга хос характерли хусусиятлар солик, мурид, муршид, набий, авлиё, шайх, эран номлари остида тазкира ва маноқибларида, унинг бадиий талқини ўлароқ пир, шайх, ошиқ, фақир, дўст, Хизр, дарвеш каби шаклларда достон ва лирик асарларида истифода этилгани исботланган;
образларнинг турли характерли хусусиятларида валийларнинг муайян жиҳатлари акс эттирилиши орқали персонажнинг руҳий даража ва мақомлари ифодалангани, бунда ижодкорнинг комил инсон консепсиясини яратиш мақсади намоён бўлиши далилланган; 
валийлар образининг поетик табиати, ботиний ва зоҳирий хоссалари, бадиий тасвир имкониятлари, ирфоний хусусиятлари, тасаввуфий образлар тизими билан ассоциатив муносабати, ифода усули Алишер Навоийнинг тазкиралари, маноқиблари, достонлари ҳамда “Хазойину-л-маоний”даги турли жанрдаги лирик асарлари мисолида очиқланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Алишер Навоий ижодида валоят  талқинларини аниқлаш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
Фаридиддин Аттор, Абу Абдураҳмон Суламий, Абдуллоҳ Ансорий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби мумтоз даҳолар ижодида валийлар образининг руҳий-ахлоқий босқичлари турфа талқин фрагментлари, хусусан, Алишер Навоийнинг валий образлари зоҳирда ҳалол касб-кор ва меҳнатда намуна бўлиши, ботинда эса Ҳақ ёди билан банд бўлиши баробарида Нақшбандия сулукининг жамиятга мувофиқлиги асослари тўғрисидаги хулосалардан Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази 2022-2024-йиллар учун мўлжалланган ЎА-22-24 рақамли “Ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг 2025-йил 10-декабрдаги Но97-8/АЗЕ рақамли маълумотномаси). Бу маълумотлар лойиҳа доирасида тайёрланган илмий мақолалар, тезислар ҳамда монографияларга алоҳида мазмун берган.
Валий образининг зоҳирий ва ботиний хоссалари, валоят мақомининг даражалари ва валийларнинг вазифасига, сифатларига кўра турлари, валийларнинг оламни ўзига хос равишда англаши Алишер Навоий ижодида қандай аҳамият касб этганлигига доир илмий хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ИЗ-2021020813. “Алишер Навоий ижодининг хорижда ўрганилиши ва тарғиботи асосида кўп тилли мултимедиа тўпламини яратиш” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 10-декабрдаги № 04/1-5926 рақамли маълумотномаси). Бу маълумотлар лойиҳа доирасида тайёрланган илмий мақолалар, тезислар ҳамда монографиялар савиясини оширишда муайян аҳамият касб этган;
Алишер Навоий ижодида валоят соҳиби бўлган валийлар образи комил инсонлар тимсолида тасвирланиши ва уларнинг комил ахлоқи бугунги кун кишилари учун намуна бўлиши билан улкан аҳамият касб этиши тўғрисидаги қарашларидан Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг “Олтин воҳа” радиосининг “Миллат руҳи” радиоешиттиришида фойдалинилган (Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2026-йил 8-январдаги 17-05/08-сонли маълумотномаси). Натижада мазкур эшиттириш мазмуни мукаммаллашган, илмий далилларга бой бўлишини таъминлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish