Рахимов Жура Суюновичнинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қарши чўлида дефляцияга қарши кураш тадбирлари фонида ғўза ва соя навларининг суғориш тартибларини илмий асослари. (Қарши чўлининг оч тусли бўз ва тақирсимон тупроқлари мисолида)”, 06.01.02 – Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.DSc/Qx310.
Илмий маслаҳатчи: Нурматов Шермат Нурматович, қишлоқ хўжaлиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Qх.01.01.
Расмий оппонентлар: Исаев Сабиржон Ҳусанбаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Исашов Анваржон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Жўраев Анвар Қурбонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қарши чўлининг қадимдан суғориладиган, оч тусли бўз ва тақирсимон тупроқлари шароитида шамол эрозиясига қарши кураш сифатида барпо қилинган иҳота ўрмон дарахтзорлари ҳамда кулис полосалари фонида ғўза ва соя навларини суғориш тартибларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор, Қашқадарё воҳасининг дефляцияга учраган суғориладиган оч тусли бўз ва тақирсимон тупроқлари шароитида ажур конструкцияли, 4 қаторли ихота ўрмон полосалари ҳамда кузги буғдойдан барпо қилинган 4 қаторли кулис тўсиқлари ва улар орасидаги мақбул масофаларни ғўза ва соя навларини дефляциядан муҳофазалашдаги роли аниқланган;
шамолнинг тезлиги ер юзасидан кўтарилган сари ҳамда ихота ўрмон полосаларидан узоқлашган сайин ортиб бориши кузатилиб, дефляциядан ҳимоя қилинмаган очиқ далага нисбатан ихота ўрмон полосалари билан ҳимоя қилинган далада шамолнинг тезлиги 1,8-2,4 баробарга, кулис тўсиқлари билан ҳимоя қилинганда 1,9-2,5 мартага камайиши, тупроқ заррачаларининг йўқотилиши мос равишда 30,28-37,90 т/га дан 3,46-5,07 т/га гача ва 26,98-40,24 т/га дан 1,95-3,72 т/га гача камайганлиги, кулис полосалари орасидаги масофалар 10,8 м бўлганда шамол эрозияси барҳам топганлиги аниқланган;
дефляцияга учраган оч тусли бўз тупроқларда ихота ўрмон полосалари фонида ғўзанинг Бухоро-6 навини ЧДНС га нисбатан 70-75-70% тартибда, Бухоро-102 навини 70-75-75% тартибда суғориш, тақирсимон тупроқларда кулис фонида соянинг Нафис навини 70-75-70% тартибда, Узбекская-6 навини 75-80-75% тартибда суғориш мақбул эканлиги аниқланган;
дефляция жараёнлари натижасида очиқ далада ғўза ва соя навларининг кўчат қалинликлари мос равишда 8,6-9,0 ва 11,9-11,3 минг туп/га камайганлиги, аксинча ихота ўрмон ва кулис полосалари фонида парвариш қилинган ғўза ва соя навларининг кўчат қалинликлари яхши сақланганлиги аниқланган;
ғўза навларини дефляциядан ихота ўрмон полосалари билан ҳимоя қилинганда очиқ далага нисбатан мақбул суғориш тартибларида 6,5-6,3 ц/га, кулис полосалари фонида соя навларини мақбул суғориш тартибларида суғорилганда 5,4-5,6 ц/га қўшимча пахта ва дон ҳосили олинган, кулис полосалари орасидаги масофа 10,8 м бўлганда қўшимча пахта ҳосили 4,2 ц/га га тенг бўлган;
дефляцияга учраган оч тусли бўз тупроқларда ихота полосалари фонида ғўзанинг Бухоро-6 навини суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНСга нисбатан 70-75-70% тартибда, тақирсимон тупроқларда кулис полосалари фонида соянинг Узбекская-6 навини 75-80-75% тартибда суғорилганда юқори иқтисодий самарадорликка эришилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қашқадарё вилоятининг дефляцияга учраган оч тусли бўз ва тақирсимон тупроқлари шароитида ихота ўрмон ва кулис полосалари фонида ғўза ва соя навларини суғориш тартибларини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари асосида:
Қарши чўлида дефляцияга қарши кураш тадбирлари фонида ғўза ва соя навларини суғориш тартиблари бўйича тавсиянома ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 6 майдаги 05/04-04-429-сонли маълумотномаси). Ушбу тавсиянома бугунги кунда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларида қўлланма сифатида хизмат қилмоқда.
Ихота ўрмон дарахтзорлари фонида ғўзанинг Бухоро-6 ва Бухоро-102 навларини суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 70-75-70% тартибларда суғориш Қашқадарё вилояти Косон туманидаги “Илк орзулар маҳсули” фермер хўжалигининг 40 га экин майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 6-майдаги 05/04-04-429-сонли маълумотномаси). Натижада тупроқ заррачаларининг йўқотилиши 35,8 т/га дан 3,7 т/га гача камайган. Ғўза навларидан 6,8 ва 6,2 ц/га қўшимча пахта ҳосили олинган ҳамда рентабеллик даражаси 49,0 ва 47,9% ни ташкил қилган.
Дефляцияга учраган оч тусли бўз тупроқларда кулис полосалари фонида ғўзанинг Бухоро-102 навини кулислараро масофалар 14,4 ва 18,0 м да парваришлаш Қашқадарё вилояти Косон туманидаги “Имконият даражасида” фермер хўжалигининг 35 га майдонида жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 6-майдаги 05/04-04-429-сонли маълумотномаси). Бунинг натижасида шамолнинг тезлиги 2,10-2,28 ва 1,94-2,09 мартага камайган, қўшимча пахта ҳосили 4,6 ва 3,9 ц/га ни ташкил қилган, гектаридан 10,19 ва 9,81 млн сўм соф фойда олиниб, 54,1 ва 52,4% рентабелликка эришилган.
Кулис полосалари фонида соянинг “Нафис” навини суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 70-75-70% тартибда, “Узбекская-6” навини 75-80-75% тартибда суғориш Қашадарё вилояти, Косон туманидаги “Ушалган орзулар” фермер хўжалигининг 35 га экин майдонида жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 6 майдаги 05/04-04-429-сонли маълумотномаси). Натижада очиқ далага нисбатан мутаносиб равишда 5,6 ва 6,1 ц/га қўшимча дон ҳосили олинган, рентабеллик даражаси 25,3 ва 29,2 % га юқори бўлиши таъминланган.