Эсанов Нуриддин Қурбоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):
“Қаттиқ ва қовушқоқ-эластик жисмлардан ташкил топган механик система динамикаси” (“Динамика механической системы, состоящей из твёрдых и вязкоупругих тел”) 01.02.01 – “Назарий механика” ва 01.02.04 
“Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси” (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.4.DSc/FM101.
Илмий маслаҳатчилар: Тешаев Муҳсин Худойбердиевич – физика-математика фанлари доктори, профессор;
Усмонов Ботир Шукуриллаевич – техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат техника университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, илмий кенгаш рақами:
Бухоро давлат техника университети ҳузуридаги илмий даража берувчи DSc.03/2025.27.12.FM/Т.16.02 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мавлонов Тўлқин Мавлонович – техника фанлари доктори, профессор; Ходжабеков Мураджон Усарович – физика-математика фанлари доктори;
Йўлдошев Шарофиддин Сайфиддинович – техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи:  Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети (Қозоғистон Республикаси, Туркистон шаҳри).
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Структуравий бир жинсли бўлмаган, қаттиқ ва деформацияланувчан (массали ва массасиз элементларга эга) жисмлардан иборат диссипатив механик системанинг резонанс соҳасидаги тебранишларини актив ва пассив бошқариш масалаларини ечиш методикаси ва алгоритмини ишлаб чиқиш ҳамда сонли натижаларни олиш ва таҳлил қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги
 абсолют қаттиқ ва деформацияланувчан қаттиқ жисмлардан, хусусан, абсолют қаттиқ жисм ва эгри чизиқли стержендан ташкил топган структуравий бир жинсли бўлмаган қовушқоқ-эластик механик системанинг эркин ва мажбурий тебранишларини пассив ва актив бошқариш масалаларининг математик қўйилиши, ечиш методикаси ва алгоритми ишлаб чиқилган;
абсолют қаттиқ ва деформацияланувчан қаттиқ жисмлардан ташкил топган структуравий бир жинсли бўлмаган қовушқоқ-эластик механик системаларда энергия диссипацияси интенсивлигини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган;
абсолют қаттиқ ва деформацияланувчан қаттиқ жисмлардан, хусусан, абсолют қаттиқ жисм ва эгри чизиқли стерженлардан иборат қовушқоқ-эластик механик системаларда энергия диссипацияси интенсивлиги ҳамда мажбурий резонанс тебранишлар амплитудасининг эгрилик радиусига боғлиқ ўзгариши аниқланган;
абсолют қаттиқ ва деформацияланувчан элементлардан иборат қовушқоқ-эластик механик системанинг эркин ва мажбурий тебранишларида комплекс хос частоталарнинг ҳақиқий ва мавҳум қисмлари ҳамда тебраниш формаларининг геометрик ва физик-механик параметрларга боғлиқ ўзгариши аниқланган;
абсолют қаттиқ ва деформацияланувчан элементлардан иборат структуравий бир жинсли бўлмаган қовушқоқ-эластик механик система тебранишларини сўндиришда чизиқли ва чизиқсиз динамик сўндиргичларнинг самарадорлиги аниқланган;
структуравий бир жинсли бўлмаган абсолют қаттиқ жисмлар ва эгри стерженлар мажмуасидан иборат қовушқоқ-эластик механик система учун глобал сўниш коеффициенти сўниш декременти орқали аниқланган;
абсолют қаттиқ ва деформацияланувчан элементлардан иборат қовушқоқ-эластик механик система тебранишларининг турғунлигини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган;
йиғма массали сервобоғланишлар назарияси асосида мураккаб чизиқли ва чизиқсиз механик системаларнинг резонанс режимларини бошқариш назарияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қаттиқ ва қовушқоқ-эластик жисмлардан ташкил топган механик система динамикаси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
эгри қовушқоқ-эластик қобиқларда вужудга келадиган резонанс ҳодисаларини баҳолаш усулларидан 2016–2020-йилларда Тошкент кимё-технология институтида бажарилган ОТ–Ф4-01 рақамли “Қовушқоқ суюқлик оқувчи кўп қатламли композит қувурлар эгри чизиқли бўлакларининг ҳарорат ва динамик юкланишлар таъсирида чизиқли бўлмаган динамик кучланиш-деформация ҳолатини ўрганиш усулларини ишлаб чиқиш ва назариясини ривожлантириш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Тошкент кимё-технология институтининг 2025-йил 16-июндаги 1/04–2132-сонли маълумотномаси). Натижада, вибрацион тебранишлар сабабли вужудга келадиган резонанс соҳаларини ҳамда чизиқли бўлмаган кичик кўчишларда қувур ва ундан оқиб ўтувчи суюқликнинг динамик хусусиятларини аниқлаш имконини берган;
материалнинг ночизиқли эволюцион хусусиятларини ифодаловчи интегро-дифференциал тенгламаларни ечиш усулларидан 2017–2020-йилларда Урганч давлат университетида бажарилган ОТ–Ф4-04(05) рақамли “Материал ночизиқли эволюцион тенгламаларни ечишнинг спектрал усулини қўллаш. Юрак қон томир системаси биомеханикаси” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетининг 2025-йил 10-сентябрдаги 02–159/1-сонли маълумотномаси). Натижада, артериал қон томирлари бўйлаб суюқлик оқиши жараёнида томир деворларида ҳосил бўладиган зўриқишларни ҳисоблаш имконини берган;
қаттиқ қувурнинг тебраниш коеффициенти қийматларини назарий ҳисоблаш усулларидан “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Марказий илмий-тадқиқот лабораториясида олинган эксперимент натижаларини баҳолашда фойдаланилган (“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг 2025-йил 29-августдаги 02-07/02/9228-сонли маълумотномаси). Натижада, Ассистент–ВГР русумли шовқин ва тебраниш қийматларини ўлчовчи лабораториясида олинган тебраниш коеффициенти қийматлари ва назарий натижаларнинг фарқи 12 фоизгача эканлиги аниқланган;
қаттиқ ва деформацияланувчан массалардан иборат механик системанинг чизиқли бўлмаган тебранишлари турғунлигини аниқлаш усулларидан “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида фойдаланилган (“Ўзкимёсаноат” АЖнинг 2025-йил 18-июлдаги 03–2079-сонли маълумотномаси). Натижада, “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналаридаги аппаратлар титрашини ҳамда кучланганлик – деформацияланганлик ҳолатини камайтириш имконини берган;
портлаш ва сейсмик таъсирлар остида механик системаларнинг динамик ҳолатини баҳолаш бўйича олинган натижалардан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бажарилган “Мурунтов кони ён багʻирларида портлатиш ва сейсмик та'сирни камайтириш боʻйича Бургʻулаш-портлатиш ишлари (БПИ) параметрларини тадқиқ қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг 2026-йил 22-июндаги 1-04/2997-сонли маълумотномаси). Натижада, Мурунтов кони ён багʻирларида таъсир этувчи портлаш натижасидаги тебранишларни камайтириш ҳамда динамик барқарорликни ошириш имконини берган;
сейсмик ва зарбали юкланишлар таъсирида эгри деформацияланувчан жисмлар тебранишларининг амплитудаси ва частотасини аниқлаш ҳамда сўндириш бўйича олинган натижалардан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бажарилган ИЛ-9224104363 – “Ер остида маъданни эритмага ўтказиб қазиб олишда физик жараёнлар таъсири орқали уран қатламининг ўтказувчанлигини ошириш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг 2026-йил 24-июлдаги 1-04/3555-сонли маълумотномаси). Натижада, сейсмик ва зарбали юкланишлар таъсирида эгри деформацияланувчан жисмлар тебранишларининг амплитудаси ва частотасини сўндириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish