Рахматходжаева Элнорахон Паридуновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўзанинг G.Stoksii M тури иштирокида олинган мураккаб дурагайлар асосида селекция учун бошланғич ашё яратиш”, 06.01.05 – Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Qx1191.
Илмий раҳбар: Ўрозов Баҳриддин Омонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пaxтa cелекцияcи, уруғчилиги вa етиштириш aгрoтеxнoлoгиялaри илмий-тaдқиқoт инcтитути.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Qх.01.02.
Расмий оппонентлар: Набиев Сайдиғани Мухторович, биология фанлари доктори, профессор; Мирахмедов Мирвахоб Содиқович, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғўзанинг G.hirsutum L. турига мансуб маҳаллий навлари ҳамда Африканинг G.stocksii Mast намунаси иштирокидаги эколо-географик узоқ дурагай авлодларни ўрганиш асосида тезпишар, маҳсулдор, тола чиқими ва сифати юқори ҳамда вилт касаллигига бардошли бўлган янги бошланғич ашёлар яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор G. stocksii Mast. намунасини G. hirsutum L. турига мансуб маҳаллий Барҳаёт, С-8284, С-2610, С-2612 ва С-2609 навлари билан эколого-географик узоқ ва мураккаб дурагайлаш асосида F2-F6 дурагай авлодларида тезпишарлик, маҳсулдорлик, кўсак йириклиги, тола чиқими ва технологик сифати ҳамда вилт касаллигига бардошлилик белгиларининг қимматли комбинациялари шаклланганлиги аниқланган;
G.stocksii Mast. диплоид ёввойи турининг қимматли белгиларини интродукция қилиниши натижасида мураккаб дурагайларнинг юқори авлодларидан ота-она шаклларига нисбатан тезпишарлиги 3,1-7,5 кунга, бир ўсимлик маҳсулдорлиги 16,8-37,4 г га, тола чиқими 1,0-5,0 фоизга, ип йигирувчанлик коэффициенти 1,0-10,0 га, тола узунлиги 0,02-0,07 дюймга ва ҳосилдорлиги 3,5-6,3 ц/га га юқори бўлган трансгрессив генотиплар ажратиб олиниши исботланган;
вилт билан табиий зарарланган шароитда касалликка бардошлиликнинг тезпишарлик, кўсак йириклиги, бир ўсимлик маҳсулдорлиги ва тола чиқими каби қимматли хўжалик белгилари билан корреляцион боғлиқлиги аниқланиб, ушбу белгилар мажмуаси юқори авлод дурагайларидан вилтга бардошли ва маҳсулдор генотипларни мақсадли танлашнинг селекцион мезони сифатида асосланган;
G. stocksii Mast. иштирокидаги мураккаб дурагайлаш ва кўп босқичли селекцион танловлар натижасида тезпишарлиги 100-116 кун, бир кўсакдаги пахта вазни 5,5-6,5 г, тола чиқими 39,0-41,5%, тола узунлиги 1,20-1,25 дюйм, микронейри 4,3-4,9, ҳосилдорлиги 41,0-44,0 ц/га бўлган, вилт касаллигига бардошли Т-59, Т-84 ва Т-502 янги тизмалари ажратилиб, уларнинг ишлаб чиқариш шароитида юқори қимматли хўжалик белгилари ва назорат навларига нисбатан гектаридан 2,5-5,5 ц қўшимча ҳосил олиш имконияти аниқланган ҳамда ғўза селекцияси учун қимматли бошланғич ашё сифатида асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ғўзанинг вегетация даври, маҳсулдорлиг, тола чиқими ва сифатини яхшилашда Африканинг G.stocksii M. намунаси иштирокидаги эколо-географик узоқ дурагай авлодлар бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
ғўзанинг G.hirsutum L. ва (G.stocksii M×Бухоро-102) мураккаб дурагайи асосида яратилган серҳосил, йирик кўсакли, вилт касаллигига бардошли ва толасининг технологик кўрсаткичлари юқори янги Т-84 [С-8284х(G.stocksii M×Бухоро-102)] тизмаси Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтининг Сирдарё илмий-тажриба станциясида 0,3 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-151-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу янги тизма тезпишарлиги 112-116 кунни, бир дона кўсакдаги пахта вазни 5,5-6,5 гр ни, тола чиқими 39,0-41,0%ни, тола сифати IV саноат типни, ҳосилдорлик 42,0-44,0 ц/га ни ташкил этган ҳолда назорат C-6524 навига нисбатан гектаридан қўшимча 2,5-3,5 ц ҳосил олиш имконини берган;
тадқиқотлар натижасида яратилган вилт касаллигига бардошли, серҳосил, йирик кўсакли, ва толасининг технологик кўрсаткичлари юқори бўлган янги Т-84 (С-8284х G.stocksii M×Бухоро-102) ва Т-59 [С-2612х(G.stocksii M×Бухоро-102)] тизмалари 2025 йилда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтининг Тошкент вилояти Оққўрғон тажриба станциясида 0,4 га майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-151-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу тизмаларнинг тезпишарлиги 100-105 кунни, бир дона кўсакдаги пахта вазни 5,7-6,1 г ни, тола чиқими 40,5-41,5% ни, микронейр кўрсаткичи 4,6-4,9 ни, тола узунлиги 1,21-1,25 дюймни, умумий ҳосилдорлик 41,0-42,5 ц/га ни ташкил этиб, андозага нисбатан 4,0-5,5 ц/га юқори ҳосил олиш имконини берган;
ғўзанинг серҳосил, йирик кўсакли, вилт касаллигига бардошли ва толасининг технологик кўрсаткичлари юқори бўлган янги Т-84 [С-8284х (G.stocksii M×Бухоро-102)] ва Т-59 (С-2612х G.stocksii M×Бухоро-102) тизмалари 2025 йилда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтининг Жиззах илмий-тажриба станциясида 0,3 га майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 19 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-151-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу тизмалар тезпишарлиги 105-110 кунни, бир донв кўсакдаги пахта вазни 5,9-6,1 г ни, тола чиқими 39,5-41,5%ни, микронейр кўрсаткичи 4,3-4,6 ни, тола узунлиги 1,20-1,23 дюймни, умумий ҳосилдорлик 42,5-43,5 ц/га ни ташкил этиб, назоратга нисбатан 4,1-5,0 ц/га юқори ҳосил олишга эришилган.