Тошмуқумов Беҳзод Жуманазар ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Статик ва динамик кучлар таъсирида қияликлар яқинидаги замин грунтларининг мустаҳкамлиги ва турғунлигини тажрибалар ёʻли билан аниқлаш (Экспериментальное определение прочности и устойчивости грунтов основания вблизи откосов под воздействием статических и динамических нагрузок)”.
05.09.02 – Геотехника (Асослар, пойдевор ва ер ости иншоотлари. Грунтлар ва тоғ жинслари механикаси)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.PhD/Т6633
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Хасанов Аскар Забиевич, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, техника фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/2025.27.12.FM/Т.09.03
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Ишанходжаев Абдурахман Асимович, техника фанлари доктори, профессор;
Салямова Клара Джаббаровна, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Наманган давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади статик ва динамик юкланишлар таъсирида қияликлар яқинидаги грунтларнинг мустаҳкамлиги ва турғунлигини аниқлашнинг экспериментал ва аналитик усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
қияликларга таъсир этувчи қўшимча юкланишлар остида уларнинг чегаравий ҳолати дала тажрибалари асосида ўрганилиб, қиялик массивининг ташқи юк таъсиридаги турғунлигини аниқловчи аналитик ифода ишлаб чиқилган;
гравитация ва қўшимча юкланишлар таъсирида эгилувчан деворларга узатиладиган грунт фаол босимининг баландлик бўйича тақсимланиши экспериментал тадқиқотлар асосида ўрганилиб, унинг экспоненсиал қонуниятга мувофиқ ўзгариши аниқланган;
Кулон–Мор мустаҳкамлик назариясига асосланган Ранкин модели бўйича аниқланган грунтнинг эгилувчан деворга фаол босими қийматлари экспериментал натижалар билан таққосланиб, ҳисобий қийматларнинг амалий натижаларга нисбатан пастлиги аниқланган ҳамда ушбу тафовутнинг сабаблари назарий жиҳатдан асосланган;
уч ўқли кучланганлик ҳолатидаги грунт намуналарининг статик ва динамик юкланишлар таъсиридаги силжишга қаршилик хусусиятлари экспериментал тадқиқотлар асосида аниқланиб, динамик юкланиш коеффициентининг ортиши билан грунтнинг ички ишқаланиш бурчаги камайиш қонунияти асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Статик ва динамик кучлар таъсирида қияликлар яқинидаги замин грунтларининг мустаҳкамлиги ва турғунлигини тажрибалар ёʻли билан аниқлаш бўйича олинган натижалар асосида:
қияликлар яқинидаги грунтнинг фаол босими, пластина эгилиши ва реакция кучлари аниқланмоқда. Методика лаборатория ва майдон шароитига мослаштирилиб, ўлчовларнинг аниқлиги ва такрорланувчанлиги оширилди. Шу асосда экспоненсиал босим моделига таянган янги ҳисоб алгоритми ишлаб чиқилди ҳамда "Геофундаменпроект" МЧЖ қошидаги илмий лабораториясида яратилган ясси лоток ва методика амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 23-апрелдаги №34-06/5301-сонли маълумотномаси). Таклиф этилган экспоненсиал босим модели асосида конструксиянинг техник-иқтисодий самарадорлиги баҳоланиб, муқобил вариантлар, жумладан, пойдеворли бурчак шаклидаги деворлар билан қиёсланганда 15% иқтисодий самарадорликка эришилган.
экспоненсиал модел классик Кулон-Мор усулига нисбатан реал деформацияларни яхшироқ акс эттириб, турғунлик, анкер кучлари ва хавфсиз масофани ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоққурилишлойиҳа” бош лойиҳа институти лойиҳаларида амалий қўлланилмоқда (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 23-апрелдаги №34-06/5301-сонли маълумотномаси). Ушбу тадқиқот орқали қурилиш ишларининг бажарилиш муддатини тахминан 15% га қисқартириш имконини берган.