Элибоев Нурали Ражабалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қовушоқ-эластик цилиндрик қобиқнинг ҳаракатланувчи юк таъсиридаги кучланганлик–деформацияланганлик ҳолати” («Напряженно-деформированное состояние вязкоупругой цилиндрической оболочки под воздействием движущейся нагрузки»), 01.02.04 – Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси (физика-математика фанлари). Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/FM1307
Илмий раҳбар: Сафаров Исмоил Иброҳимович физика математика фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат техника университети ҳузуридаги илмий даража берувчи DSc.03/2025.27.12.FM/Т.16.02 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мардонов Ботир Мардонович Физика-математика фанлари доктори, профессор; Исмайилов Кубаймурат “Қурилиш механикаси ва материаллар қаршилиги” кафедраси профессори, техника фанлари доктори, профессор;
Етакчи ташкилот номи: Наманган давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қовушоқ-эластик цилиндрик қобиқ ва қобиқ–тўлдирувчи тизимининг ҳаракатланувчи юк таъсиридаги кучланганлик–деформацияланганлик ҳолатини аниқлашнинг математик моделини, ечиш методикаси ва ҳисоблаш алгоритмини ишлаб чиқиш ҳамда юкнинг ҳаракат тезлиги, материалларнинг вақтга боғлиқ қовушоқ-эластик хусусиятлари ва конструксиянинг геометрик ҳамда физик-механик параметрларининг тебраниш ва кучланганлик–деформацияланганлик ҳолатига таъсирини сонли таҳлил қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги. Қуйидагилардан иборат:
қовушоқ-эластик материалларнинг вақтга боғлиқ деформацияланиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда цилиндрик қобиқ ва қобиқ–тўлдирувчи тизимларининг ҳаракатланувчи юк таъсиридаги тебраниш ва кучланганлик–деформацияланганлик ҳолатини аниқлашнинг математик модели, ечиш методикаси ва ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган;
қовушоқ-эластик цилиндрик қобиқ ва қобиқ–тўлдирувчи тизимларида дисперсия боғланишлари аниқланиб, комплекс хос частоталарнинг ҳақиқий ва мавҳум қисмлари, фаза ва гуруҳ тезликлари ҳамда тўлқинларнинг сўниш даражасининг материалнинг вақтга боғлиқ қовушоқ-эластик хусусиятларини белгиловчи параметрлар, конструксиянинг геометрик ва физик-механик параметрларига боғлиқлиги аниқланган;
ҳаракатланувчи юк тезлигининг қобиқнинг тебраниш ва кучланганлик–деформацияланганлик ҳолатига таъсири аниқланиб, юк тезлигининг турли қийматларида кўчиш ва кучланиш майдонларининг ўзгариш қонуниятлари, шунингдек, резонанс ҳолатлари ва уларга мос критик тезликлар баҳоланган;
эластик ва қовушоқ-эластик тўлдирувчили, кўп қатламли ҳамда қовурғали цилиндрик қобиқларнинг ўққа нисбатан носимметрик ҳаракатланувчи юк таъсиридаги стационар деформацияси аниқланиб, қобиқ ва тўлдирувчининг геометрик ҳамда физик-механик параметрлари, қовурғалар сони ва бикрлигининг қобиқнинг нормал кўчиши, кучланиш майдонлари ҳамда контакт босимининг ўзгаришига таъсири баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ҳаракатланувчи юк таъсиридаги қовушоқ-эластик цилиндрик қобиқ ва қобиқ–тўлдирувчи тизимларининг стационар тебранишлари ҳамда кучланганлик–деформацияланганлик ҳолатини аниқлаш бўйича олинган натижалар асосида:
қовушоқ-эластик материалларнинг хоссаларини ҳисобга олувчи Ржаницин–Колтунов релаксация ядроси асосида тузилган интегро-дифференциал тенгламаларни ечиш методикаси ва ҳисоблаш алгоритмларидан 2022–2024-йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида бажарилган ИЛ-21071166-сон “Шамолнинг паст тезлиги учун мўлжалланган вертикал ўқли шамол турбинасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳада шамол турбинаси элементларининг вақтга боғлиқ деформациялари ва тебраниш жараёнларини ҳамда динамик юкланишлар таъсирини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтининг 2026-йил 28-майдаги 673-3-сон маълумотномаси). Натижада, шамол турбинаси элементларининг динамик ҳолатини баҳолаш, конструктив ва эксплуатацион параметрларини асослаш ҳамда барқарор ишлаш режимларини аниқлаш имконияти яратилган;
қовушоқ-эластик механик тизимларнинг динамик ҳолатини тавсифловчи интегро-дифференциал тенгламаларни ечиш методикаси, Ржаницин–Колтунов релаксация ядросига асосланган ҳисоблаш алгоритмлари ҳамда цилиндрик қобиқларнинг ҳаракатланувчи юк таъсиридаги кучланганлик–деформацияланганлик ҳолатини аниқлаш усулларидан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бажарилган ИЛ-9224104363-сон “Ер остида маъданни эритмага ўтказиб қазиб олишда физик жараёнлар таъсири орқали уран қатламининг ўтказувчанлигини ошириш” мавзусидаги инновацион лойиҳада қувурсимон конструксияларнинг динамик ҳолатини таҳлил қилишда фойдаланилган (Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг 2026-йил 9-июлдаги 1-04/3368-сон маълумотномаси). Натижада, технологик қувурларнинг динамик мустаҳкамлиги ва ишончлилигини баҳолаш ҳамда ташқи физик таъсирлар натижасида юзага келадиган динамик жараёнларни олдиндан баҳолаш имконияти яратилган.